Кексаларга кўрсатиладиган ҳурмат ва эъзоз муқаддас динимизда шариат таълимоти асосида амалга оширилади. Бу борада Қуръони карим оятларидан, Набий (алайҳиссалом)нинг ҳадисларидан, уламоларнинг ижмоларидан ва улуғларнинг амалларидан ҳужжатлар, далиллар бор.
 
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “У сизларни (Одамни) туп­роқ­дан, сўнгра (авлодларини) нутфадан, сўнгра лахта қондан яратган зотдир. Сўнгра У сизларни (она қорнидан) чақалоқ ҳолингизда (дунёга) чиқарур. Сўнгра (У) сизларни вояга етишингизга, сўнгра қаришингизга (имкон берур). Сизларнинг орангизда (балоғат ёки кексалик ёшидан) илгари вафот топадиган кишилар ҳам бўлур. (У) сизларни белгиланган ажалга етишингизга (қў­йиб берур). Шоядки, (бу тўғрида) ақл юргизсангиз” (Ғофур, 67).
Инсон онадан туғилгунига қадар ҳар бир лаҳзада Аллоҳнинг иноятида бўлади. Агар ушбу илоҳий иноят бир лаҳзага узилса, у инсон бўлиб туғила олмайди, балки ўша лаҳзанинг ўзида нобуд бўлади. Ана шунинг ўзи ҳам Аллоҳ таоло одамни ҳомиладорлик босқичидаёқ азиз ва мукаррам қилганининг ёрқин далилидир.
Инсоннинг эзгулик йўлида кексайиши саодатдир. Абдуллоҳ ибн Бусрдан ривоят қилинади: “Бир аъробий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олди­ларига келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, одамларнинг яхшиси ким?” деди. У зот: “Умри узун бўлиб, амали гўзал бўлган одам”, деб жавоб бердилар” (Имом Термизий ривояти).
Демак, узоқ умр кўриш одамларнинг яхшиси бўлиш учун омил экан. Ўша узоқ умр эгаси одамларнинг яхшиси бўлиши учун қўйиладиган шарт – амали гўзал бўлишидир.
Динимизда қарилик туфайли кексаларга ибодатлар енгиллаштирилган. Жумладан, рўза тутишга қийналадиган қария­ларга рўза тутмасдан, фидя бериш жорий қилинган.
Кексаларни эъзозлаш ота-онанинг ҳурматини жойига қўйишдан бошланади. 
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 23-24).
Аллоҳ таоло бандаларини Ўзигагина ибодат қилишга амр этганидан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилишга буюрмоқда. 
Ота-онанинг ўз фарзандларидаги ҳақлари жуда ҳам кўп бўлиб, кексайиб қолганларида фарзанднинг зиммасидаги бу ҳақлар яна ҳам ортади. Яъни, мусулмонлик, инсонлик, яқинлик ва ота-­оналик ҳақларига кексалик ҳақи ҳам қўшилади.
Абу Мусо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўйсафид мусулмонни, ғулувга кетмаган ва жафо қилмаган Қуръон ҳомилини (қорини) ҳамда одил султонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир ”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти). 
 
Сайдулло ТОҲИРОВ
тайёрлади.