Бирор кун йўқки, жаҳон омма­вий ахборот воситаларида ИШИД аталмиш террорчи гуруҳнинг вайронкор ишларидан хабар берилмаса!.. Гоҳ мазкур тўданинг талафоти, гоҳ амалга оширган хунрезликлари кун янгиликларининг бош мавзусига айланди, ҳисоб. Хабарлар қай мазмунда бўлмасин, кўнгилда оғриқ уйғотади, холос. Ахир, жабр кўраётганлар беайб инсонлар бўлса, зулм қилаётганлар дин пешволигига даъвоси катта кимсалардир. Икки ўртада жаҳон жамоатчилигида Исломга нисбатан нотўғри тасаввур уйғониши эҳтимоли юзага келмоқда. Бас, шундай экан, ИШИДчилар амалга ошираётган ишлару, улар даъво қилаётган “халифалик”, ботил ва чўпчакдан бошқа нарса эмаслигини қайта-қайта таъкидлагинг келаверади. Демак, шу мавзуда такрор сўз юритмоқликнинг зарари йўқ...
...Ўн тўрт асрдан ўтдики, Ислом инсониятни тўғри йўлга бошлаб келмоқда. Инсониятни жоҳилият ботқоғидан олиб чиққан дин ҳам Исломдир. Унинг арконлари бағрикенглик, шафқат, тенг­ҳуқуқлилик, тинчлик каби омиллар асосида қурилганини барча инсофли инсонлар эътироф этади. Шу боиски, Исломга эътиқод қилувчилар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ҳолбуки, куч, зулм билан Исломга киритишни динимизнинг ўзи тақиқлайди. Наинки инсон, балки ҳайвонот ва набототга зулм қилиш ҳам Ислом дини қаттиқ қоралайдиган амаллар сирасига киради.
Бу дунёда эзгулик бор экан, унинг зидди бўлган жаҳолат иллати ҳам бўй кўрсатиши табиий. Зеро, бу дунё синов дунёсидир. Демак, ҳаётда дин душманлари учраб туриши ажабланарли эмас. Ёмони, улар бугунга келиб, “сопини ўзидан чиқариб”, мусулмонни мусулмонга душман қилиш йўлига ўтди. Бунинг энг осон йўли – динда фитна чиқармоқдир. ИШИД террорчи гуруҳи ана шундай фитналарнинг аччиқ ҳосиласидир.
Тарихдан маълумки, олдинлари ҳам ер юзида турли фасод ва бузғунчилик ишларини қилган гуруҳлар бўлган. Улар ўз даврида бутун Ислом оламига катта хавф солган. Ўшандай гуруҳлардан бири хавориж фирқаси бўлиб, бугунги кунда гўёки “халифалик”ни эълон қилган ИШИДнинг кўплаб жиҳатлари ушбу илк оқимга ўхшаб кетади. Лекин ИШИДчилар эса хаворижлар қилган ишларнинг баттарини қилишмоқда. У хотин-қизларни зўрлаш, жория сифатида ишлатиш ёки қул қилиб сотишдек ғайриинсоний ҳаракатларга қўл урмоқдалар. 
Икки олам сарвари Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб турар”, (Насоий ривоят қилган) ва “Ким аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳақини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан”, деган (Абу Довуд ривоят қилган) бўлишларига қарамай, ўзлари босиб олган ҳудудларда истиқомат қилаётган христианларга ҳар ой 250 АҚШ доллари миқдорида солиқ (жизя) тўлаш, Ислом динини қабул қилиш ёки мамлакатни тарк этиш талабини қўймоқда. ИШИД­чиларнинг бу кирдикорларини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. 
Замонамиз уламоларининг барчаси ИШИДнинг шариат меъёрларига мос келадиган ҳеч бир жиҳати йўқ эканини таъкидламоқдалар. Уларга нисбатан “Ислом давлати” иборасини қўлламаслик, “халифалик” давлати шариат талабларига мос эмаслигини айтмоқдалар. Улар маслаги тўғри бўлганида, хайрихоҳлар бўлар эди. Лекин дунёнинг машриғию мағрибини ахтарсак ҳам бундай инсонларни топа олмаймиз. Улар сафига қўшилаётганлар эса қалби сўқир манқурт кимсалардир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ўзига эргашганларнигина дунё ва охиратда саодатманд этади. Шаъни улуғ Зот Ўз каломида:  “Ким Аллоҳни маҳкам тутса, шубҳасиз, тўғри йўлга ҳидоят топган бўлади” (Оли-Имрон, 101), деб марҳамат қилган. Шунингдек, Қодири Мутлақ эса фитна-фасод тарқатиб, ўзгаларга зулм қилувчи, ноҳақдан инсон қонини тўкувчиларга охиратда улкан азоб борлигини Қуръони каримда қайта-қайта таъкидламаганми?! Илоҳий амрларнинг тескарисини қилаётган ИШИДчилар башарасига тутадиган тиниқ ойна шу эмасми?!
 
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилояти “Имом Бухорий”
жоме масжиди имом-хатиби