Мен сизларга ўз бошимдан кечирган воқеаларни сўзлаб бермоқчиман. 
Инсон орзуси ва ҳою ҳаваси ҳеч чегара билмас экан. Ўз уйимда, тинч  маҳалламда осойишта, хотиржам ҳаёт кечираётган эдим. Қўлимда гулдай ҳунарим бор эди – автоуловларни тузатардим. Топиш-тутишим рўзғор тебратишимга етарди. Оилам, шириндан-шакар икки фарзандим бор эди. Кунларнинг бирида иш ахтариб хорижга кетган танишимни эслаб, менинг ҳам хаёлимга бир фикр келиб қолди. Кечалари уйқумни, кундузлари тинчимни йўқотдим. Чет элда ишлаб, осонгина пул топиш ва тезроқ бойиб, машина олиш, данғиллама уй солиш, дабдабали тўйлар қилиб, машҳур бўлиш пайига тушдим. Шу мақсад билан 2013 йил август ойида Россия Федерациясининг Воронеж шаҳрига йўл олдим. Мени бир неча йиллардан буён ўша ёқда яшаб юрган ўртоғим Алоуддин кутиб олди. Шу куниёқ ўзи яшаб турган квартирага жойлаштирди. У ерда яна тўрт нафар тожикис­тонлик йигит ҳам бор экан. 
Менинг мақсадим – тезроқ иш топиш, пул жамғариш ва сўнг Ватанга қайтиш эди. Келганимдан бери кўп вақт ўтмаган бўлса-да, Ватаним ва оиламни соғина бошладим. Алоуддин ва унинг ҳамхоналари иш ҳақида ўйламас, қандайдир китобларни ўқиш ва интернетни ковлаштириш билан банд эди. Бўш вақтларида эса турли режалар тузишар, кимлар биландир телефонда узоқ гаплашишар ва нималарнидир муҳокама қилишар, мен эса бу ҳолатга тушунолмас эдим. 
Бир куни тушликдан сўнг зерикиб, токчадаги китоблардан бирини олиб варақладим. Унда ҳарбий жанг сир-синоатлари, қуроллардан фойдаланиш усуллари ва жиҳодга даъват қилувчи гаплар бор эди. Алоуддиндан бу китоб ҳақида ва нима учун бу китобни кўп ўқиётганларини сўрадим. Ўртоғим бу ҳақда ҳеч кимга гапирмаслигимни тайинлагач, ҳар бир мусулмон жиҳод қилиши кераклиги, агар мен ҳам мусулмон бўлсам, уларга қўшилишим зарурлигини уқтирди. Шундан кейин уларга қўшилиб, жиҳод ва жанг қилиш сир-синоатлари ҳақидаги китобларни ўқий бошладим. Бир куни Алоуддин: “Энди биз Сурия ҳудудига ўтиб, “Ироқ ва Шом Ислом давлати” ташкилоти сафига қўшилишимиз керак. У ерга Туркия орқали учамиз. Бизни суриялик биродарларимиз кутиб олади”, деб қолди. 
Унинг катта, ёқимли ваъдалари таъсирида таклифига рози бўлдим. Биз Туркия орқали Сурияга етиб бордик. У ерда бизни Абу Усома деган соқолли бир одам кутиб олди. Бизни ҳарбий истеҳком томонга бошлар экан, йўл-йўлакай у ердаги шароитни кўриб, танам музлаб кетди. Ҳар томондан ўқ овозлари эшитилар, теварак-атроф қўрқинчли эди. Ҳарбий истеҳкомга етиб бордик. Шайх Бурҳониддин исмли қўмондон бизни қарши олиб, бу ерда фақат унинг айтгани бўлиши, шубҳали ҳаракат қилсак ёки қочишга уринсак, сўзсиз отиб ташланишимизни уқтирди. У ердаги ҳолат айтиб бўлмас даражада аянчли ва жирканч эди. Улар учун инсон ҳаёти арзимаган бир  сариқ чақадай эди – истаган кишиларини итдек отиб, қўй каби бўғизлашарди. Биз бундай ҳаётга аста-секин ўрганиб, қиладиган ишларимизни тўғри деб билар, Ислом учун хизмат қил­япмиз, деб ўйлардик. Шу тариқа қарийб бир йил мен Сурияда бўлаётган қонли тўқнашувларда қатнашдим. У ердаги қўмондонлардан бири мендан: “Ислом дини учун буюк ишлар қилишга розимисан?” деб сўради. “Албатта”, дедим. У Ватанимга қайтиб, ёшларни жиҳодга тарғиб қилишимни, ИШИД­га олиб келишимни, агар бу ишни уддаласам, менга қўмондонлик унвони берилишини айт­ди. Шундан сўнг яна Россия орқали Ўзбекистонга қайтиб келдим. Қўл телефонимга жиҳод, ҳижрат, шаҳидлик тўғрисида қилинган маърузалар ва Сурияда юрган вақтимдаги фотосуратлар ҳамда видеолавҳаларни ёзиб олган эдим. Аэропорт текширувидан ўтаётганимда бу нарса ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар, божхона ходимлари эътиборини тортди ва бунга аниқлик киритиш учун мени сўроққа тутишди. Кейинчалик билсам, бу ишларим жиноят, катта гуноҳ экан. Афсус, қилган  хатоларимни англаб етганимда кеч бўлган эди...
Азиз юртдош-тенгдошларим... Эҳтиёт бўлинг, Ислом динини ниқоб қилиб олган кимсалар алдовига учиб, адашиб қолманг. Шундай тинч юртимизнинг қадрига етинг. Дунёда ҳеч бир жой одамга ўз уйи – ўлан тўшагидай бахт, хотиржамлик,  ҳаловат бахш этолмаслигини асло эсдан чиқарманг.
 
“ИШИД фитнаси”  
китобидан олинди.