Бугун дунёни ташвишга солиб турган муаммолардан бири – ИШИД (“Ироқ ва Шом ислом давлати”) террорчилик ташкилоти амалга ошираётган хунрезликлардир. Бу гуруҳ ярим йил нари-берисида 230 минг нафар инсоннинг ёстиғини қуритди. Улар дастидан икки миллионга яқин киши бошпанасиз қолиб, саҳро ва чўлларда, омонат чодирларда жон сақламоқда. Ироқнинг Мосул шаҳридаги ХI–ХIII асрларга мансуб ўнлаб масжид ва зиёратгоҳлар култепага айлантирилди. Дунёнинг турли минтақаларидан, ҳатто Ғарб давлатларидан ҳам уларнинг сафига бориб қўшилаётганлар бор. 
Ислом тарихидан маълумки, ҳар бир даврда забардаст олимлар бундай қабиҳ ниятли оқимларга қарши муносиб раддиялар бериб келишган. Масалан, ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий ҳақиқий ақида муҳофазачиси сифатида майдонга чиқиб, ўзининг “Таҳвид” асари билан ана шундай бузғунчи оқим ва уларнинг ғояларига қақшатқич зарба берган эди. Ёки буюк мазҳаббошимиз Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг “Фиқҳ ул-акбар” асари ҳам диндаги турли оғишлар ва уларнинг намояндаларига раддия сифатида дунёга келган эди. ИШИД нафақат Ислом дунёси, балки инсоният тинчлигини хатарга солиб турган ёвуз куч сифатида майдонга чиқдики, соғлом фикр­ли одам бунга бефарқ бўлмаслиги керак. 
2014 йил сентябрь ойида дунё­нинг машҳур уламоларидан 126 нафари ИШИД раҳбари Абу Бакр Бағдодий номига очиқ хат ёзди. Очиқ хатда 24 масала кўндаланг қўйилиб, Ислом динини ниқоб қилиб олган бу тўданинг даъвоси ҳам, хатти-ҳаракати ҳам Қуръон ва ҳадис кўрсатмаларига мутлақо зид экани мантиқий далиллар билан исботланди. Мисрдаги “Дорул ифто”, яъни “Фатво ҳайъати” хорижий оммавий ахборот воситаларига мурожаат этиб, жангарилар тўдасини “Ироқ ва Суриядаги ал-Қоида бузғунчилари” деб аташни таклиф қилди. Саудия Арабистони бош муфтиси Шайх Абдул Азиз эса уларни динни ниқоб қилиб олган ислом душманлари, деб таъкидлади.
Исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг яқинда нашрдан чиққан “ИШИД фитнаси” китоби ИШИД террорчи гуруҳи кирдикорларини туб илдизлари билан очиб берган асар сифатида эътироф этилмоқда. Асарда ИШИД тўдасига “Ироқ ва Шомдаги Ислом душмани” дея ном бериш мантиқли бўларди, дейилади. Дарҳақиқат, уларнинг фаолияти ҳақиқий душманликдан бош­қа нарса эмас. Ёш гўдакларни портловчи мосламали қўғирчоқлар билан жамоат жойларига киритиб, портлатиб юборишлар, таниқли уламоларни жоме масжидларида, намозхонлар кўз олдида қатл этишлар, хотин-қизлар шаънини оёқости қилиш, минг йиллар давомида мусулмонлар билан аҳилликда яшаб келган бошқа дин вакилларини ҳеч бир сабабсиз ўлдириб юборишлар... Исломий тарбия кўрган одам икки дунё­да ҳам бундай қабиҳликларга қўл урмаган бўларди. Демак, учинчи бир манфаатдор қўл, кўзга кўринмас тўда борки, ўзи четда туриб, манқуртга айланган жоҳил, гумроҳ кимсаларни бошқариб турибди. Шунингдек, асарда насл-насаби шубҳали, диний саводи ҳаминқадар бўлган ИШИД раҳнамоси ва унинг атрофидагилар аслида кимлар, уларнинг даъвою иддаолари тагидаги яширин мақсадлари нимадан иборат эканлиги аниқ ва равшан очиб берилди. Интернет оламида Иброҳим ибн Аввод (ИШИД раҳнамоси Абу Бакр Бағдодийнинг асл исми)ни “твиттер халифа” деб аташади. “Ал-Ҳаёт”, “Ал-Фурқон” интернет тармоқлари куну тун уларнинг ғаразли мақсад-ниятларини, алдов ваъдаларини тарғиб этиш билан машғул. Хусусан, улар зўр бериб тарғиб қилаётган нарса, бу – сиз куфр диёрида яшаяпсиз, агар уни тарк этмасангиз, ҳижрат қилмасангиз кофир бўласиз, деб қўрқитишдир. Афсуски, диний саводи бўлмаган айрим ёшлар ана шу даъватга алданиб, улар томон интилмоқдалар ва ўнглаб бўлмас хатога йўл қўймоқдалар. Ҳақиқат эса бундай: қайси бир юртда Ислом динининг беш аркони – Имон, Намоз, Рўза, Закот ва Ҳаж ибодатлари мукаммал адо этиб турилган бўлса, у – Ислом диёридир. 
Бугунги глобаллашув замонида дунёнинг олис нуқтасидаги воқеа-ҳодиса қисқа сонияларда бошқа бир нуқтасида акс-садо топиши ҳеч гап эмас. Демак, ИШИДчилар ҳаракати биздан 7 минг чақирим нарида содир бўлаётганидан бепарво бўлмаслигимиз керак. Шу маънода, юртимизда “ИШИД фитнаси” китобининг нашр этилиши халқимизни, биринчи навбатда ёшларимизни огоҳликка чақирувчи ўта муҳим ва ўз вақтида дунёга келган асар бўлди. Айни кунларда, вилоятимизнинг барча туманларида, маҳаллалар, ташкилот, корхона, ўқув даргоҳларида мазкур асар тақдимоти бўлиб ўтмоқда. Кўпни кўрган нуроний отахон-онахонларимиз, турли соҳа кишилари, ёшларимиз вакиллари мазкур асар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда, Ўзбекистонимиз тинчлиги, осо­йишталиги учун курашмоқ, ҳар қандай ташқи душман таҳдидларига, ғаразли ниятларига қақшатқич зарба бериш лозимлигини таъкидламоқдалар.
 
Хайрулла ТУРМАТОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби