Тинчлик улуғ неъмат эканини дилдан ҳис этиб, қадрига етмоқ, уни асраб-авайламоқ ҳар бир фуқаронинг зиммасидаги бурчдир.

Қуръони каримда тинчликка, ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатликка чорланган оятлар кўп. Иброҳим (алайҳиссалом) дуолари зикр этилган оятни эслайлик: «“Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”» (Бақара, 126). Мазкур дуода эътиборга молик икки муҳим нуқта бор. Биринчидан, ўша пайтда Макка шаҳри тинч ва осойишта эди. Шундай бўлса-да, яна тинчлик сўраб дуо қилинмоқда. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга унинг бардавомлигини сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шунингдек, ояти каримада аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралиши осойишталик ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканини кўрсатмоқда. Шунинг ўзиёқ бузғунчи ишларига динни ниқоб қилаётган террорчилар даъвосига раддия! Динимиз кўрсатмаларида эътибор берилса, ўзгани уриш, ҳақоратлаш, ҳатто кишига ёмон назар билан қараш қатъий ман этилган. Чунки бу инсонлар орасида меҳр-оқибат, ўзаро бирдамлик йўқолишига сабаб бўлади.

Ҳадиси шарифда айтилади: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсоният учун муҳим бўлган, бироқ кўплар доим ҳам эътибор қилмайдиган уч нарсани зикр қилмоқдалар: тинчлик, саломатлик ва моддий таъминот. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бугун биз бу неъматларнинг барчасидан баҳрамандмиз. Бардавом бўлиши учун эса қалб, тил ва аъзолар билан шукр қилишимиз лозим бўлади.

Инсонни ҳалокатга учратадиган мусибатларнинг энг ёмони ғафлатдир. Ватан олдидаги бурч, ота-она ҳақи, фарзанду аҳли аёл олдидаги мажбуриятини адо этишдан бўйин товлаб, ғафлатда лоқайд яшаш, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бепарволик катта мусибатларга олиб келиши мумкин.

Муҳтарам Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек: “Азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради”.

Аллоҳ инсонга ақл, кўз, қулоқ ва қалб каби неъматларни берган. Қалб ва ақл ҳақни англамаса, кўз ибрат назари билан қарамаса, қулоқ ҳақни тингламаса, уларнинг қиймати қанча?.. Ён-атрофдаги воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси ила қараш билан бу неъматларнинг шукрини адо этмоғимиз керак.

 

Ўткир МАҲМУДОВ,

Китоб шаҳри "Хожа Бухорий" ислом ўрта махсус билим юрти мудири муовини