Маърифатпарвар шоир Фур­қатнинг “Фиғонким, гардиши даврон, айирди ўз диёримдан”, дея бошланадиган ғазалини ўқирканман, Ватан дея аталган энг азиз гўшага қанчалар боғлиқ эканимни, усиз бирор кунимни тасаввур қила олмаслигимни теранроқ англайман. Зеро, ундан айро тушган ҳеч бир зот мукаммал бахтни орзу қилолмайди. Қанча бадавлат бўлмасин, Ватаннинг бир ҳовуч тупроғи учун борини беришга шай туради. Ватандан олисда мудом қалбининг бир чеккаси ҳувиллаб, кемтиклигини билдириб тураверади. 
Бундан улкан бир ҳақиқатни англадим: Ватанни унинг гўзалликларига, сарватларига ёки қудратига қараб севиб бўлмас экан. Уни Ватанинг бўлгани учун, киндик қонинг тўкилгани учун ҳеч қандай таъмасиз яхши кўраркансан киши.
Тонгда туриб фарзандларим хотиржам ухлаб ётган уйимнинг деразасидан ташқарига боқаман. Ғира-шира ёриша бошлаган тонг, беҳол титраб турган дарахт барглари, катта йўллар ёқасида гуркираб ўсган райҳонлар, уларнинг хушбўй ислари, хуллас, Ватанимда ҳар куни кўраётганим кичик бир манзара ҳам қалбимни шодликка тўлдиради. Булар менга тинчликнинг, хотиржамликнинг белгиси бўлиб туюлади.
Аслида ҳам шундай! Аждодларимизнинг хоки поклари қўним топган, барча дўсту ёрга, хешу ақрабога тинч ва осуда ҳаёт берган ана шу Ватан билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Истиқлолнинг илк йилларидаги Ўзбекистон билан бугунгисининг қанчалар фарқи бор?! Энг чекка қишлоқлардаги мактаблар ҳам замон талаблари даражасида, кўчалар кенг ва равон, барча қулайликларга эга уйлар, ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисман баркамол бўлиб улғайишлари учун яратилган шароитлар...
Шаҳарларимиз манзараси ундан ҳам гўзал: кундан-кун чирой очаётган  кўчалар, ҳар йили  халқимиз ихтиёрига топширилаётган бинолар... Уларнинг ҳар бирига алоҳида бир меҳр ва эътибор билан ёндашилаяптики, ҳам миллий меъморчилик анъаналари, ҳам замонавийлик руҳини ўзида мужассам этган иншоотлар бугун халқимизнинг юксак салоҳиятини, қудратини бутун жаҳонга кўз-кўз этмоқда. 
Шунинг баробарида таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ўзини оқламоқда. Ёшларимиз фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгалламоқдалар, спортнинг турли йўналишлари бўйича жаҳон чемпионларининг сони эса йилдан-йилга ортиб бормоқда. 
Эътироф этиш лозимки, бугун юртимизда барча нарса инсон ва унинг манфаатлари учун. Олиб борилаётган оқилона сиё­сат туфайли бугун фуқароларимиз тўкин ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. 
Шундай дамларда қалбимдан бир ўй ўтади. Инсон фарзанди учун барча неъматларнинг энг сарасини хоҳлайди, бор ҳаракатини шунга кўра амалга оширади. Ватан ҳам шундай, биз учун энг яхши ҳаётни, энг сара неъматларни илинади. Олиб борилаётган барча ишлар ҳам шу халқ учун, биз учун.  
Ватан! Ҳар дақиқа сен ҳақингда ўйларканман, кўнглим фақат фараҳга, шодликка тўлади. Сенинг бағрингда эркин қадам босарканман, қалбим хотиржам, бошим баланд. Мен Ўзбекистон дея аталган мустақил юртнинг озод бир фуқаросиман. Эртанги кунимнинг янада яхши бўлишидан кўнглим тўқ, фарзандимнинг ҳам обод бир келажагидан умидим катта. Бу умидимнинг, ишончимнинг асоси Сенсан она Ватаним! Энди биздан лозим бўлгани шу Ватанда туғилганимиз, унинг фарзанди эканимиз учун шукрона этиб, бу неъматларнинг қадрига етиб яшашдир. Зеро, неъматнинг шукри уни заволдан сақлаши ҳақида Аллоҳнинг ваъдаси бор! Шукр қилайликки, энг азиз неъматимиз – истиқлолимизга кўз тегмасин, Яратган уни заволдан Ўзи асрасин!
Шоир айтганидек:
 
Бошинг эгиб, таъзим айла, шукрона айт,
Сени гулдек эркалаган чаман учун.
Осмонларда юрган бўлсанг, тупроққа қайт,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?
 
дея яшайлик, азиз ватандош!
 
Нигора МИРЗАЕВА