Биз мусулмонлар қонунларда кафолат­ланган ҳуқуқ ва бурчларимизни яхши билишимиз, динимизга, ақидамизга қарши хуружлардан доимо огоҳ бўлишимиз лозим.

Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний мутаассиблик ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.
Асосий Қонунимизнинг 31-моддасида бундай дейилган: “...Диний карашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”, яъни, “давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни кўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар”.
Бироқ истиқлолнинг илк йиллари миссионерларининг ҳаракатлари авж олгани кузатилди. Улар тил ўргатиш, чет элга ўқишга юбориш баҳонаси билан асосий фаолиятларини хаспўшлаш мақсадида тил марказлари, маслаҳатхона ва шунга ўхшаш муассасалар очиб, ғаразли мақсадларини амалга оширишга уринди. Диний маълумоти кам ё умуман бўлмаган ёки таъсирга берилувчан айрим фуқаролар моддий-маънавий кийинчиликларни рўкач килиб, миссионерлар макрларига алданиб қолгани ҳам сир эмас. Уларнинг фаолияти тўхтатилди. Аммо бу миссионерлар бутунлай йўқ бўлиб кетди, дегани эмас. Улар бугун ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда. Чет элларга ишлашга кетган фуқароларимизни йўлдан уришга ҳаракат қилмоқда.
Мустақиллигимизни, муқаддас динимизни ҳимоя қилиш, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ тарихий бой меросимизни келажак авлодга тўла-тўкис, бус-бутун етказиш вазифаси бизнинг зиммамиздадир. Бунинг учун доимо ҳушёр яшаш талаб этилади.
 
Ҳусанбой ШЕРМАТОВ, 
Учтепа тумани,“Ҳазрати Умар” жоме масжиди имом-хатиби