Бўлиб ўтган бу мудҳиш воқеани сўзлаб бериш менга осон эмас. Ожизлигимни, ношудлигимни, лоқайдлигимни тан олиш эса ундан-да қийин. Доим кўнглига қараб ўстирган кенжатой – эркатой ўғлим юзимни ерга қаратади, деб сира ўйламаган эдим...

Олий ўқув юртини тамомлаган кенжа фарзандим таҳсилни Швецияда давом эттираман, деганида олдинига кўнмадим. Дипломи қўлида, шу ерда ҳам бинойидек иш топса бўлади. Бунинг устига яқинда уйланган, келин оғироёқ. Жуда бошим қотди. Ўғлим икки оёғини бир этикка тиқиб олди, олти ойда қайтаман, деган ваъда билан Стокгольмга учиб кетди. Олдинига тез-тез қўнғироқлашдик, келин билан ҳам интернет орқали гаплашиб турди. Аммо икки-уч ой ўтиб, ўғлим бирдан жим бўлиб кетди. Қўнғироқ қилдим, хат ёздим. Дарак йўқ. Бу орада неварали бўлдик. Бироқ ўғлимиздан ҳамон хабар топмадик. Бир куни Швециядан бир йигит келди. У ўғлимдан хабар келтирди. Йигитнинг айтишича, ўғлим ўша ерда бир шубҳали гуруҳга қўшилиб қолибди, ўқишни ташлаб, Сурияга кетибди. Энди у ақидапарастлар оқимига қўшилиб, жангларда қатнашаётган экан.

Мен боламни едириб-ичириш, бошқалардан кам қилмасликка зўр берибман-у, бироқ оила даврасида маънавий тарбия ҳақида бир маротаба ҳам гапирмаган эканман. Фарзандимга оила, она-Ватан туйғусини сингдира олмаганимдан пушаймон бўлдим, ич-этимни едим. Айниқса, келинимнинг жавдираб турган кўзига қаролмайман. Норасида гўдак-ку, отам деб амакиларига талпинганида кўнглим вайрон бўлиб кетади. Ҳаммадан ҳам аёлимга қийин бўлди. Онаизор ўғлининг дийдорини бир кўришга зор бўлиб, охири ётиб қолди. Буларни кўриб эса ичдан зил кетаман, юрагим зардобга тўлади...

Кунларнинг бирида тўсатдан кенжамиз кириб келди. Уришиб-сўкишни ҳам, бағримга босишни ҳам билмайман. Аммо у вақт тиғизлиги, хорижда яхши бир иш бошлаб қўйиб, акаларини ҳам ўзи билан олиб кетиш учун келганини айтди. “Яхши иш”инг нима ўзи, шунча йилдан бери нималар қилиб юрибсан, десак, индамайди. Ахийри, акалари сиқувга олганидан кейин, ёрилди. Сурияда жангари гуруҳга қўшилиб, қандайдир давлат барпо этиш йўлида курашаётгани, яна янги жангчиларни, жумладан, акаларини шу ҳаракатга тортиш учун келганини айтди. Тўғри йўлда эканини, қилаётган иши эвазига бу дунёда амал ва бойликка, охиратда шаҳидлик мақомига эришишини уқтирмоқчи бўлди.

Ўша кунги можароларни эсласам, ҳалиям юрагим орқага тортиб кетади. Яхши-ёмон гаплар, дўқ-пўписаю аёлларнинг йиғи-сиғиси... Ҳеч нима кор қилмаганидан кейин тўнғич ўғлим маҳалламиздаги жоме масжид имом-хатибини бошлаб келди. Барака топсин, домла динимизнинг асл моҳияти, эркак кишининг оила, Ватан олдидаги бурчи тўғрисида ва жангарилик, зўравонликнинг катта гуноҳ экани ҳақида вазминлик билан таъсирчан қилиб гапирди. Ҳадислардан мисоллар келтириб, бундай деди: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бир киши келиб, жиҳодга чиқишга изн сўрайди. У зот: “Ота-онанг ҳаётми?” дейдилар. Йигит: “Ҳа”, дейди. Шунда У зот: “Икковларининг розилигини топишга жидду жаҳд қил!” (Муттафақун алайҳ), деган эканлар. Агар менинг ўғлим ҳам шу ҳадисларни, уламоларимиз китобларини ўқиганида, бугун ўзини “жиҳодчи” деб атаётган ёлғончи террорчиларнинг алдовларига учмаган бўлар эди...

Имом-домла одам бегона ўлкаларда қурол кўтариб эмас, ўз юртининг гуллаб-яшнаши, равнақи учун меҳнат қилибгина барака топиши, савоб олишини таъкидлади. Сўнг Қуръон тиловат қилиб, ўғлим, оиламиз ҳақига узоқ дуо қилди. Шундагина ўғлимнинг шишадек жонсиз кўзларида нимадир ўзгарди. Ҳамма тарқалганидан кейин ўғлим гўдагини бағрига босиб, йиғлади. Унга қўшилиб, мен ҳам йиғладим...

Кўпинча балою кўргиликларга ўзимиз сабабчи бўламиз. Эътиборсизлик қиламиз, лоқайдликка бериламиз. Бир куни оғир савдо бошимизга тушганда эса қаерга югуришни, нима чора топишни билмай қоламиз.

Одамлар! Огоҳ бўлинг! Бир куни мен сингари чорасизлик гирдобига тушиб қолмаслик учун вақтида ҳаракат қилинг. Фарзандингизга тўғри тарбия беринг, инсоф-диёнатни, ҳалоллик-покликни, яхшилик-тўғриликни ўргатинг.

 

ИШИД фитнаси” китобидан олинди.