Аллоҳ таоло томонидан омонат берилган жонни арзимаган сабаблар билан зое қилмоқ улкан гуноҳ ҳисобланади. Жонга қасд қилмоқнинг сабаблари кўп: кимдир ақидапарастларнинг таъсирида мияси заҳарланиб, гўёки шаҳидлик мақомига эришмоқ истагида ўзини портлатса, кимдир ичкилик ёки гиёҳвандлик балосига йўлиқиб, ёш умрини хазон қилади... Оз бўлса-да учраб турадиган яна бир ҳолатки, бу – ҳаёт синовларига иродасизлик натижасида ўз жонига қасд қилмоқликдир...

Аллоҳ таоло синовлардан муваффақиятли ўтган кишига икки дунё саодатини ваъда қилди. Демак, ҳаётимиз имтиҳон-синовлар, меҳнат-машаққатлардан холи эмас. Кимдир камбағалликдан азият чекади, кимдир фарзандсизликдан, яна кимдир ёлғизликдан, касалликдан... ва ҳоказо. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй, инсон! Албатта, сен меҳнат-машаққат чекиб Раб­бингга (яъни Унинг мукофоти ёки жазоси сари) борувчисан, бас, (сўнгра) У зотга йўлиқувчисан” (Иншиқоқ, 6). Яна бир ояти каримада эса: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз” (Бақара, 155), дейилган. Шундай экан, инсон доимо бошига тушадиган синовларга тайёр бўлмоғи, уларни сабр ва шукр ила енгмоғи лозим. Зеро, Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга бўлур ҳамда уларга улкан ажру савоблар берур.

Ўз жонига қасд қилиш бош­қа бир жонни ўлдиришдан-да оғир гуноҳ экани қуйидаги ҳадисдан англашилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ўзини-ўзи тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан сўнг дўзахда ҳам абадул-абад шу хилдаги азобга гирифтор бўлур. Агар заҳар ичиб ўзини ўлдирса, дўзахда ҳам абадул-абад шу азобга гирифтор бўлур. Кимки ўзини-ўзи темир парчаси билан ўлдирса, ул шахс темир парчаси қорнига суқилган ҳолда дўзах ўтида абадул-абад қолур” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Демак, ким ўз жонига қай тарзда қасд қилган бўлса, қиёматда ҳам худди шундай азобга гирифтор этилар экан. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай дейилган: “Аллоҳ таоло айтадики, бандам ўзини-ўзи ўлдириб, (Менинг унга берган умримга шукр қилмай) шошилди, шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим” (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, Парвардигоримиз томонидан ато қилинган умрни ғанимат билиб, ҳар бир етган азият-мусибатга яраша гуноҳларимиз кечирилиши, сабр-бардошимиз эвазига ажру савоблар ато этилишини унутмайлик.

 

Маҳлиё СУЛАЙМОНОВА,

Тошкент ислом институти талабаси.