Аллоҳ таоло инсонларни аҳил бўлиб яшаш, Ўзига ибодат қилиш ва  бир-бирларининг ҳақларига риоя этишга буюради. Жоҳилият замонида кучлилар заифларни таҳқирлар, қабилалар бир-бирига душман эди. Ислом келиб, инсонларни ўзаро меҳр-муҳаббатли қилди. Қуръони каримда бундай дейилади: “Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз” (Оли Имрон, 103).
Ислом дини насаби, ирқи, бойлиги ва жамиятда тутган ўрнидан қатъи назар, барча инсонларга тенглик, ҳурликни кафолатлаган ягона диндир. Унинг таълимоти инсонларни тўла-тўкис, озод, ҳур бўлишга, фақат Аллоҳ таолога бандалик қилишга, яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ҳамкор бўлишга чорлайди, кишиларни хўрлашдан, қул қилишдан қатъий қайтаради.
Аммо баъзи инсонлигини унутган, нафси ортидан чопган бадбахт кимсалар инсонларга берилган илоҳий тортиқни оёқости қилиб, одамларга хорижда мўмай пул эвазига яхши иш ваъдасида уларни алдаб, пуллаб юбориш ҳолатлари учраб тургани ачинарли ҳол, албатта. Бугунги кунда дунё бўйлаб одам савдоси кенг қулоч ёймоқда ва бу ҳол нафақат ана шу балога гарифдор бўлган бечораҳолларнинг яқинларини, балки кўплаб давлатларни ташвишга солмоқда. 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқдир”, деганлар (Ибн Можа ривояти). Яъни, мусулмон киши ўзгаларга зарар етказадиган ишни қилмаслиги, ўзига зарар бўладиган ишлардан сақланиши лозим. Демак, одам савдоси билан шуғулланаётганлар ҳам, билмасдан уларнинг тузоғига илинаётган кишилар ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг мазкур ҳадисларига амал қилмаяпти. Ҳар бир мусулмон дўст-душманни таниши, яхшини ёмондан ажрата олиши зарур. Ана шундагина ҳадисда айтилганидек, ўзгаларга ҳам зарар келтирмайди, ўзи ҳам у нопок кимсалар қилмишидан азият чекмайди.
Одам савдоси, cодда қилиб айтганда, уюшган, йирик халқаро жиноятчиликдир.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг салбий оқибатларини чуқур англаган ҳолда, республикамизда унга қарши курашиш борасида ибратли ишлар амалга оширилди.
2008 йилнинг 17 апрелида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши мамлакатимизда бу иллатга қарши курашиш, жабрланганларни ҳимоялашда муҳим босқич бўлди. Мамлакатимиз Прези­дентининг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (2008, 8 июль) билан юқоридаги қонун нормалари амалга татбиқ этилди.
Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш, фуқароларни бу борадаги вазиятдан огоҳ этиш ҳамда хабардорлигини таъминлаш муҳимдир. Чет элдан келганларни тиббий кўрикдан ўтказиш, жабрланганлар ҳақида “Ишонч телефон”лари орқали хабар бериш кенг тарғиб этилди. Аҳоли ўртасида одам савдосининг салбий оқибатлари тўғрисида кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир шахс инсон шаънига доғ бўлиб тушаётган бу иллатни батамом тугатишга муносиб ҳисса қўшиши лозим. 
Одам савдоси каби ношаръий ва ноқо­нуний ишдан сақланиш, яқин­ларимизни ва бошқаларни асраш бизнинг ҳам диний, ҳам фуқаролик бурчимиздир.
 
Салоҳиддин ГАДОЕВ,
Бухоро шаҳридаги “Хожа Исмат” жоме масжиди имом-хатиби.