Тинчлик, хотиржамлик тенгсиз неъматдир. Бугун дунёнинг қайсидир чеккасида, қандайдир бузғунчилар айнан бизнинг юртимиздаги бу улуғ неъматни кўролмай, зўр бериб уруш оловини ёқишга уринаётгани ҳақида бир ўйлаб кўрганмисиз?

Қаерда бефарқлик, лоқайдлик авж олса, бузғунчиларнинг бозори чаққон бўлади. Турли мамлакатлар мисолида буни кўриб турибмиз.

Миссионерлар шулар жумласидандир. Миссионерликнинг асл мақсадини ҳамма ҳам дарҳол илғаб олавермайди. Унинг хавф-хатари ҳам шунда. Уларнинг муддаоси маҳаллий миллат вакили ҳисобига сафларини кенгайтириш, кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлигини бузиш, миллатлараро бағрикенглик, диний тотувликка раҳна солиш. Айримлар, миссионер одамларни насронийликка чақиради, деб хато ўйлайди. Аслида бу гуруҳ одамни фақат диндан, имондан, алал-оқибат, одамгарчиликдан ҳам чиқаради, манқуртлик ғоясига хизмат қилишга ундайди. Насронийларнинг ўзлари ҳам эътироф этмайдиган шубҳали секталар, оқимлар мустақиллик йўлини тутган мамлакатларга сездирмай кириб олиб, ўзларининг ғаразли ниятларини рўёбга чиқара бошлашади. Улар зимдан фаолият олиб боради, макр-ҳийлалардан усталик билан фойдаланади. Таъсирчан ваъзларида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлардан, алломаларнинг сўзларидан иқтибос келтиради. Шу йўл билан тингловчиларни ўз таъсирига олади.

Мисол учун, истиқлолнинг дастлабки йилларида Қорақалпоғистоннинг айрим ҳудудларида ҳам чет элдан келган гуруҳлар ўқув марказлари очишган эди. Улар ҳар хил йўллар билан фарзандларимизга тил ўргатиш баҳонасида уларнинг эътиқодига таъсир кўрсатаётгани ўз вақтида пайқаб қолинди ва фаолиятига чек қўйилди.

Улар айрим муҳтож бўлиб турган одамларга, кам таъминланган оилаларга, ногиронларга моддий ёрдам бериб, алдаб, тўғри йўлдан оздиришга эришган. Яхшики, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига биноан бундай қонунсиз хатти-ҳаракатлар қилган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

Шу ўринда масаланинг яна бир нозик томонига эътиборни қаратмоқчиман. Миссионерлар нега айнан бева-бечора, етим-есир ва ночор оилаларни нишонга олади. Сабаби, давлатимиз, жамоат ташкилотлари, масжидларимиз хайр-саховат ишларини яхши йўлга қўйганига қарамай, баъзан назаримиздан четда қолаётган кишилар ҳам учраб туради. Миссионерлар ана ўшалардан унумли фойдаланади. Гўёки муҳтожларнинг дардига малҳам бўлади-да, ўз ғояларини онгларига сингдиради. Натижада бир мусулмон имондан айрилади.

Бир оила бошига мусибат тушди: оиланинг миссионерлар найрангига учиб, йўлдан озган, маҳалла-кўй, элу юрт нафратига учраган бир аъзоси ўлган эди. Кўмиш маросимида одамлар унинг мусулмонлар қабристонига қўйилишига рози бўлмади. Натижада қариндош-уруғ, маҳалла-кўй ўртасида турли тортишувлар юз берди.

Буни қарангки, миссионерларга қўшилиб қолган одамнинг ўлиги ҳам одамлар орасини бузишга, фитналар чиқаришга хизмат қиларкан. Чунки ҳар доим мусибатли хонадонга ёрдамга шошадиган халқимиз диндан қайтган одамга буни раво кўрмаётир. Миссионерлар ана шундай вазиятларни келтириб чиқариб, тотувлигимизга раҳна солмоқда. «...Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара, 205).

Бу ҳолатда, аввало, жамоат, қўни-қўшни айниқса, имом-домлалар доимо ҳушёр бўлмоғимиз керак. Ён-атрофимизда қийналиб қолган одамларга имкон борича ёрдам бермоғимиз зарур. Токи кимдир ташқаридан келиб, уларнинг бошини силаб, динидан айирмасин.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда “Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади...”, деб белгилаб қўйилган.

Шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси қозиётида ҳам бир қанча тадбирлар амалга оширилмоқда. Жойларда диний-маърифий ишларни жадаллаштириш, айниқса, миссионерлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, турли маросим ва тадбирларда, учрашув ва суҳбатларда тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Маҳалла ва таълим ўчоқларида ўқувчиларнинг миссионерлик таъсирига тушиб қолмаслиги мақсадида “Миссионерлар қабоҳати”, “Диний бағрикенглик”, каби мавзуларида учрашувлар уюштирилади. Имом-хатиблар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда адашишга мойил шахсларни аниқлаб, якка тартибда суҳбатлар ўтказмоқда. Шунингдек, жума мавъизаларида адашган оқимлар ва миссионерларнинг зарарлари ҳақида намозхонларга тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Худо хоҳласа, ушбу чора-тадбирлар самара бериб, халқимиз собитқадамлик ила буюк аждодларимиз тутган ҳидоят йўлидан оғишмайди.

 

Шамсиддин БАҲОУДДИНОВ,

Қорақалпоғистон мусулмонлари

қозиёти қозиси