Оила – юрт таянчи, жамият пойдевори. Ҳар қайси миллатнинг маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, шубҳасиз, оиланинг ўрни беқиёсдир. Маърифат зиёсига йўғрилган оилалар Ватан кўркига кўрк қўшади. Чунки инсоннинг энг соф, покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари аввало оилада шаклланади. Миллий қад­риятларни келажак авлодларга етказадиган муқаддас маскан. Асрлар оша ота-боболардан ўтиб келаётган урф-одатларни сақлаш, жамият тинчлиги, фаровонлигига ҳисса қўшиш ва энг асосийси, эртанги куннинг таянчи бўлмиш ёшларни тарбия­лашга масъул даргоҳдир. 
Муқаддас никоҳ ва давлат томонидан қўйилган талабларга монанд равишда қурилган оиланинг мавқеи баланд, пойдевори мустаҳкам бўлади. Юртимизда никоҳ талаблари, никоҳ ёшидаги йигит-қизларнинг саломатлиги, уларнинг оилавий ҳаётга қай даражада тайёр эканликларини белгилайдиган бир қанча ҳуқуқий меъёрлар бўлиб, бу ҳуқуқий-норматив ҳужжатларда оиланинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни ва мавқеи кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила Кодекси, оила, никоҳланувчилар ҳамда она ва бола саломатлиги, оилавий муносабатларга бағишланган Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари шулар жумласидан. 
Умуман, мустақиллик йилларида мамлакатимизда оиланинг  жамиятдаги ўрнини юксалтиришга катта эътибор қаратилди. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар асносида оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазалашга қаратилган чора-тадбирларга муҳим ўрин берилди. Бунда ёш оилаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий ҳимоялаш, “Соғлом она – соғлом фарзанд” тамойилига мувофиқ оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада равнақ топтириш, жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини кучайтириш каби бир қанча муҳим йўналишлар белгиланди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси мамлакатимиз фуқаролари фаровон яшашлари, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси учун амалга оширилмоқда. 
Зеро, давлат ва жамият барқарорлиги, Ватан тараққиёти оиладан бошланади.
Одам улғая борган сари Ватан тушунчасини янада кенгроқ тафаккур эта бошлайди, ўзи вояга етаётган хонадон унинг учун энг қадрдон даргоҳ бўлади. У ана шу даргоҳда меҳр-оқибатни, диёнатни, имон-эътиқодни англайди. 
 
Меҳринисо САИДЖАЛОЛОВА, 
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 
ахборот-ресурс маркази раҳбари