Кишилик жамиятининг ҳуқуқ борасида эришган энг катта ютуқларидан бири инсон­ларнинг қонун олдида тенги­лиги тамойили халқаро ва миллий ҳуқуқий ҳужжатларда кенг эътироф этилаёт­ганидир.

Конституция халқимиз­нинг ўзини-ўзи бошқариш, эркинлик ва ижтимоий адолат, инсонпарвар демократик давлат барпо этиш тўғрисидаги азалий орзулари ифодасидир. Асосий Қонунимизнинг халқчил ва инсонпарвар моддалари замирида жамиятнинг ҳар бир жабҳасида кечаётган ислоҳотлар, шаҳар­ларимиздаги бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлиги йилдан-йилга ортиб бораётгани, фуқаролар ва миллатлараро тотувлик таъминланиши, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан соҳаларида улкан муваф­фақиятларга эришилаётгани акс этиб турибди.
Айниқса, Конс­титуция­мизда мус­таҳкам­ланган қоидаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида давлатимизда халқ ҳокимияти, қонун устуворлиги, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлиги ва қонун олдида бирдек жавобгарлиги, ҳокимиятнинг суд, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларга бўлиниши каби тамойиллар таъминланиб, мамлакатимизни изчил тараққий эттириш ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, фуқароларнинг тенглиги тамойили халқимизнинг менталитетига, унинг инсонпарварлик руҳига, диний қадриятларимизга ҳам жуда мос келади.
Асосий Қонунимизнинг 18-моддасида халқимиз асрлар давомида интилиб келган эзгу қадрият – яъни фуқароларнинг тенглиги мустаҳкамланган.
Инсонларнинг қонун олдида тенглиги тамойили уларнинг тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлар соҳиби экан­лигини англатади. Фуқаро­ларнинг тенглиги – демократиянинг муҳим элементи ҳамда жаҳон конституциявий тараққиётининг муҳим тамойилларидан ҳисобланади. Бу тенглик фуқароларнинг давлат, қонун ва суд олдида расмий тан олинадиган тенглигидир. У ҳар бир давлат фуқароларининг жинси, ирқи, миллати, тили, келиб чиқиши, мулкий аҳволи, эгаллаб турган лавозими, турар жойи, динга муносабати, қарашлари, жамоат бирлашмаларига мансублиги ва бошқа ҳолатлардан қатъи назар, тенг ҳуқуқлар, эркинликлар ва бурчларга эга эканлигини англатади.
Инсоният қадимдан адолат тантанасига ташна, айниқса, ижтимоий адолат туйғуси тамойили устувор бўлишини орзу қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам иқти­содиётда, сиёсатда, маънавиятда, шахсий ва ижтимоий муносабатларда адолатни қарор топтириш бош мезон бўлиши белгилаб қўйилди. Юртимизда ижтимоий адолатни қарор топтиришда ўзбек миллий давлатчилиги, тарихий тажрибаси ва халқимизнинг ижтимоий адолат қарор топишига бўлган ишончи анъанасига таянган ҳолда соҳибқирон Амир Темурнинг «Куч адолатдадир!» тамойили янада кенг ва чуқур мазмунда талқин этилиб, «Куч – адолат, илм-маърифатдадир» деган давлат сиёсати олиб борилмоқда. Адолатни қарор топтириш учун эса қонун устуворлиги қоидаси Ўзбекистон Республи­касининг замонавий, ҳу­қуқий давлат, фуқа­ролик жамияти қуришга ўтиш йўлининг беш тамойи­лидан бири сифатида эътироф этилди.
Юртимизда Конс­титуция асосида амалга ошири­лаёт­ган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар бугун ўз самарасини бер­моқда. Буни инсон ҳуқуқ ва манфаатлари таъмин­ланаётганида, шунга мос равишда фуқаро­ларнинг ҳуқуқий билим ва маданияти тобора юксалиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Зеро, Асосий Қонунимиз моҳиятига кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг бахтли ҳаёт кечириши учун қулай шароит яратиш ғояси сингдирилган.
Икромжон МАРДОНОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳуқуқшуноси