Халқимиз асрлар оша кексалар ҳамда ота-она ўрни, ҳурмати, қадр-қимматини баланд тутиб келган. Хонадондаги ёши улуғларнинг фикр, талаб, маслаҳатлари фарзандлар учун мисоли қонундек эътиборда бўлгани ҳикматини ёшинг улғайгани сайин чуқурроқ тушунасан. Бобо-буви, ота-она зурриётларининг бахтли, эл-юртга манзур, ҳалол одамлар бўлишини чин дилдан истайдилар. Ўзлари бошдан кечирган қийинчиликлар, хатою камчиликларни уларга раво кўрмайдилар. Иншааллоҳ, ўғил-қизларнинг ота-онасини рози қилиши, аввало, ўзларининг чиройли тақдирига асосдир. Ёшларнинг таълим-тарбияли, имон-инсофли, ҳунарли инсонлар қаторига қўшилишида бу анъананинг аҳамияти беқиёс.
Мамлакатимиз мустақилликкка эришгандан кейин ҳамма соҳада хорижий мамлакатлар билан алоқа йўллари кенг очилди. Бугунги голабаллашув даврида турли янгиликлар, ўзгаришлар, воқеа-ҳодисалар, қаерда юз беришидан қатъи назар, саноқли дақиқаларда дунёга маълум бўлмоқда. Афсуски, ижтимоий тармоқлар орқали бу каби оқиб келаётган мафкуравий “озуқа”ларнинг ҳаммаси ҳам яхшиликка хизмат қилмайди.
“Қари билганни пари билмас”,  дейдилар. Кўпни кўрган кексалар дуою тилакларида Яратгандан қалбларга, хонадону юртимизга тинчлик-хотиржамлик сўрашлари бежиз эмас. Чунки улар умрлари давомида турмушнинг қанчадан-қанча иссиқ-совуғи, баланд-пасти, синовларини кўришган. Бу ҳаётда инсон учун осойишталикда ҳалол меҳнат билан топилган насибани қадрдонлари билан ҳамжиҳат, бағри бутунликда баҳам кўриш қанчалар муҳим эканини яхши билишади. Якунланиб бораётган “Кексаларни эъзозлаш йили”да биз отахону онахонларнинг мана шу фазилатларини қадрлаш билан бирга, ундан маънавий-маърифий ишларимизда самарали фойдаланишга ҳаракат қилдик. Маҳаллаларда, ўқув даргоҳларида бўлган тадбирлар, мулоқотларда улар ўз ҳаёт йўллари, мустақилликкача халқимиз бошига тушган оғир синовли йилларнинг гувоҳи сифатида гапирдилар. Уларнинг хотиралари, айниқса, ёшларнинг бугунги тинч кунлар, юртимизда илм-фан, халқ маънавияти юксалиши, моддий-маиший имкониятлар кенгайиши учун яратилаётган шароитлар қадрини англашида катта аҳамиятга эга.
Бу йил ҳайит ва байрамларда, қутлуғ Рамазон кунларида кексалар ҳолидан ҳар доимгидан ҳам кўпроқ хабар олдик. Қаровчисиз қолган, бетоб ва ногирон қарияларни маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан назоратга олганмиз. Ҳамма қариялар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур ҳолатларда муолажа қилинади.
Тўй ва аза маросимларини ортиқча дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказишда маҳаллалардаги кайвони бувижонларнинг маслаҳат, насиҳат, назоратларига таянадиган бўлдик. Улар фикр ва тавсияларини ҳаётий тажрибалари мисолида асослаб берадилар. Умрни, неъматларни, куч-қувватни хайрли ишларга сарфлашда ўрнак кўрсатадилар, ёшлар тўғри йўлдан юришини талаб қиладилар. Дуолари билан ёмонликларни тўсиб, яхшилик йўлини очадилар.
Йил якунланиб боряпти. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар бундан кейин ҳам долзарб, муҳим, эзгу мақсадли ишларимиздан бўлиб қолади. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Агар тақводор ёшлар, ибодат қилувчи кексалар, эмизикли болалар, ўтлаб юрган чорвалар бўлмаганида, Аллоҳ сизнинг устингизга азобларни ёппасига ёғдирар эди” (Байҳақий ва Табароний ривояти), деган ҳадислари хонадонлар, эл-юрт тинчлиги, фаровонлиги ён-атрофимиздаги ёши улуғ инсонларни рози  қилиб яшашимизга ҳам боғлиқ эканини таъкидлаб туради.
Шоирахон УМАРОВА,
Юнусобод тумани бош отинойиси