Динимиз ёши улуғ кишиларга ғамхўрлик қилишга буюради. Кексалик ёши қуйидаги тартибда бўлади: етуклик, мўйсафидлик, кексалик, қарилик ёки ўта кексалик. 
Умрнинг ана шу ўта кексалик босқичи Қуръони каримда “арзалул умр” (энг тубан умр) дейилган: «Сизларни Аллоҳ яратди. Сўнгра вафот эттиради ҳам. Сизларнинг орангизда энг тубан умр кўришга (кексайиб, заиф ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг ҳеч бирини билмай қоладиган кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билимли ва қудратлидир» (Наҳл 70).
Тафсир олимлари “арзалул умр”ни (ўта кексайганликни) қуйидагича таърифлаганлар: “Бу даврда ақл ва хотирада заифлик пайдо бўлади, заифлашади, сезги аъзолари ишдан чиқади, нутқи (гапириш) ва фикр юритиш бетартиб бўлиб, инсон умрининг энг паст, тубан ва охирги даври бўлади”.
Қуртубий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Албатта, ақли заифлик ва “арзалул умр” мўминларда бўлмайди, сабаби мусулмон одам илмидан маҳрум қилинмайди”, деганлар. Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Мусулмонларда “арзалул умр” ҳолати бўлмайди, уларнинг умри узоқ бўлгани са­йин Аллоҳ наздида қадр-қиммати, шаъни, донолиги ва билими ошиб боради”. Икрима айтади: «Кимки доимо Қуръон ўқиб юрса, "арзалул умр" ҳолатига мубтало бўлмайди, гарчи бирор илмни билмаса ҳам».
Шинқитий юқоридаги ояти карима тафсирида: “Уламолар ўта кекса ёшда бўлсалар ҳам, (уларда) ақли заифлик, илм зое бўлиши ва ақлни йўқотиш бўлмайди. Бунда Қуръони каримдаги айрим оятларнинг тафсирига суянилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сўнгра (қариган сари), уни асфаласофилинга (қомати хам бўлишга) қайтардик. Илло, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга битмас-туганмас ажр (мукофот) бордир» (Тин, 5–6)). Оятда: «Илло, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга», деб истисно қилинган. Мўминлар ақли заифлик ва "арзалул умр" ҳолатига тушмайди. Чунки мўминнинг умри қанча узун бўлса, Аллоҳнинг тоатида ва зикрида бўлгани туфайли унинг ақли комил бўлади, деб ёзади. Бошқа олимлар ҳам Аллоҳнинг китобини давомий тиловат қилувчи одамда ақли заифлик, алжираш ва беъмани гап  бўлмайди, деганлар.
Ибн Фаврак эса: “Яхшилик қилувчи қариганида, унинг ақли ва фикрида офатлар бўлмайди”, деган.
Ислом динида мусулмон кексаларга меҳрибонлик қилиш, уларни парваришлаш, боқиш, асраш ва ҳомийлик қилишга катта аҳамият берилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан кексаларни ҳурматлаш, меҳрибонлик қилиш бўйича келган ҳадислар мутавотир даражасидадир.
Имом Термизий Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда бундай келтирилади: «Бир қария Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан учрашиш учун келганида, одамлар уни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига киришдан тўхтатиб турдилар. Бу воқеадан хабар топган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кичикларга раҳм қилмаган, катталарни ҳурмат қилмаган биздан эмас”, дедилар». Баъзи уламолар мазкур ҳадисдан келиб чиқиб, кексаларни ҳурмат қилмасликни гуноҳ деб ҳисоблаганлар.
Баззоз ибн Аббос қилган ривоятда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Барака сизларнинг ёши улуғларингизда”, бошқа бир ривоятда эса: “Яхшилик сизларнинг ёши улуғларингизда”, деб марҳамат қилганлар.
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир йигит кекса одамни кексалиги учун эҳтиром қилса, Аллоҳ таоло кекса бўлганида уни ҳурмат қиладиган одамни пешонасига (тақдиротида) ёзади”, дедилар.
Уламолар бу ҳадис кексаларни ҳурмат қиладиган йигитнинг умри узун бўлишига далолат қилади, дейдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “...кичик ёшдаги одам катта ёшдаги одамга салом беради”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
“Саҳобалардан бир гуруҳи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига иш билан келдилар. Уларнинг орасида ёши кичиги бўлган Абдураҳмон ибн Саҳл сўз бошлади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сендан ёши улуғи сўзласин, дедилар” (Имом Бухорий).
Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)га сув берилганида, у зот: сувни “Катталарингиздан бошланглар”, деганлар.
Ҳасан ибн Мансур айтади: «Яҳё ва Исҳоқ ибн Ровайҳ билан бир куни касал кўришга бордик. Эшик олдига келганимизда Исҳоқ орқада қолиб (тўхтади) ва Яҳёга: “Олдинда юринг, сизнинг ёшингиз меникидан катта”, деди».
Ота-боболаримиз фарзандларга мана шундай хулқлар билан зийнатланишни, юзаки муносабатда бўлмасликни доимий насиҳат қилганлар. Имом Бухорий ривоят қилади: Қайс ибн Осим вафоти яқинлашганда фарзандларига узоқ васият қилди. Унда: “Ёши улуғларни бошчи қилинглар. Ёши улуғлар бош бўлса, уларнинг бошчилиги бардавом бўлади. Агар кичикларни бош қилсангиз, одамлар ёши улуғларга бефарқ бўладилар ва (ёши улуғларингиз одамлар наздида ҳурматсиз бўлиб қолади) одамлар сизлардан юз ўгиради”.
Иброҳим ибн Саъд кексаларни ҳурмат қилмасдан, уларнинг олдида юрган ёшларни кўриб: “Сизларнинг одобларингиз қандай ҳам ёмон", деганлар.
Ибн Ақил: “Ўзидан ёши катта одам билан юрганда, унинг ўнг томонида намозда имомдан орқада тургани каби, бир қадам орқада юради. Агар ёшлар кўпчилик бўлса, ёши катта одамнинг ортидан юриши мустаҳабдир”, деган.
Хулоса қиладиган бўлсак, кексаларни эъзозлашда ушбу жиҳатларга алоҳида ­эътибор бериш керак:
— ёши улуғ одам кириб келганида ҳурмати учун кичик ёшдагилар ўрнидан туриши;
— мажлисларда олдин ёши катта одамга сўз берилиши;
— йиғилишларда ёши улуғларнинг изни билан гапирилиши;
— ёши улуғ одамга кичик ёшдаги одамнинг салом бериб, мурожаат қилиши; 
— ёши улуғ одамни ҳурмат қилиб, кексалиги учун йиғинларда юқорига, тўрга ўтказиш;
— ёши улуғлар билан одоб, хушмуомала ва эҳтиром билан гаплашиш;
— ёши улуғларнинг олдини кесиб ўтмас­лик;
— ёши улуғларга бирор нарсани тушунтиришда очиқ гапирмасдан имо-ишора ёки қочирим билан тушунтириш; 
— кексалар олдида баланд овозда гапирмаслик;
— кексаларнинг олдида ёки ортидан бўлса ҳам, кесатиб, масхара қилиб гапирмаслик;
— кексалар олдида одоб билан ўтириш;
— муҳим ишларни кексалардан маслаҳат олиб, сўнг бошлаш;
— кексалардан олдин таомга қўл узат­­мас­­лик;
— сув ёки чой кабиларни узатишни ёши катталардан бошлаш.
 
Муҳаммад Бобур ЙЎЛДОШЕВ,
Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ