Мамлакатимиз мустақил бўлгач, чуқур иқтисодий ислоҳотлар, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида катта ўзгаришлар рўй берди. Ўтиш даври қийинчиликларига қарамай халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун кенг имкониятлар очилди. Юзлаб коллежлар, бир неча олий ўқув юртлари фаолият юритмоқда. Янги саноат корхоналари ишга туширилиб, кўплаб иш ўринлари яратилмоқда. Натижада мамлакатимизда ҳалол меҳнат орқали иқтисодий аҳволи тобора яхшиланиб бораётганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. 

Аммо, минг афсус, айрим юртдошларимиз орасида нима қилиб бўлса-да кўпроқ пул топиш, қисқа фурсатда мўмай даромад орттириш мақсадида ноқонуний, ҳатто ҳалокатли, келажаги пуч ишларга қўл ураётганлар бор. Улар иссиқ жойларини, оила аъзоларини ташлаб олис юртларга кетишади. Тўғри, жаҳон тажрибасида бир юртдан бошқа юртга бориб, ишлаб пул топиш тақиқланмаган, лекин буни расмий йўл билан, барча ҳуқуқ ва эркинликлар дахлсизлиги кафолатланган ҳолда амалга ошириш керак.  

Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган, унинг ризқини канда қилмай бериб туради. Аллоҳ бандаларига енгилликни истайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара, 185). 
Аллоҳ бировга кўпроқ, бош­қасига озроқ, ҳамманинг ризқини аниқ белгилаб қўйган. Шунинг учун мусулмон одам хотиржам бўлиш, руҳий сакинатга эришиш учун ризқ масаласини яхшилаб тушуниб олиши керак. Илоҳий таълимотлардан узоқда бўлган инсонлар дунё ҳаётини ризқ-рўз учун мунтазам кураш олиб боришдан иборат, деб тушунишади. Улар ризқни ўзимизнинг саъй-ҳаракатларимиз, елиб-югуришларимиз ёки фалончининг марҳамати туфайли қўлга киритяпмиз, деб ўйлашади. Ваҳоланки, ризқ инсонни худди ажали қувгандек қувиб юради. Бировнинг ризқи адашиб бош­қаникига бориб қолмайди. Бирор киши ризқини тўла олмагунича бу дунё билан видолашмайди ҳам. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтган: “Аллоҳнинг хоҳлаган кишилар ризқини фаровон қилиши ва (бошқалар ризқини) танг қилишини кўрмадиларми?! Албатта, бунда имон келтирувчи қавм учун аломатлар бордир” (Рум, 37).
Демак, инсон минг чиранмасин, ато этиб қўйилган ризқдан ортиғига эришолмайди. Борига шукр қилмай, аҳли-аёлини ташлаб ўзга юртларга ризқ ахтариб кетаётганлар буни теран анг­лаши лозим. Доно халқимизда “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу”, “Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши” каби мақоллар бор. Бу ҳикматлар бежиз эмас. Кимларнингдир алдовига учиб, ўзга юртларда хор-зор бўлаётган, туну кун ишлаб ҳақини ололмаётган, соғлиғидан ва диё­натидан ажраётган ҳамюртларимиз фожиаси ҳақида эшитиб турибмиз. Айрим ёшлар нотаниш, ҳаёт тарзи тамоман ўзгача юртларда миллий қадрият, ҳатто эътиқодига завол етаётганига ҳам парво қилмаётганидан кўнглимизда оғриқ уйғонмоқда (яқинда Жанубий Кореяга ишлашга кетган ўзбек йигитларидан айримлари  насроний динига киришганини афсус билан сўзлаб беришди). Уларни очлик, муҳтожлик иссиқ ўрнидан ҳайдаб чиқарган эмас.Улар бор-йўғи орзу-ҳавас, ҳавойи нафс васвасасига учишган, холос.
Мусулмон киши бир ишга киришишдан олдин уни қандай йўсинда амалга ошириш, сафарга тайёргарлик кўриш, борар жойи­даги шароитни ўрганиш, йўл озуғини ғамлаш ва бошқа тадбир-чоралар белгилашга катта эътибор қилиши керак. Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳам Маккадан Мадинага кўчиш пайтларида зарурий чора-тадбирларни кўрдилар: йўл озиғи, сафар ҳамроҳи, керакли от-улов, қулай шароит ва муҳлатни кутиш, йўл бошловчи тайинлаш каби бир қанча омилларни ҳисобга олгандан кейингина Аллоҳга астойдил таваккал қилиб йўлга чиқдиларки,  сафарлари ниҳоятда хайрли бўлди.
Ҳеч кимга сир эмаски, юртдошларимиз орасида пул топиш учун Қозоғистон, Россия, Жанубий Корея, Туркия, араб мамлакатлари, ҳатто Польша, Норвегия, Италия каби европа мамлакатларию олис Америкагача кетганлар бор. Хорижий тилда  “трудовой мигрант” маъносини англатувчи “мардикорлик” сўзи қулоққа хийла оғир ботса-да, ушбу сўзни ишлатишга мажбурмиз. Чунки қонуний йўл билан расмий идоралар орқали “ишлаш”га кетиш бошқа, яширин, ноқонуний йўллар билан мардикорлик  қилиш бошқа... 
Ватандошларимизнинг киндик қони тўкилган юртини ташлаб, олис ва нотаниш  ўлкаларга иш излаб боришларининг асл сабаб­лари, у ерларда дуч келаётган муаммо ва қийинчиликлар, хўрлик ва камситишлар ҳамда “мардикорлик” масаласининг маънавий-ахлоқий томонлари бизни ташвишлантиради. "Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл", дейди доно халқимиз.
Хорижда юрган баъзи кишилар Исломнинг соф таълимотларини ўзларининг ғаразли хатти-ҳаракатларини хаспўшлаш учун динни ниқоб қилиб олган турли экстремистик оқимларга қўшилиб қолаётгани ачинарли ҳолатдир. Улар орасида оиласи ва Ватани олдидаги бурчига хиё­нат қилиш кўчасига кириб қолганлар ҳам йўқ эмас. Бундай кимсалар фарзандларини тарбиясиз қолдириб, ўзлари жангу жадал кетаётган юртларда қотиллик, зўравонлик, бузғунчилик билан машғул кимсаларга қўшилиб қолмоқда. Бу ҳам етмаганидек, айрим адашган кимсалар ўз яқинлари ва танишларини гўёки “ҳижрат”га даъват қилиб, жаҳолат ботқоғига тортишга уринмоқда. Қуръони карим оятларида ва ҳадиси шарифларда ноҳақ одам ўлдириш катта гуноҳ экани таъкидланиб, ундай одамларга охиратда абадий дўзах ва улкан азоб тайёрлаб қўйилганлиги қайд этилган. Жумладан, Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93). 
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда эса: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур”, дейилган. 
Террорчилар ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиб, мўмин-мусулмонларни ваҳшиёна ўлдирмоқдалар. Биринчи қурбонлари ҳам мусулмонлар бўлаётгани, уларнинг аслида ким эканини кўрсатиб турибди. Экстремистларга қўшилиб қолган кимсаларни ўз ватанларига қайтгач, бузғунчиликлар қилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунинг­дек, бундай кимсалар учун ватан, оила, ота-она, фарзанд ва миллий қадриятлар умуман ёт бўлиб, улар ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган манқуртга айланган.
“Мигрантлар” масаласига қайтадиган бўлсак, бу борадаги энг оғир йўқотиш юртдошларимизнинг эътиқоди билан боғлиқ муаммодир. Бошқа эътиқод, бошқа менталитет вакиллари орасига тушиб қолганлар тезда ўз руҳий ва эътиқодий  асосларидан узилиб, ўзгаларнинг руҳий-маънавий таъсирига берилишининг эҳтимоли катта. Ҳали имон-эътиқоди шаклланиб улгурмаган мусулмон йигитлар ҳар жойда изғиб юрган турли миссионерлар, ўзга дин ва оқим вакиллари тузоғига осонгина илинишмоқда. Бунда диний эътиқод эмас, кўпроқ берилаётган пул ва яратилган шароитлар асосий омил бўлаётир. Мусулмон ватандошлари томонидан билдирилган эътирозларга: “Худо битта бўлганидан кейин насроний бўлдинг нимаю, мусулмон бўлдинг нима, фарқи йўқ-ку!” дея қўл силтамишлар.... 
Мардикорлар орасида  оила ва никоҳ муносабатлари ҳам издан чиқмоқда. Улар оиладан уч-тўрт йилга, баъзан бундан ҳам кўпроқ муддатга узилишмоқда.  Бундай  ҳолат ҳар қандай одамни қийин аҳволга солиши мумкин. Шу боис улар борган жойларида дарров бунинг “чора”сини топишга интилишади. Четда ишлаб келган йигитлар ҳикоясига  қараганда, уларнинг аксарияти ўша ерлик аёлларга ҳеч қандай никоҳсиз, “уйланиб” олишяпти. Энг ачинарлиси, мардикор йигитларнинг кўпи бу ишлари зино эканлигини тушунмайди. 
Чет элларда ишлаётган йигитлар (аёллар ҳам) ўзлари исташадими-йўқми, ўша жойдаги халқларнинг менталитети-ю турмушидаги зарарли одат ва қусурларга тақлид қилишади, эргашишади. Шу боис четда мардикорлик қилаётганлар орасида ароқхўрлик, бангиворлик, қиморвозлик, фоҳишабозлик каби иллатлар тобора одат тусига кириб боряпти. 
Оғир шароитларда ишлаб саломатлигини йўқотиш, ёмон касалликларни орттириш каби ҳолатларга қараганда инсоннинг маънавий-руҳий қашшоқлашуви салбий оқибатларга олиб боришини ҳеч ким инкор қилолмайди. Жисмоний касални тузатиш мумкин, аммо руҳий-маънавий хасталарни, ахлоқан тубан кетганларни тузатиш учун узоқ муддат, кўп куч-ғайрат сарфлашга тўғри келади. 
Халқимиз “Узоқнинг буғдойи­дан яқиннинг сомони яхши” мақолини бежизга айтмаган.
Шу ўринда беихтиёр улуғ бобокалонимиз Мир Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги мисралари нақадар мазмунли эканига яна бир бор ишонамиз. Ул зот айтадилар:
 
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.
 
Теран фикрлайлик, дунё­нинг арзимаган матоси деб жонлари, соғлиқлари, имон-эъти­қодлари, оилалари пароканда бўлишига йўл қўяётган йигит-қизларимизни чет элларда мардикорлик қилишдек салбий ҳолатлардан қайтарайлик. Борига сабр қилиб, Яратгандан баракасини тилаб, дунё ва охират саодатини ўйлаб иш тутишга ўргатайлик. Зеро, Ҳақ таоло барчаларимизни огоҳ этиб, шундай деган-ку: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим, 7).
 
Абдулҳамид ТУРСУНОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири