Бир донишманд оилали, бола-чақали йигитнинг ҳар куни зарур юмушларини ташлаб, тепаликка чиқиб узоқдаги ўтовларни кузатаётганини кўриб: “Ўғлим, қачон қарасам, олислардан кўз узмайсан. Сен аввал ўз гўшанг, яшаётган уйингга ҳушёр бўл, йўқса, уйингни бошқалар кузатади. Кейин аттанг қилиб қоласан”, деб танбеҳ берди. Дарҳақиқат, йигит ортига ўгирилиб қараса, аёли аллақачон уйини ташлаб кетган экан...

Бу ҳикоят мағзини чақиб кўрайлик. Алдов­лар, пуч ғояларга учиб, қаерлардадир адашиб, дайдиб юрган ғофил кимсалар оиласидан, фарзандларидан айрилиб қолаётгани сир эмас. Яқинда хизмат тақозоси билан бир хонадонга кирдик. Ҳовли ҳувиллаб ётибди. Томорқа қаровсиз, ҳатто мевали дарахтлар ҳам қуриб қолган. Уй эгаси етмишларга яқинлашган онахон. Рангсиз юзлари, нурсиз кўзларига боқиб, дилинг хуфтон бўлади. Ўрнидан туриб, юргани мажоли йўқ, қўллари қалтирайди. Бизни кўриб, йиғлай бошлади. Қўни-қўшнилар уни ёлғизлатиб қўйишмабди. Иссиқ таом билан йўқлаб туришибди... Одамийлик ўлмасин, дейсиз.

Бояқиш кўнглини ёзди. Бундан бир неча йил аввал ўғлининг юриш-туришида ўзгаришлар юз берган. Келинига турли чекловлар қўйган, ҳатто унга алоҳида ҳайдовчи ёллаган. Тез-тез хизмат сафарига кетяпман деган баҳонани рўкач қилиб, оила аъзоларини алдаган. Улфатлари билан бузғунчи тўдага қўшилган. Жаҳолат ва залолат ботқоғига ботган ўғил қамоқ жазосига маҳкум этилади. Хотини эса эри қамалгач, ҳайдовчига турмушга чиқиб кетади. Болалар бувининг қарамоғида қолади. Ўғил қамоқдан қайтганидан кейин янги улфатлар топади. Онасининг оҳу зоридан пинак бузмайди. Аёлининг хиёнати кўнглига ғашлик ҳам солмайди. Россияга жўнаб кетади. Бирор марта на онаизоридан, на болаларидан хабар олади. Пуч ғояларга алданган ўғил уларнинг сиртмоғидан омон қололмади.
Телеэкран орқали панжара ортида ўтир­ган турли ёшдаги кимсаларни кўр­га­ним­да, уларга қараб, юракда ўкинч, алам билан сўзлагим келади: “Эй замондо­шим, азиз юртдошим, сизга нима керак эди?! Урушни суйган одам эл бўлармиди? Юртига қайғу-кулфат соғинган кимсанинг косаси оқарадими?! Она Ватанга, муқаддас тупроққа, содда ва самимий халқимизга му­носиб яшашни қачон ўрганасиз?! Қал­бингизни ёмон иллатлардан халос этинг! Юртимизнинг забардаст уламолари фатволари турганида сохта “дин пешво”­ларининг олди-қочди кўрсатмаларига таян­дингизми?! Аниқ далиллар турганида ёлғон даъволарга шунчалик тез ишондингизми?! Кимлар аждодингиз, кимнинг авлодисиз? Наҳот унутган бўлсангиз?!”
Азизлар, меҳнат ва ижод билан зийнатланаётган ҳар бир кунимизнинг қадрига етсак, боболарнинг маънавий чашмаларидан қониб ичсак, юртни улуғласак, тинчликни асраган бўламиз. Халқ тинчлигини, фаровонлигини ўз манфаатларидан устун қўйган аждодлар авлодимиз, ахир! Ҳазрат Навоий битганларидек,
 
Манга қилса юз жафо, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам...
Маъмура АБДУРАҲИМОВА