Бугун қабиҳ ишлари билан бутун дунёни ларзага солаётган ИШИДчилар орасида чет элга ишлашга кетган баъзи бир имони заиф юртдошларимиз ҳам борлиги ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали эшитиб қоляпмиз. Бу ҳол  инсоннинг юрагига оғриқ ва изтироб солади.

 

Аслида, икки нарса бебаҳо саналади. Булардан бири – Ватан, иккинчиси – имон! Бордию инсон шайтон қутқуси билан, ҳою ҳаваси йўлида киндик қони томган юртига хиёнат қилса, бундай одам имонини ҳам сотибди ҳисоб.

Чинакам мўмин олтин-кумуш ё ҳар қандай шоҳона ҳаётга ҳам она Ватанини, имонини алишмайди. Бу борада саҳобалар, улуғ инсонлар тақдири биз учун ибрат.

Имом Ғаззолий имонни беш буржли қалъага ўхшатади. Бу қалъага фақат бир ўғри – иблис мўралаши, тузоқ қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. Эссиз, имони заиф кишилар одам қиёфасидаги шайтонни вақтида таниёлмай, унинг домига тушиб, сўнгра афсус-надомат ботқоғига ботишади.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) дейди: “Кимда олти хил табиат жамланган бўлса, у жаҳаннамдан омон қолади, жаннатга тушади: Аллоҳни таниб, Унга итоат этса; шайтонни билиб, унга эргашмаса; ҳақни англаб, унга таслим бўлса; ботилни сезиб, ундан қочса;
дунёни тушуниб, унга кўнгил бермаса, охиратни ўйлаб, унга ҳозир турса”.

Ислом бамисоли мустаҳкам занжир, ҳар бир мўмин-мусулмон унинг олтин ҳалқаси ҳисобланади. Ҳалқанинг заиф жойи бўлмаслиги, бунга йўл қўйилмаслиги, аввало, мўминнинг ахлоқига, билимига ва албатта, собит эътиқодига боғлиқ. Халқимиз: ўрик ўрикни кўриб ола бўлади, дейди. Бир нодоннинг билиб-билмай йўлини йўқотиши бошқа бир кишининг адашувига сабаб бўлиши мумкин.

Хулоса шуки, бир киши йўлдан тойса, бу нафақат ўша адашган кимсанинг, балки қўни-қўшни, маҳалла ва бошқа масъул одамларнинг ҳам айбидир. Бунинг олдини олиш учун имон-эътиқодда, бир-биримиздан хабардорликда фаолликни қўлдан бермаслигимиз керак.

Оллоберган НИЁЗМЕТОВ,

Хоразм вилояти