Динда ғулувга кетиш замирида иккита иллат ётади: тама ва билимсизлик. Тама ва билимсизлик бирлашган жойда дин ниқоб қилинадики, фитнанинг энг хавфли томони ҳам шунда. Шунинг учун ҳам дин пешволари мудом турли фитналардан сақланиш, Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралардан чиқмаслик ҳақида огоҳлантирадилар.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “(Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар” (Шуаро, 151-152).

Бугунги кунда ширк ва маъсиятга ботган кимсалар қилаётган ваҳшиёна ишларга бутун дунё гувоҳ. Тор манфаат ва илмсизликнинг аччиқ ҳосиласи бўлмиш ИШИДга ўхшаш террорчи ташкилотлар гўёки дунёни “ислоҳ қилиш” илинжида озмунча инсонларнинг қонини тўкмоқдами?! Улар содир этаётган қотиллик, зўравонлик ва худкушликдан дунё ларзага келмоқда. Бироқ ҳар қанча чиранишмасин, ояти каримада таъкидланганидек: (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”.

Аллоҳ таоло икки дунёни мукаммал қилиб яратиб қўйганки, банданинг ислоҳига муҳтож эмас. Аксинча, банданинг ўзи ислоҳга муҳтож. Бунинг муолажаси эса илмдир. Динни ниқоб қилган террорчилар эса “...билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олурлар. Ана ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир” (Луқмон,6).

Аллоҳнинг каломи ҳақ, бунга заррача шубҳа бўлиши мумкин эмас. Бугун динни ниқоб қилиб, қабиҳ ишга қўл урган кимсалар “хор қилувчи азоб”га гирифтор бўлиши муқаррар.

Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратиб, онг ва тафаккур неъмати билан сийлаган экан, бандалар ён-атрофда бўлаётган воқеаларни ақл тарозусига қўйиб мушоҳада этмоғи шартдир. Буни оддий қилиб “огоҳлик” дейдилар. Шундагина содир этилиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олди олинади. Лоқайд кимса эса бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшайди. Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги учун қайғурмайди. Аллоҳ шундан сақласин. Каломуллоҳда бундай кимсалар ҳақида алоҳида хабар келган: ”Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир” (Аъроф, 179).

Тафсир китобларида ёзилишича, ояти каримадаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлар, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлар, панду насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмаганлар қораланмоқда. Айнан шундай кимсалар ғофил экани алоҳида таъкидланмоқда. Бундан англашиладики, ғофиллик – инсон учун катта мусибат. Бундай мусибат наинки унинг ўзига, атрофдагиларга ҳам таъсир этиши билан хавфлидир. Ғофил инсон билиб-билмай залолатни елкасига юклаб олади. Демак, дунёдан ғофил ўтмаслик учун аввало илм олиш керак бўлса, шу илм қуввати ила теварак-атрофга огоҳлик назари билан қарамоқ даркор экан.

Яқин Шарқда “Араб баҳори” номини олган қонли инқилоблар ғофиллик оқибати эмасми? Сурия ва Ироқда кун-кунаро рўй бераётган даҳшатли воқеалар илмсизликнинг аянчли кўриниши эмасми?!

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Ҳеч ким биродарига қурол ўқталмасин, чунки шайтон васваса қилиб жаҳаннам қаърига етаклаётганини билмай қолиши мумкин” (Имом Бухорий ривояти).

Бугун динни ниқоб қилиб олган кимсалар кимга қурол ўқталмоқда? Кимларнинг қонини тўкмоқда? Кимларни куфрда айблаб, кофирга чиқаришмоқда? Албатта, мусулмонларга! Ҳолбуки, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларидан бирида: “Мусулмонлар бир-бирлари билан биродардирлар”, деганлар.

Мустақил юртимиздаги барқарорлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик Аллоҳнинг бизга бўлган чексиз марҳаматидир. Бу неъматнинг қадрига етмоқ керак.

 

Абдураҳмонжон АБДУРАҲМОНОВ,

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Бирлашган” жоме масжиди имоми ноиби