Гиёҳвандлик бежизга “Аср вабоси” дейи­ла­ётгани йўқ. Унинг турган-битгани зарар: истеъмол қилувчи  ўзига қўшиб авлодининг ҳам илдизига болта урса,  уни сотиб бой бўлишни истовчилар икки дунё­сини куйдирмоқда. Зеро, шариатимизда барча маст қилувчи, одамнинг ақлини оздирувчи, ҳушини кетказувчи нарсалар ҳаром қилинган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва пок­ларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!” (Моида, 88).
Гиёҳванд моддаларга ружу қўйиш – киши ўз жонига  қасд қилишидир.  Аллоҳ таоло: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...” (Бақара, 195), бошқа бир оятда эса: “Ўзларингизни ўзларингиз ўлдирмангиз...” (Нисо, 29), дейди.
Гиёҳванд моддаларни нафақат истеъмол қилиш, балки сотиш, ундан олинадиган фойда ҳам ҳаром саналади.
Гиёҳвандликка қарши кураш бўйича давлатлараро бир қанча битимлар имзоланган. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида гиёҳвандликка қарши кураш ва унинг олдини олишнинг  меъё­рий-ҳуқуқий базаси яратилди. Жумладан, 1994 йилда Наркотик моддаларни назорат қилиш Давлат комиссияси, 1996 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил Маркази ташкил этилди, 1999 йил 19 август­да Ўзбекистон Республикасининг "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинган.
Давлат комиссиясининг 2011 йил 8 июндаги қарори билан Наркотик моддаларнинг истеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича 2011-2015 йилларга мўлжалланган комп­лекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-275-моддаларини ўз ичига олган ХIХ боби “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар”, деб номланиб, бунинг учун қатъий жазо чоралари белгилангани ҳам Ўзбекистонда гиёҳвандликнинг олдини олиш ҳамда ёшларни соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги муҳим чора-тадбирлар ҳисобланади.
 
Нўъмон МЎМИНОВ,
Тошкент шаҳридаги “Маъруф ота” жоме масжиди имом-хатиби