Аллоҳ таоло бандасини азизу  мукаррам қилиб яратган. Унинг қалбини меҳру муҳаббат, соғинч ва гўзалликка ошуфта қилган. Шунинг учун ер юзида гўзаллик ва нафосат қадрланади. Бу ҳақда қанча гапирсак ҳам оз.
Лекин мен масаланинг иккинчи томонига тўхталмоқчиман. Шундай гўзал яратилган инсоннинг қалбида адоват, шафқатсизлик, ғараз, бузғунчилик каби сўз билан таърифлаш қийин бўлган ёмон одатлар қандай яшаб келмоқда?.. Бу инсоннинг ўз нафси олдидаги ожизлигими ёки шайтони лаъиннинг найрангими?!
Бу иллатлар фаровон кишилик жамиятининг асоси бўлган БАҒРИКЕНГЛИК тамойилига путур етказмоқда. Хусусан, бугунги кунда бир бутун бўлган ер юзининг инсонлар яшайдиган ҳамма жойида ҳам тинчлик, омонлик ҳукм сурмаётгани ҳар бир соғлом фикрли инсонни ўйлантиради. Нафақат ўйлантиради, балки жиддий ташвишга солади.
Дин – насиҳат. Ҳеч бир динда инсон ёвузликка чорланмайди. Айниқса, Ислом дини одамзодни том маънодаги эзгуликка етаклайди. Уларни нафақат бир-бирларига, ҳатто тирик жонзотларга озор етказмасликка ундайди.
Қўштирноқ ичидаги “дин” номидан иш кўраётган, ўз нафсига эрк берган, уюшган жиноятчи тўдалар ваҳшиёна қотилликларни амалга оширишдан ўзларини тўхтата олмаётгани киши қалбини ларзага солади. Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари Халқаро ҳуқуқ меъёрларида ҳам Ўзбекистон Жиноят қонуни меъёрларида ҳам инсониятга қарши ўта оғир жиноятлар деб топилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси 7-оятида “Уларнинг қалблари ва қулоқларига Аллоҳ муҳр уриб қўйган. Кўзларида эса, парда (бор). Улар учун улкан азоб (тайёрлаб қўйилгандир)”, дея баён қилган. 
Бақара сурасининг 18-оятида яна шундай дейилган: “(Улар маънан) кар, соқов ва кўрдирлар. Бас, улар зинҳор (ҳидоятга) қайт­магайлар”.
Уларнинг карлиги – ҳақ гапларни тингламасликлари, соқовлик­лари – ҳақ гапни гапирмасликлари, кўрликлари эса ҳақ нарсани кўриб, тасдиқ этмасликларидир.
Интернет хабарларида маълум қилинишича, жорий йилнинг 17 май куни ИШИД жангарилари томонидан Ироқнинг Рамади шаҳрида 503 нафар маҳаллий аҳоли қатл қилинган. Қурбонларнинг ярмидан кўпини аёллар ва болалар ташкил этган.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти масъуллари БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида 2014-2015 йилларда жангарилар жойлашиб олган ҳудудларда тезкор гуманитар ёрдамга муҳтож болалар сони 5,6 миллионга етганини маълум қилишган.
Бу ҳолатлар террорчи гуруҳлар ўрнашиб олган ҳудудларда ижтимоий вазият мутлақо издан чиқиб, инсонларнинг қадри топталаётганидан далолат беради. 
Шу ўринда Президентимиз Ислом Каримов шу йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида омма­вий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган суҳбатида “Жаҳоннинг турли минтақа ва ҳудудларида қарама-қаршилик ва зиддиятлар, қонли можаролар, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик каби хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда”, “... барчамиздан бепарволикка йўл қўймасдан, доимо огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишни замонамизнинг ўзи талаб қилмоқда”, дея куйиниб айтган сўзлари нақадар асосли эканини таъкидлаш жоиздир.
Агар тарихга назар ташласак, ўзини унутган ёхуд қалблари муҳрланган бузғунчи оқимлар кўп бўлганини кўришимиз мумкин. Бироқ уларнинг барчаси ўзларининг ботил ғоясига эргашиб, залолат ботқоғига ботиб, йўқ бўлиб кетганига гувоҳ бўламиз. 
 
Икромжон Мардонов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳуқуқшуноси