Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаси, таниқли драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий нашр этган (1914 йил 20 август) «Ойна» журналида миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқига, тарихига, тил ва адабиёт масалаларига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун бир неча тил билишни шарт ҳисоблади. Журналнинг биринчи сонидаёқ «Икки эмас, тўрт тил лозим», деган мақола билан чиқиб, ўзбек, тожик, араб, рус ва ҳатто хориж (мас. француз) тилини билиш шарт деб ҳисоблади: “Бизға лозимки, ўз нафъимиз учун русча билайлук, ҳукумат мактабларинда ўқуйлик. Давлат мансаблариға кирайлук. Ватанимизға ва ўз динимизға хизмат этайлук. Мусулмон бўлуб туриб тараққий қилайлук. Бу замон тижорат иши, саноат ва мамлакат ишлари, ҳатто, дини ислом ва миллатға хизмат илмсиз бўлмайдур...”  Айни пайтда тилнинг муҳофазаси, ўзаро муносабатлари ҳақида муҳим ва зарур мақолалар чоп этди. Ўша даврда чоп этилган “Жаҳолат дардларидан” мақоласи  бугунги тилимиз ҳолидан ҳам шикоятдир.

 

Исмимизни билмаймиз! Нима учун? Бизға ўргатмабдурлар. Масалан, исмимиз Абдулсамад экан, «Абсамат», ҳатто, қишлоқларда «Апсат» дерлар. (Афу буюрулсун, адабдан хориж бўлса-да, адабға даъват этар.) Оти Ёдгор экан — «Жодигор», Лутфулло экан — «Нутфулло» аталадур. (Астағфурулло!) Ғалат атамоқ сабаби ила авом котиблар тарафидан қозихона, валаснойхона ҳужжатларинда ва ҳукумат маҳкамаларинда ҳам шул тариқа ғалат ва масхаралик ҳолатинда ёзилур. Ҳатто, шаҳарларда, дўкон ва корхоналарни тепасинда русча ва мусулмоний хат илан «Обдукодир», «Патхулла», «Санатулло» («Санъатулло»), «Обдурахмон» ва мундан ҳам ғалатроқ ёзилиб осилган лавҳалар бордур. Бу ғалатлар бонка ва хазина ва нотариус-мақоволот муҳаррирлиги доиралариғача борар. Бир замон бу ғалат исмларни тўғри ёзиб маҳкамаға берилса, маҳкамадан тўғрини ғалат деб қайтарарларки, аларни қайтариши тўғридур. Бу ғалатларни тузатмоғи ва ё дурустларни ғалат қилмоғи учун иш эгасиға, яъни исмни соҳибиға ҳафталар ва ойлар ила югурмоқ лозим келур. Муни-да қўйдук.

Шундай ғалат кета берса, йигирма-ўттуз сана сўнгра халқ янадан авомроқ бўлуб, мусулмон исмлари яна зиёдароқ бузилур. Дўкон ва корхоналар тепасиндаги унвонлар мундан зиёдароқ ғалат исмларни шомил бўлур. Энди мунга илож, исм қўйганда, исмни маъносини баён қилинмоқ ва кайфияти талаффузни ота-онаға билдурмоқ керак. Ва алар болани ўзиға ҳам билдурсунлар ва исмларни ёзганда ва чақирганда дуруст атамоқ керак. Ва ҳам «Жўрақул», «Норқул», «Тошмурод», «Болтақул»дек маъносиз исмлар ила болани аталмасун. Балки арабий, туркий, форсий маънолик исмлар ила аталсун…
Ажаби шулки, идорада ғалат ёзилиб келган исмларни тўғри ёзиб юборилса, эгалари рози бўлмайдур. Исмлари арабий экан, араб қоидаси бўйинча «алиф» — «лом» ила ёзсанг, шикоят этарлар. Оре, ул бечораларға айб йуқ. Айб жаҳолатға ва мактабсизликға ва руҳонийларни(нг) мусоҳалаларинда, диний ва миллий ишларға диққат этмаганлариндадур. Исм тўғрисинда тотор биродарларимизни ҳам баъзи ҳоллари ажойибдур. Масалан, «Айнулло», «Набиюлло», «Руҳулло» деган исмларға учраладурки, бу ҳам бир навъ диққатсизликдур.
 
«Ойна» журнали, 1914 йил, 18-сон