Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бахтли бўлишини истайди. Лекин қизимни тезроқ турмушга берсам ёки ўғлимни уйласам хотиржам бўлардим, деган қараш фарзандлар иқболига салбий таъсир этишининг эҳтимоли катта. Мана шундай фикрдаги ота-­оналарга тушунтириш мақсадида барча шаҳар ва туманлар, қиш­лоқ ва маҳаллаларда мунтазам давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда қиз болани барвақт турмушга бериш ва эрта фарзанд кўриш, қариндош-­уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар томонидан қизларнинг 16–18 ёшларда она бўлиши жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган. Қизларнинг жисмонан ва руҳан оналикка тайёр бўлмасдан оила қуриши кўпинча туғруқ жараёнида ўлим хавфи ортишига сабаб бўлади. Бинобарин, эрта ҳомиладорлик ёш она ҳамда бўлажак фарзанд учун ҳар томонлама хавфлидир.
Тиббий текширув натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли хил хасталиклар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келаётир. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Аммо айримлар эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади, келин-куёвнинг ҳаёти издан чиқади.
Эркин фуқаролик жамияти қураётган давлатимизда оилани, айниқса, ёш оилаларни мус­таҳкамлаш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳим устувор йўналиш­лардан бирига айланди. Бу борада Юртбошимизнинг 2007 йил 18 майдаги “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини алоҳида эътироф этиш керак. Мазкур Фармонда ёшларнинг меҳнат фаолиятлари бошланишида, мус­тақил ҳаёт­га қадам қўйишларида зарур ёрдам кўрсатиш, оила эҳтиёж­ларини таъминлашлари учун барқарор даромад манбаларини шакллантириб олишларига кўмаклашиш ҳамда уй-жой ва маиший шароитларини яхшилашга доир кўплаб муҳим масалалар кўтарилган. Юртимиз бугуни ва келажагини ўйлаб қабул қилинган бу Фармон, шубҳасиз, ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашади. Оила мустаҳкамлиги учун масъ­улият ҳиссини кучайтиради. Ота-­онага, кекса авлод вакилларига ҳурмат ва халқимизнинг умрбоқий қадриятларига асосланиб, фарзандларини вояга етказишга интилиш туйғуларини шакл­лантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
 
Фахриддин ХУДОЙНАЗАРОВ,
Сурхондарё вилояти Денов тумани
“Ҳикмат” жоме масжиди имом-хатиби