Дунёнинг турли нуқталарида бўлаётган нотинчликларни кўриб,  юртимизда кечаётган бугунги осуда кунимиз учун Аллоҳ таолога ҳар қанча шукр қилсак, оз. 
Тинчлик-хотиржамлик хусусида гап кетганда унинг бардавом бўлиши баробарида, бу неъматнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш масъулиятини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик даркор. 
 
Нотинчлик яқин жойда бўляптими ёки узоқ хориждами – фарқи йўқ: бунинг таъсири барибир сезилади. Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳуш­ёрликни йўқотмаслик лозим. Зеро, бўлаётган урушлар, муҳорабалар, таъбир жоиз бўлса, айсбергнинг кўриниб турган бўлаги. Унинг кўринмас улкан бўлагини эса поёнсиз ахборот майдонига қиёс этиш мумкин. Ахир ҳозирги зиддият-низоларга аввало ахборот майдонида замин яратилмаяптими? Турли оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали бўлаётган ғоявий хуружлар охир-оқибат инсонларни бир-бирига душман қилиб, қон тўкилишга сабаб бўлмаяптими?! Демак, қўлимиздаги, чўнтагимиздаги уяли телефон воситаси орқали интернет оламига шўнғиш камолотга ҳам, жаҳолатга ҳам рўбарў этиши мумкин. Гап қандай ният ва мақсадларда ундан фойдаланишда! 
Ҳозирги кунда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 10 миллиондан ошди. 16 мингга яқин Uz доменидаги веб-сайтлар фаолият олиб бормоқда. 200 дан ортиқ веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган.
Интернет тармоғида маънавий таҳдидлар, ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган хуружлари тобора авж олаётгани, “омма­вий маданият”га қилинаётган тарғиб миллатнинг тарихий хотирасини бузиш ва ўзгартириш хавфини юзага келтираётгани бор гап.
Бундан ташқари, бузғунчиликни қасд қилган гуруҳларнинг  7000 дан ортиқ веб-саҳифалари ғаразли мақсадлар йўлида фаолият кўрсатмоқда. Бу жиддий хавфдир.
Фарзанд камоли, унинг маънан ва жисмонан соғлом бўлиб етишишида ота-онанинг зиммасидаги масъулият катта. Ҳеч ким фарзандини бировдан кам бўлсин, демайди албатта. Жумладан, компюьтер ва уяли телефон ҳам олиб беради. Бироқ бу воситалардан фарзандлар қандай ва нима мақсадда фойдаланишаётгани назорат қилинавермайди.
Мўъжазгина қутича бўлган ўша уяли телефондан интернетга кирилса, поёнсиз виртуал олам намоён бўладики, ундаги олатасирлар наинки ақл, ҳатто тасаввурга сиғмайди. Бу оламга бирров назар ташлаган бола унга ипсиз боғланиб қолиши тайин. Бугунги ғоявий курашлар асосан виртуал оламда рўй бераётгани инобатга олинса, кафтдек телефон орқали не балоларга гирифтор бўлиш эҳтимолини англаш қийин эмас. Ахир интернетнинг улкан имкониятларидан ғараз мақсадда фойдаланаётган ақидапарастлар озми?! Диний тушунчаларни нотўғри талқин этиб, ёшларни ўз домига тортаётганлар-чи? Интернетдаги диний маълумотларга дуч келганда огоҳ ва сергак бўлиш, имкон қадар Uz доменидаги сайтларга мурожаат этиш лозимдир. 
Бугунги ахборот асрида ғоявий-мафкуравий курашлар авж олган экан, унинг хавфи фарзандимиз қўлидаги мўъжаз қутича орқали таъсир этишини эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Зеро, бугунги тараққиёт бизга катта имкониятлар тақдим этиши баробарида шунга яраша муаммолар ҳам туғдирмоқда. Буни асло ёддан чиқариб бўлмайди.
 
Зайнилобиддинхон ҚУДРАТОВ,
Пискент тумани “Мулла Бўта Қози” масжиди имом-хатиби