Фитна одамлар орасини бузади, уларни бир-бирига душман қилади, отани боладан, яқинни жигардан... айиради. Нотинчлик, низо, иғво келтириб чиқаради.
 
Фитна айрим ғаразли манфаатдор тоифалар хоҳиш-иродаси рўёбга чиқишига хизмат қилади. Бунга Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудларини босиб олган ИШИД террорчи гуруҳининг амалга ошираётган қонли фаолияти яққол мисолдир.
Фитна илмсизлик натижасида келиб чиқади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганларидек, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб хатарли фитналарни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло фитна ҳақида Ўзининг Каломи шарифида: “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир” (Бақара, 191), деб ўз бандаларини турли кўринишдаги фитналардан эҳтиёт бўлишга бую­ради. Чунки инсоннинг маънавий ўлими унинг жисмоний ўлимидан аянчлироқдир. Шу боис ояти каримада инсонлар орасида фитна, фасод ишларни тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ экани айтилмоқда, чунки инсоннинг руҳини ўлдириш – унинг жасадини ўлдиришдан фожиалироқ, оқибати эса даҳшатлироқдир.
Қуръони каримда: “(Эй, инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга “дўстларга” эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар” (Аъроф, 3), дея марҳамат қилинади. 
Аллоҳ таоло Қуръонга эргашишга амр этмоқда ва эшитилиши ёқимли, кўриниши жозибали, аммо мазмунию мақсади ёмонлик, оқибати эса фосиқликдан иборат даъватлар қилувчи “дўстлар”дан йироқ бўлишни қатъий буюрмоқда. Яна Қуръони каримда шундан кейин ҳам тафаккур қилмайдиган, ҳидоятга қайтмайдиган мусулмонлар тўғрисида гўзал тадбир, адолат йўли зикр қилинади: “Эй, мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”(Нисо, 59).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло  Ўзига, Расулига ҳамда ўз ораларидан чиққан бошлиқларга итоат этишни барча мўминларга буюрмоқда. Дарҳақиқат, Қуръонда ҳар қандай муаммоли масаланинг адолатли ечими бор. Ихтилоф вақтида энг тўғри ечим фирқаланишнинг олдини олишдир. Асл тараққиёт ҳам, саодат ҳам бирдамлик, ҳурфикрлик натижасида амалга ошади. Бунинг учун ҳар бир фуқаро Аллоҳ қайтарганларидан қайтиши, буюрганларига итоат этиши ҳамда ўзларидан бўлган ишбошиларга сўзсиз бўйсуниши шарт. Яъни, мусулмон кўр-кўрона тақлид қилмасин. У ҳар бир нарсага миллий, диний қадриятларига ҳамоҳанг ақлан ёндашсин. Ўзининг илми етарли бўлмаса, илмли, ишончли, тақводор олимлардан сўраб билсин. Ўрганганларига амал қилсин. Шундагина ҳидоят топади. Фитна қурбонига айланмайди. Акс ҳолда: “Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бош­қа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!” (Нисо, 115).
Аён бўлаётирки, фитна, унга етакловчи ҳар бир хатти-ҳаракат – оғир гуноҳ. Ундан тийилиш – мусулмонларнинг бурчи. Динига, маънавиятига, халқига содиқлик эса хотиржамлик, юрт равнақи, энг муҳими, икки дунё саодатига эришиш калитидир. Шундай экан, турли кўринишдаги ёт ғоя­лар таъсиридан сақланайлик, фитналардан огоҳ бўлайлик. 
 
Шукуржон ШАНИГМАТОВ,
Чилонзор тумани “Дўмбираобод” жоме масжиди имом-хатиби