Ҳар бир сўзнинг руҳи бўлади. Алоҳида олинганда ҳам бу сўзлар луғатимиздаги энг иссиқ, энг жарангдор сўзлар ҳисобланади. Улар биргаликда битта жумлага кирганда яна ҳам қудратлироқ аҳамият касб этади. Биз ҳозирги қутлуғ арафа кунларида шундай ҳиссиётлар билан яшамоқдамиз. Ҳар гал шу шиор рўпарамизга пориллаб чиқар экан ё ён-атрофимизда янграр экан, қалбимизда чексиз фахр туйғусини ҳис этамиз. Онамизнинг ҳаётбахш нафаси, майин қўлларини юзимиз, сочимиз, елкамизда туйгандек бўламиз. Яшаш азизроқ кўринади.
“Шу сенмисан қаддинг, қадринг баландлаган онажоним Ватан...” дея дил изҳори қилгимиз келади. Ахир, унинг қийналган пайтларини ҳам кўрганмиз. Нописанд нигоҳлардан эзилган, бор кучи, имкониятларини намоён қила олмаган, саноқларда йўқ кунларига ҳам гувоҳмиз. Эътиқодсизлик, динсизлик, худосизликни тарғиб қилган, одамлар қалбидаги ҳаққа бўлган улуғ муҳаббатни юлиб олишга чоғланганлар қаршисида иложсиз қолган пайтларида биз ҳам унинг иложсиз парчасига айланганмиз. Муқаддас қадамжолари – улуғ аждодларимизнинг хоки қўшилиб яна ҳам муқаддас бўлган тупроқлар мустабидлар тарафидан топталганда, қадрсизлантиришга ҳаракат қилинганда қанчалар изтироб чекканмиз...
Бугун... ҳаммаси тушга ўхшайди. Улуғ алломалар, бетакрор саркардалар, пири комиллардан ёдгор зиёратгоҳларнинг ободлиги, элимиз учун табаррук масканларга айланганини кўриб Яратганга беҳисоб шук­рона айтамиз.
Хотирасиз халқ – устунсиз айвон. Биз эса мустақиллик боис азиз хотираларимиз тикланган  эл сифатида жаҳон айвонида  майишмай, оғишмай турибмиз. Яна ўрни келганида шуни ҳам айтиш жоизки, биз ҳануз исмимизга фахру ғурур бағишлаб келаётган буюк аждодларимиз олдида қарздормиз. Улардан қолган меросларни фақат чоп этиш учун эмас, бу ёдгор асарларни ўқиш, ўрганиш, дилимизга жо қилишга бурчлимиз.
Истиқлол туфайли юртимиз, маҳал­ламиз, хонадонимиз эга бўлган неъматлар ҳақида бир-бир ўйлар эканмиз, ўйларимиздан кўнглимиз равшанлашади. Шаҳарларимиз ободлиги ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Қишлоқлар, далаларни айтайлик... Яқинда хизмат сафари билан Поп тумани далаларида бўлдим. Йўлларда гул, шийпонларда гул... Меҳнат мажбуриятга эмас, иштиёққа, завққа айланганида гул экиш, гул парваришлаш меҳнаткашнинг кўнглига сиғади. Деҳқоннинг қиёфаси менга жуда таниш. Ўзим деҳқончиликлар, деҳқонлар ичида ўсганман. Деҳқон, колхозчи деган тушунчалар жамиятда “ҳеч ким” тушунчаси билан ёнма-ён юрарди. Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ деҳқонларга ер берилди. Бугун улар мулкдор, ер эгалари деб аталади. Уларнинг салобатини кўриб, ҳавасингиз келади. Аёл фермерлар:
– Менинг бунча ерим бор, – деб қирқ, эллик, юз гектардан гапиради. Хизматида – “темир тулпор”лар – “Нексия”, “Ласетти”, камида “Спарк”...
Фермерлар қолиб операторлар – техника эгалари билан гапиришсангиз ҳам, ҳаммаси дунё бохабар инсонлар, сўзи тирик, ўзи тетик...
Қай соҳага яқинроқ борсангиз, ғолибликка интилиш руҳини ҳис этасиз. 
– Мен чемпион бўлиб, Ватаним байроғини баланд кўтараман, – дейди эндигина спорт машғулотларига қатнай бошлаган болакай ёки қизча. Бу бақувват руҳ қаердан? Албатта, истиқлолдан. Мустақиллик бизга “Мен кўп нарсага қодирман”, деган ишончни берди. Бу – мавжуд вазиятга, барча мавжуд шароитларга ишониб, уларга таяниб уйғонган ишончдир... 
Яна кўп замонлар ўтади, давр янгиланади... Эътиқодлар яна ҳам  мустаҳкамланади. Меҳнатга муносабат яна ҳам яхшиланади. Мустақиллик 50, 100 ёшга киради. Кўп ўзгаришлар аро собит қоладиган  ҳодисалар бор: бу – бизнинг эзгуликка ишонган, аҳиллик, тинчликка шукр қиладиган, ҳар янги кунда умидини бутунлаб, меҳнатдан  мадад кутадиган асл ўзбеки юрагимиздир. Дунё турланиб, тусланиб туради. Тўзонлар кўтарилади, уларни ёмғирлар ювади. Лекин бизнинг ўша юрагимиз – кечаги изтироб­лардан омон чиққан, кечаги парчаланишлардан бутун чиққан юрагимиз “фарзандим, элим, юртим”, деб уриб турса, байрамли онларни яшайверамиз. “Бетакроримсан...” деганда ҳар ҳарфи, ҳар товушига қалб қўримиз, кўз нуримиз қўшилаверади...
Қутлибека Раҳимбоева,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими