Кейинги вақтларда одам савдоси бутун дунёни ташвишга солаётган, халқаро миқёсда долзарб бўлган муаммолардан бирига айланди. Ишонувчан ва содда инсонларни ўзларига тобе қилиб, қул каби ишлатиш эвазига  фойда  олиш – мазкур  жиноятга қўл урганларнинг  ягона  мақсади ҳисобланади. Улар бу йўлда қонунбузарлик, алдов ва шафқатсизликни ўзларига қурол қилиб олганлар. Афсуски, биринчи навбатда аёллар ва ёш йигит-қизлар бундай жиноятчиларнинг тузоғига илинмоқдалар. 
 
Ҳаётий воқеалардан хулоса қилиб айтиш мумкин: одам савдоси билан шуғулланувчилар фирибгарлик, мажбурлаш ва бошқа жиноий воситалардан фойдаланган ҳолда заиф, ҳимоя­га муҳтожларни ўз домига тортишади. Янада фожиали томони – жиноятчилар содда аёлларимизни чет элларга сотиб юбормоқда. Бировнинг бахтсизлиги эвазига бойлик орттираётганлар ўз кирдикорларини яшириш мақсадида одам савдосининг қурбонига айланаётган шахс­ларни имкон қадар эътибордан четда тутишга, яъни, уларни ноқонуний йўллар билан хориж­га олиб чиқишга, ҳужжатларни қалбакилаштиришга ҳаракат қилишади. Масаланинг яна бир нозик жиҳати шундаки, бу қабиҳ савдонинг қурбонлари ноқонуний хорижга чиққанлиги фош бўлишидан чўчиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга мурожаат этмайдилар. Бу ҳолат одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг жавобгарликдан қутулиб қолишларига ҳамда жиноий фаолиятини давом эттиришларига шароит яратади.
Умумбашарий муаммога айланган одам савдосининг илдизини қирқиш, унинг салбий оқибатлари олдини олишга биринчи навбатда фуқароларнинг хуқуқий саводхонлигини ошириш йўли билан эришиш мумкин. Бундай ҳолатларнинг ҳамон учраб туришига асосий сабаб ҳам айрим аёлларнинг ўз ҳуқуқларини билмасликларидир. Унутмаслик керак, хорижда ишлаб келишни хоҳловчилар учун республикамизда  тегишли тартиб-қоидалар жорий этилган. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ушбу фаолият билан шуғулланади. Айни масалага қизиқувчи ҳар бир шахс  шу ташкилотдан маслаҳат, йўл-йўриқлар, саволларига жавоб олиши мумкин.
Фақат... мен бир ҳолатни кўп кузатдим: осонгина мўмай даромад топиб келаман, деб болаларининг кўзини мўлтиратиб, кекса ота-оналарининг маслаҳатига кирмай, уларнинг дилини оғритиб чет элга чиқиб кетиб, бегона жойларда бошига кутилмаган савдолар тушиб, соғлигини, тинч­лик-хотиржамлигини йўқотган аёллар ҳар қанча молу бойлик ўз она юртида кечган осо­йишта кунларнинг бир соатига ҳам арзимаслигини алам билан эътироф этадилар. Азизлар, аввало, ҳар бир ишни ақл тарозусида ўлчаб, давлатимиз қонунларига, инсонийлик шаънию талабларига қай даражада жавоб беришини чуқур мулоҳаза қилиб, кейин қўл уришга одатланайлик. Атрофимиздаги яқинларимиз, ҳамюртларимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик. 
 
Хосият ҚОСИМОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакилининг хотин-қизлар 
масалалари бўйича ёрдамчиси