Мурувват, диний бағрикенглик – Исломнинг тамал тоши.   Ислом илк давриданоқ бошқа динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Динимиз бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади; ҳамма пайғамбарлар биродардирлар; динга мажбурлаш мумкин эмас; илоҳий динларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак; динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги лозим...

Ислом ўзидан аввалги динларни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига мурувват кўрсатгани ҳам тарихдан маълум. Ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб, эътиқод ва анъаналарига ҳурмат-эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига, ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад  (алайҳиссалом)  бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган зотдирлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг авлодларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. У зот аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам ҳадя қабул қилар эдилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга таклиф қилиб, зиёфат бердилар. Ривоятларда уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ҳам ижозат берганлари келтирилади. Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматига берган кўрсатмаси эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир” (Моида, 2). 
Ислом ҳуқуқида ўзга динга эътиқод қилувчилар “зиммийлар” деб юритилади. Зиммийларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари Муҳаммад (алайҳиссалом) томонидан кафолатлангани – уларнинг эркинликлари мусулмонлар зиммасида эканидан далолат беради. 
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”, дея таъкидлаганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилди. 
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврида Мисрнинг ҳокими бир насроний кампирнинг уйини бузиб, ўрнига масжид қурди. Кампир эса Мадина шаҳрига келиб, Умар ибн Ҳаттобга шикоят қилди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) вазиятни аниқлаштирса, кампирнинг ҳовлиси ўз нархидан ҳам кўпроқ пулга сотиб олинган ва шундан сўнггина бузиб, ўрнига масжид қурилган экан. Шундай бўлса-да, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (алайҳиссалом) кўрсатмаларига зид иш қилиб қўйишдан қўрқиб, янги қурилган катта масжидни бузиб ташлаш ва кампирга уйини қайта қуриб беришга амр қилди... Ислом динининг бағрикенглик тамойилларидан таъсирланган кампир эса шу заҳоти мусулмон бўлади. 
Яна Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг насронийлар билан имзоланган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги кафолатланган эди.
Асрлар давомида Ислом дини тамойилларига содиқ ҳолда яшаб келаётган халқимиз ҳам бу каби гўзал фазилатларни тўлалигича жон-қонига сингдириб олганини кўриш мумкин.  
Бу азалий бағрикенглик анъанаси мустақиллик йилларида янада ривожлантириб борилмоқда. Юртимизда фаолият юритаётган ўн олтита диний конфессия вакилларининг жамият ишларида бирдек иштирок этиши, турли динларга оид муборак саналарнинг нишонланишига қонун доирасида шароит яратиб берилиши, диний байрамларда конфессия вакилларининг бир-бирларини табриклаши каби ҳолатлар фик­римизга далил бўла олади. 
Албатта, бу каби ижобий ҳолатлар юртимиздаги тинчлик, барқарорлик, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, ёшларимизда диний бағрикенглик анъаналарини ривожлантиришда ўзига хос аҳамият касб этади.   
 
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака тумани бош имом-хатиби