Кейинги йилларда юртдошларимизни бузғунчилик, қўпорувчилик, сохта тариқатчилик, миссионерлик сингари гуруҳлар фитнасидан огоҳлантириш ниятида бир қанча китоблар чоп қилинмоқда. Бу асарлар халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун муҳим аҳамият касб этади.

2011 йили “Мовароуннаҳр” нашриётида тайёрланган «Маънавий таҳдидлар: миссионерлик ва прозелитизм (моҳияти, келиб чиқиши, шакллари, муаммолар)» китобининг ҳам бу борадаги аҳамияти катта. Китоб Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар тараққиётини мувофиқлаштириш қўмитасининг гранти асосида чоп этилган. Уни Имом Бухорий халқаро маркази директори ўринбосари, фалсафа фанлари доктори Бахтиёр Тўраев бошчилигида ижодий гуруҳ, ушбу соҳанинг етук мутахассислари тайёрлашган.

Асар оммабоп тилда ёзилган, унга кўп китобхонларни қизиқтирган маълумотлар жамланган. Биринчи бобда мамлакатимизда давлат ва дин муносабатлари борасида олиб борилаётган демократик ўзгаришларнинг моҳияти ҳамда диний маърифатни юксалтириш соҳасида эришилаётган ютуқлар ва диний сиёсатнинг ҳуқуқий асослари таҳлил этилган. Ушбу бобнинг кейинги қисмида диний қадриятлар маънавиятимизнинг ажралмас бўлаги экани, унга қарши қаратилган таҳдидлар батафсил таърифлаб берилган.

Навбатдаги бобда маънавий ҳужумларнинг турлари, шакллари ва унинг асосий йўналишлари ҳақида маълумотлар ўзига хос тарзда илмий тасниф қилинган. Жумладан, бундай келтирилади: “Бузғунчилар, миссионерлар ...жамият ҳаётининг барча жабҳаларига путур етказиши, жамият бошқарувида тартибсизлик ва парокандаликни вужудга келтириши, ижтимоий кучларни бир-бирига қарама-қарши гуруҳларга ажратиб ташлаши, ижтимоий қатламлар, миллатлар, динлар ва конфессиялараро зиддиятларни туғдириши, мамлакатнинг ижтимоий барқарорлигини бутунлай издан чиқариши мумкин”. Шу бобнинг иккинчи қисмида маънавий таҳдидларнинг алоҳида бир тури – миссионерлик ва прозелитизм ҳақида ҳам маълумот берилади. Бобнинг учинчи қисмида эса миссионерликнинг вужудга келиши, ривожланиш тарихи ҳамда уларнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги фаолияти таҳлил қилинган.

Миссионерликнинг тарғибот воситалари, усулларини ёритишга бағишланган бобда уларнинг таъсир этиш усуллари, қўлланмаси, молиявий манбалари, тарғибот йўналишлари, салбий оқибатлари ҳақида маълумотлар келтирилиб, уларга қарши кураш борасидаги муаммолар таҳлил қилинган.

Миссионерликка қарши курашнинг маънавий-маърифий ва ҳуқуқий асослари батафсил ёритилган бобда ёшларни уларнинг чангалидан асрашда сиёсий маданиятнинг ўрни, миссионерларнинг эътиқод эркинлиги асосларини қандай бузаётгани ҳақида асосли далиллар келтирилган. Бундан ташқари, миссионерликка қарши курашда маҳалла, давлат ва жамоат ташкилотларининг ўрни ҳам тўғри кўрсатиб берилган. Ушбу бобда асосли таъкидланганидек: “...инсоннинг фикрлаш, виждон, дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ҳамда дин ва эътиқод асосидаги нафрат, тоқатсизлик ва камситишларнинг барча шаклларига қарши саъй-ҳаракатларни кучайтириш лозим”. Бу бобда келтирилган маълумотлар ҳам тарғиботчиларимиз учун катта ёрдам беради, деб ўйлаймиз.

Китобни миссионерлик таҳдидига қарши курашда асқотадиган амалий тажрибалар ҳақидаги, глобаллашув шароитида миссионерликка қарши курашда замонавий ахборот-технология ютуқларидан фойдаланиш имкониятларига доир амалий тавсиялар билан янада бойитиш ҳам мумкин эди. Китоб охирида матнда учрайдиган айрим илмий атамаларнинг маъноларини қисқа ва оммабоп изоҳловчи луғат берилса, янада қизиқарлироқ бўларди. Аммо унинг ҳажми ва адади чеклангани бунга имкон бермаган кўринади. Бу китоб республикамиз кутубхоналари, маънавият ва маърифат марказлари, маҳаллалар ва ўқув юртларидан кенгроқ жой олса, яхши бўларди. Шу сабабли уни муайян даражада қайта ишлаб, янада кенгайтириб нашр этиш мақсадга мувофиқдир.

Тинчликни сақлаш, виждон эркинлиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни асрашимиз керак. “Маънавий таҳдидлар: миссионерлик ва прозелитизм (келиб чиқиш шакллари, муаммолар)” китоби бу борада ҳар жиҳатдан фойдали бўлиши шубҳасиз.

 

Бахтиёр КАРИМОВ

(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2012 йил 5-сонидан қисқартириб олинди)