Асримиз тезкор, кенг кўлам­даги ахборот оқими ва информацион технологияларнинг ривожланиш даври сифатида эътироф этилмоқда. Президентимиз “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек: “Бугунги кунда умумий эътирофга кўра, XXI аср глобаллашув ва чегараларнинг барҳам топиш даври, ахборот коммуникация технологиялари ва интернет асри, жаҳон майдонида ва дунё бозорида тобора кучайиб бораётган рақобат асрига айланиб бораётганини исботлаб беришга ҳожат йўқ”. 
Ҳақиқатан ҳам глобаллашув шароитида ахборот оқимининг бундай тезлик билан жадаллашуви, унинг таъсир кучи ва имкониятларининг ўсиши, жамоатчилик ва давлат тизимидаги турли хил йўналишларда кенг тарзда қўлланилиши, ахборот асрида инсоният тараққиётини аниқлаб берувчи муҳим омиллардан саналади.
XXI аср “интернет асри”, “ахборот асри” дея бежиз аталмаяпти. Зеро, ахборот маконининг глобаллашуви бутун жаҳон ривожига таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам интернетни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Манбаларда келтирилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида интернетдан фойдаланувчилар сони 10 миллиондан кўпроқ. 22 мингга яқин “uz” доменидаги веб-сайт­лар фаолият олиб бормоқда. 200 дан ортиқ веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган. Ҳар куни ўн минглаб юртдошларимиз “uz” доменидаги диний-маърифий сайтларга мурожаат қилишади. Демак, уларнинг интернет тармоғи орқали ўз эҳтиёжини қондириш истаги кун сайин ортиб бормоқда. Фуқароларнинг ушбу талабларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 20 дан ортиқ веб-сайтлар фаолият юритмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакилликлари, жоме масжидлар, “Мовароуннаҳр” нашриёти, Имом Бухорий халқаро маркази, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти сайтлари шулар жумласидандир.
Мазкур сайтлар, Ислом динининг ҳанафийлик мазҳаби асосида соф ислом ақидаси ва аҳкомларини ва миллий қадриятларимизни кенг тушунтириш, мутаассиблик, бидъат ва хурофотларга барҳам бериш, маънавий таҳдидларга қарши курашиш, аждодларимизнинг ҳаёт ва ижодлари билан кенг жамоатчиликни таништириш каби йўналиш­ларда фаолият юритмоқда.
“Мустақиллик байрами”, “Нав­рўз”, “9 май – Хотира ва қадрлаш куни”, “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”, “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураб­бийлар куни” каби байрамлар муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар ҳақида батафсил  маълумотлар бериб борилмоқда.
Айниқса, жамият барқарорлигига хавф солаётган диний экстремизм, терроризм, ақидапарастлик каби иллатларга қарши кураш мавзусига оид мақолалар мунтазам  эълон қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “muslim.uz” портали, “ravza.uz”, “novza.uz” сайтларида “ИШИД – Ислом душмани”, “Бугуннинг хаворижи – Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД)дан йироқ бўлинг” ҳамда “buxoriy.uz” сайтида эълон қилинган “Террорчиларнинг сохта даъволари” каби мақолалар фикримизнинг исботидир. Бу борада исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Интернетга ин қурган “ўргимчаклар” ва “ИШИД фитнаси” китобларининг тақдимотига доир мақолалар ҳам диний-маърифий сайтлар саҳифасидан жой олаётгани эътиборга моликдир.
Шунингдек, веб-сайтларда “Тинчлик – олий неъмат”, “Гиёҳвандлик ва одам савдосига қарши кураш”, “Инсон камолоти”, “Оилалар мустаҳкамлиги”, “Фарзанд тарбияси” каби мавзуларда туркум мақолалар ёритилмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги сайтларда бериб борилаётган диний-маърифий мавзудаги мақола ва маълумотлар юртимиз ёшларини мафкуравий иммунитетини оширишда, шунингдек, мамлакатимиз аҳолисини диний-маънавий дунёқарашининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. 
 
Зафариддин ҒАФФОРОВ,
Тошкент ислом университети магистранти