Ҳозирги замон илм-фан тараққиёти инсонга мислсиз имкониятлар тақдим этиши баробарида тасаввурга сиғмас хавотирларни ҳам юзага келтирди. Турли бузғунчи, мутаассиб гуруҳлар ижтимоий тармоқ имкониятидан усталик билан фойдаланаётгани сир эмас. Энг ёмони, ахборот хуружларининг салмоқли қисми эътиқод масалаларига қаратилаётганида! Дунёнинг турли бурчакларидан ИШИД – Ироқ ва Шом ислом давлати дея аталмиш қонхўр тўда сафига келиб қўшилаётганлар ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ботил ақидалардан заҳарланишаяпти. Чунки буз­ғунчилар ўз қонли фаолияти билан тинчлик ва эзгулик дини бўлган Ислом ҳақида тескари таассурот уйғотишни асл мақсад қилгани аниқ. Улар ўз манфур ишларини амалга оширишда динимиздан  ниқоб сифатида фойдаланмоқда. Ўз манфаатларига мослаб сохта фатволар чиқариб олмоқда.
Аслида эса динимизда бирор масалада ҳукм олиниши лозим бўлса, аввал Қуръони каримга мурожаат қилинади. Шу жараёнда ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби, оят носих ёки мансух экани, унга берилган уламоларнинг тафсирлари атрофлича ўрганилади. Агар Қуръони каримда ушбу масаланинг ечими бўлмаса, ҳадиси шарифга қаралади. Қабул қилинган ҳадис ҳам синчковлик билан санаддаги ҳар бир ровий қабул бўлиши учун зарур шартлар асосида ўрганиб чиқилади. Ҳатто санаддаги ровийларнинг қачон қаерда кўришишгани ҳам эътибордан четда қолмайди.
Ҳукм чиқаришдаги манбалардан яна бири саҳобаи киромларнинг ибратли йўлларидир. Шундан кейин ҳам масаланинг ҳукми равшан бўлмаса, замонанинг мужтаҳид, фатво бериш даражасида бўлган уламолари жамоаси ҳукм чиқаради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Умматим хато иш устида бирлашмайди”, деган қавлларига мувофиқ, уламолар бир овоздан қабул қилсаларгина, фатво ҳисоб­ланади. 
Бузғунчилар эса аксинча, олимлиги, фатво чиқариш салоҳияти бор-йўқлиги аниқланмаган, чаласавод кишиларнинг қабул қилган “фатво”ларига тая­ниб, иш кўрмоқда. Бу асрлар давомида ҳар бир масдарини дақиқ текшириб, сўнгра амалга киришган Ислом динига нисбатан ҳурматсизлик, уни бутун дунё ҳамжамияти олдида ёмонотлиқ қилишдир. 
Бузғунчи оқимларнинг энг манфур даъволаридан бири мусулмонларни кофирга чиқаришларидир. Бу бадкирдорлик ортидан кўзланган мақсад маълум: имон-эътиқодли кишиларни  кофирликда айблаб, шу орқали уларга қарши уруш очиш. 
Аслида ақида китобларимизда имоннинг таърифи бериб ўтилган. Бу ҳақида “Ақийдатут Таҳовийя”да бундай дейилади: “Имон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила  тасдиқ қилишдир”. Яъни кишининг имонли деб топилиши учун шу шартларнинг ўзи кифоя. Ҳадиси шарифларда эса имон ҳақида баён этилади: “Уч нарса имоннинг аслидир: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деган кимсага тегмаслик; гуноҳи боис уни куфрда айбламаслик; амали учун уни исломдан чиқармаслик” (Имом Абу Довуд ривояти). Бундан англашиладики, ИШИДчиларнинг қилаётган даъволари асоссиз ва пучгина бўлиб қолмай, динимизнинг асл манбаларига ҳам мутлақо зиддир.
ИШИДнинг фитналаридан яна бири ҳижрат борасидадир. Уларнинг даъволарига кўра, ҳижрат қилмаган инсон кофир бўлар эмиш! Бу фикр ҳам бош­қа даъволар каби илмсизлик билан тўқилаётган рўёдир. Ҳиж­рат, ҳижратнинг шартлари борасида бирор маълумотга эга бўлмаганларнинг қуруқ гап­лари, холос. Ислом тарихига бир назар ташлайлик. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у зотга эргашган мусулмонлар нисбатан таз­йиқлар ортиб, уларнинг ибодат қилишлари мумкин бўлмай қолганида, қолаверса, азиз жонларига қасд қилиш бошланганида Аллоҳ таоло ҳижрат қилишга буюрди. Ҳеч бир ўринда эътиқод эркинлиги таъминланган, ибодат қилишга тўсқинлик бўлмаган жойда ҳиж­рат қилиш айтилмаган. 
Шу ҳолатлардан хулоса қилиб айтиш лозимки, бугунги глобаллашув жараёнларида, ахборот оқими тезлашган бир даврда яшарканмиз, бирор маълумотни қабул қилишдан олдин унинг масдарларини ўрганайлик. Фарзандларимиз ижтимоий тармоқлар орқали қабул қилаётган маълумотларга диққат-эътиборли бўлиб, уларда бузғунчи фикрларга қарши маънавий куч ҳосил қилайлик. Мақсадимиз келажак авлод турли фитнакор оқимларнинг интернетда қўйган тузоқларига тушиб қолмасин. 
 
Раҳмонқул МАМАТҚУЛОВ,
Бахмал тумани бош имом-хатиби