Ислом тарихида илк пайдо бўлган оқим “хавориж”лардир. Уларнинг келиб чиқиши  ҳазрат Али ибн Абу Толиб (р.а.)нинг давридаги воқеалар билан чамбарчас боғлиқ. Бу оқим Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол санади. Кўпдан-кўп бегуноҳ инсонлар ҳатто буюк саҳобаларни ҳам қатл қилди. Қурбон бўлганлар орасида Абдуллоҳ ибн Хаббоб ва у кишининг ҳомиладор аёли ҳам бор эди.

Абдуллоҳ ибн Хаббоб ибн Арат (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳаётликларида дунёга келди. Закариё ибн Аъло айтади: “Ислом келгач, биринчи туғилган гўдаклар Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдуллоҳ ибн Хаббоб ибн Аратдир”. Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз (а.с.) чақалоққа “Абдуллоҳ” исмини, отасига эса “Абу Абдуллоҳ” кунясини берганлар. Ибн Ваззоҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай ривоят қилади: “Абдуллоҳ Қуръони каримни жуда яхши ўқирди. Бир куни Хаббоб (р.а.) ўғлини Қуръон борасида тортишаётган кишилар билан кўрди ва уйга қайтиб бир новда тайёрлаб қўйди. Кейин уйга кирган ўғлини ўша новда билан қаттиқ савалади. Отаси бунинг сабабини сўраганида, жавоб бермасдан, уришда давом этаверди. Шунда боланинг ўзи бу жазонинг сабаби нима эканини сўраганида, Хаббоб ибн Арат (р.а.): “Сени Қуръон борасида тортишаётган кишилар билан кўрдим”, деди. Абдуллоҳ отасига энди ҳаргиз ундай кишиларнинг даврасига кирмасликка ваъда берди. Шундан сўнг, Абдуллоҳ ибн Хаббобни даврага таклиф қилишганда: “Агар отам Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)дан қабул қилган сўзларни мендан қабул қилсангиз, шунда даврангизга қўшиламан”, дер эди.

*  *  *

Хаворижлар Абдуллоҳ ибн Ҳаббоб билан рўбарў бўлишганда унинг кимлиги ҳақида сўрашди. У киши (р.а.): “Мен Хаббобнинг ўғли Абдуллоҳман”, деб жавоб берди. “Унда отанг Расулуллоҳдан эшитган ҳадислардан бизга айтиб бер”, дедилар. У отамдан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг:“Тез кунда фитна содир бўлади. (Фитнада қатнашмай жойида) ўтирган одам турган кишидан яхши, турган эса юрган кишидан яхши, юрган эса унга қатнашган одамдан яхши бўлади. Агар сен ўша кунга етсанг, Аллоҳнинг мақтул бандаси бўл” дедилар. Хаворижлар: “Мана шу ҳадисни сен отангдан, у эса Пайғамбаримиз (а.с.)дан эшитганми?” деб сўрадилар. Абдуллоҳ (р.а.): “Ҳа”, деб жавоб берди. Хаворижлар ғазабланиб у киши ва аёлини ҳайдаб кета бошлашди.

Йўлда хаворижлардан бири ерда ётган бир дона хурмони олиб, оғзига солиб чайнай бошлаши билан бошқаси унга: “Эгасидан сўрамай туриб ёки нархини билмай туриб, ейсанми?” деб бақириб қолди. Шериги оғзига солган хурмони чиқариб, қилган ишига қаттиқ пушаймон бўлди. Айнан мана шу вақтда улардан бири ҳимоясиз Абдуллоҳ ибн Аратга ташланиб, уни ҳалок қилди. Ҳомиладор аёлнинг нолаларига эътибор қилмасдан, уни ҳам ўлдирдилар. Сўнг қишлоқни кезиб, у ердагиларнинг ҳам ҳаётига зомин бўлишди (“Ал-фарқу байнал фироқ ва баёну фирқотин ножия” китобидан).

Бир дона хурмони рухсатсиз ейишни гуноҳ деб билган, аммо рост гапни айтгани учун Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаси ва унинг ҳомиладор аёлини ўлдирган ҳамда қишлоқдаги тинч аҳолини ёппасига қатл этган хаворижлар эди. Ҳа, улар таълим-тарбия кўрмаган, ҳеч қандай билимга эга бўлмаган тоифа эди. Шундай катта нуқсонларига қарамасдан, ўзларини ўта диндор, деб даъво қилганлар.

Бугунги кунда дунё халқларини хавотирга солаётган ИШИД тўдабошиларини мазкур адашган фирқа издоши сифатида мисол қилса бўлади. Улар ўзларининг пуч ғояларига танқидий муносабатда бўлганлар ва эргашмаганларни “кофир”га чиқариш билан хаворижларнинг ботил ақидасига суянмоқдалар. Шунингдек, улар мусулмон диёрларида ўрнатилган тартибни куфрга чиқариш орқали хаворижларнинг ақидасини қайта тикламоқчи бўляпти. Бугун минглаб кишилар ва йирик уламоларни ҳам ИШИД жангарилари “кофир”га чиқариб, қатл этмоқда. Тинч фаровон ўлкаларни, ҳатто масжидларни ҳам вайрон қилмоқда. Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” китобида ушбу тўда жиноятлари ҳар томонлама очиб берилган.

Хулоса қилиб айтсак, хозирги кунда ИШИД деб аталаётган бу гуруҳ ислом тарихида биринчи пайдо бўлган хавориж фирқасининг айни кўринишидир. Уларнинг қилаётган манфур ишлари, қотилликлари, ўзларича “тўғри” деб эътиқод қилаётган бузғунчи ғоялари худди хаворижларнинг ўша замонда олиб борган ишлари билан тенг. ИШИДнинг инсонлар нафратига сабаб бўлаётган ишлари, ҳеч қайси илоҳий динга тўғри келмайди. Ҳеч бир динда тинч аҳолига қарата қурол кўтаришга буюрилмаган. Ўзига эргашмаганларнинг, аёллар ва гўдакларнинг қони тўкилмаган. Ҳеч бир дин бундай нопок, манфур ишларга тарғиб этмайди. Аллоҳ таоло юборган барча динларда одамлар доим тинчликка, эзгуликка чақирилади.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади, ИШИД тўдаси қайси дин кўрсатмалари асосида иш олиб боряпти? Жавоб шуки, улар Ислом динини сиёсат даражасига кўтариш орқали ўзларига сохта обрў орттириб, ҳокимиятга эга бўлиш ва дунёда ягона ислом халифалигини ўрнатишни мақсад қилганлар.

Бугунги кунда дунё халқларининг олдида турган энг катта вазифа ИШИДчиларнинг жиноятларини қоралаш, ишлари динимиз таълимотига бутунлай зид эканини англаш, уларга эргашмаслик, балки қарши фикр билдиришдир. Ана шундагина, ИШИД ўзининг манфур ниятларига ета олмайди.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкентдаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби