Президентимиз Ислом Каримов­нинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли асарларини ўқир эканман, унда битилган ҳар бир сатрда Ватанимиз фуқароларини бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш, огоҳликка ундаш ва тинчликни асраб-авайлашга чорлаш баён қилинганлигининг гувоҳи бўлдим. Айниқса, китобнинг “Халқимизга тинчлик ва омонлик керак” бўлимида битилган жумлалар кишини бевосита шу Ватан тақдирига бефарқ бўлмасликка ундайди. Жумладан, Юртбошимиз халқимизни огоҳликка чақириб шундай дейдилар: “Мен бугун имкониятдан фойдаланиб, бутун халқимизга қарата айтмоқчиман: мана шундай ўта таҳликали замонда биз ташқи сиёсатимизни ўтказишда огоҳ ва сезгир бўлиб, шу йўлда бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир”. Дарҳақиқат, ушбу ўринда таъкидланган “огоҳ ва сезгир” бўлишнинг замирида тинчликнинг қад­рига етиш ётади.
Тинч-осуда ва саодатли ҳаёт кечириш туйғуси халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Қайси даврада бўлмайлик, у хоҳ маърака бўлсин, хоҳ у тўй, кексаларимиз дуога қўл очиб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ризқимизнинг кенг бўлиши ва фарзандларимиз камолини сўрайдилар. 
Ер юзининг турли жойларида бўлиб турган офат ва балолар, ноҳақ қон тўкишлар кишини ташвишга солмай қўймайди. Бу аянчли ҳолатлар обод шаҳар-қишлоқларнинг вайронага айланишига, минг-минглаб бегуноҳ инсонларнинг ўз ватанларидан жудо бўлиб, бошпанасиз сарсон-саргардон бўлишларига сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолатларни идрок этарканмиз, юртимиздаги тинчлик, хотиржамлик учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукроналар айтишимиз лозим.
Бугунги кунда ёвуз кучлар Ислом динига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқу фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқдалар. 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Охир замонда дажжоллар (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ тутинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Мустақилликдан сўнг юртимиздаги тинчлик ва фаровон ҳаётни кўра олмаган турли буз­ғунчи фирқа ва оқимларнинг мусулмонларимиз бирлиги ва эътиқоди мусаффолигига қарши қаратилган хуружлари ҳам кўзга ташланди. Аммо асрлар давомида имон-эътиқоди шакл­ланиб келган халқимиз бу таҳдидларни ўз вақтида англаб етди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, юртимиздаги фаровон ва тўкин ҳаётни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз огоҳ ҳамда масъул бўлишимиз лозим. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов юқорида зикр этилган китобда айтганларидек: “Биз бошимиздан кечираётган замон барчамиздан, ҳар биримиздан огоҳ ва сезгир бўлиб яшашимизни, бугунги ва эртанги кунимизни, тинч ҳаётимизни ўзимиз асрашимизни талаб этади. Фақатгина тинчликни ният қилиш, орзу қилиш эмас, балки тинчлик, осуда ҳаёт учун, мусаффо осмон учун албатта баҳоли қудрат кураши­шимиз даркор”.
 
Абдураҳмат ЖЎРАЕВ,
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги “Хожа Каъбул Ахбор”жоме масжиди имом-хатиби