Саодат асрида саҳобалар ҳузурига бирор киши масала сўраб келганида «Мендан кўра фалончи билимлироқ», деб уни бошқа саҳобага йўллашар, у ҳам ўз навбатида бошқасига юборар, гоҳо сўровчи шу тариқа айланиб-айланиб, яна биринчи учрашган одамига келиб қолар экан.
Абу Ҳомид Ғаззолий айтадилар: «Бил­майман» дейиш илмнинг ярмидир. Ким билмаган нарсаси ҳақида Аллоҳ учун сукут қилса, гапирганидан кам савоб олмайди, чунки бу борада билимсизлигини эътироф қилиши наф­сига оғир келади».
Сергаплик ва сўзамоллик фазилат эмас, қусурдир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳақиқатда, сергап, беҳуда жаврайдиган ва эзмаларингиз менга энг ёмон кўринганларингиз ва қиёматда мендан энг узоқларингиздир”, деганлар (Имом Термизий).
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Ичин­да­ги ичиндадир» асарида гўзал бир ривоят бор: Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) халифа бўлиши билан минбарга чиқди ва халқ: “Ажабо, нима дер экан?” деб кутди. Бироқ у зот гапирмади. Ақалли бир сўз ҳам айтмади, фақат боқди. Халқда шундай бир ҳол пайдо бўлдики, ҳеч кимда ташқарига чиқишга мадор қолмади. Шу вақтгача қилинган юзлаб хутбалар чоғи бундай ҳол бўлмаган, мўминлар бундай жимлик асносида фойда ва сирларни ҳеч қачон бунчалик кўп кашф этишмаган эди. Ҳолбуки, ҳазрат Усмон илм борасида гапиришга ҳақли эди. У зотнинг сукутлари, ўткир нигоҳлари қалбининг тубида ётган илм дурларини юзага чиқарди, юракларни сел қилди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг муборак чеҳраларини кўрган бир аъробий Исломни қабул этганини эълон қилиб, бунга шундай изоҳ берган эди: “Гувоҳлик бераман, бу юз – ёлғончининг юзи эмас”.
Солиҳ салафлар билмаган нарсаси ҳақида гапирмасликни, сўзлаган вақтларида ҳам фақат зарур, рост, фойдали сўзлашни одат қилишган, бошқаларни ҳам шунга чорлашган.
Агар ақл, илм кишиларнинг гап-сўзи миқдорига кўра ўлчанганида эди, одамларнинг энг илмли ва ақллиси уларнинг энг сергаплари бўлар эди.
Ўтмишда барча уламоларимиз сўза­молликдан қочганлар. Абу Толиб Маккий: «Аллоҳ таолодан қўрқиб сукут қилиш гўзаллиги илм билан гапиришдаги гўзаллик кабидир», дейди. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам бу қоидаларга қатъий амал қилганлар. У зот ҳар нарсани “биламан”, дейишдан ўзларини тийганлар. “Билмаган нарсаларимни оёғим остига қўйганимда бошим кўкка тегарди”, деган эканлар мазҳаббошимиз. Молик ибн Анасдан (раҳматуллоҳи алайҳ) тўрт юз масала сўралганида, уч юз тўқсон олтитасига “билмайман” деб жавоб берганлар.
Олимнинг салоҳияти унинг ҳар нарсага топган жавобида эмас, балки нима дейишида ё сукут сақлашида аён бўлади. Ўзининг нимани билмаётганини англаши билимларининг энг муҳимидир.
Инсон илмни қанчалик чуқур эгалласа, хулоса қилишда шунчалик эҳтиёткор, эътиборли бўлади. Билмайдиган нарсасини, биламан, дейишдан ор қилади. Аксинча, илми қанчалик саёз ва юзаки бўлса, ўрганган нарсаларини тўғри ва теран фаҳмламаса, ортиқча сўзларни кўп гапиради ва ҳақ йўлдан адашиши, залолатга юз буриши шунчалик осонлашади.
Ҳозир баъзи бир бузғунчи оқимлар, динни ниқоб қилган террорчилар ҳар хил сохта фатволар чиқаришяпти. Улар одамлар орасини бузиш, фитналар чиқариш мақсадида бутун бир халқни ёки жамиятларни кофир, деб ­эълон қилмоқда. Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Киши ўз биродарига: “Эй кофир!” деса, (куфр) иккисидан бирига қайтади», деганлар. Ҳадисдан кўриниб турибди, ўзгани кофирга чиқариш хатарли масаладир.
Эмин-эркин ибодат қилинаётган, жоме масжидлари ишлаб турган, одамлар ҳаж ва умра сафарларига бемалол бораётган диёрда яшаётган инсонларга “кофир” сўзини қўллаш жоҳилликдан бошқа нарса эмас.
Шаҳобиддин Парпиев,
 Асака  тумани бош имом-хатиби