Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуманда сўзлаган нутқи

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ!

Алҳамду лиллаҳ, вассалоту вассалому ала Расулиллаҳ.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Мустақиллик ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида, жумладан, маънавий ҳаётдаги янгиланиш жараёнини, туб ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Динга бўлган муносабат тубдан ўзгарди: мустабид тузумнинг динга атеистик ҳужумкорлик сиёсатига барҳам берилди, виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди.
Ўзбекистоннинг диний ҳаёти 3 та тушунча билан ажралиб туради:
1. Диний плюрализм – ҳар бир киши ўзининг диний эътиқодига эга эканлиги.
2. Диний бағрикенглик – ҳар хил эътиқодда бўлган фуқароларнинг ўзаро ҳурмати ва тинчликсеварлиги.
3. Динлараро мулоқот – мамлакатда мавжуд бўлган конфессиялар орасидаги самарали муносабатлар.
Мамлакатимиз фуқароларининг ушбу ­3 ту­шун­чани теран англашлари барча динларни ва уларга эътиқод қилувчиларни ҳурмат қилишларига далолат қилади.
Бугунги кунда Юртимиз мусулмонлари бошқа динларнинг вакиллари билан биргаликда ягона мақсад – Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши йўлида ҳаракат қилмоқдалар.
Марказий Осиёда қадим даврлардан этник ва диний хилма-хилликка эътибор ҳамда ҳурмат билан қараб келинган. “Минг йиллар мобайнида, – деб таъкидлайди муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов, – Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди. Этник сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланди. Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, турли динлар вакиллари  ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланишига йўл очган”.
Ўзга халқлар тили, урф-одатлари ва анъаналарига чуқур ҳурмат, уларнинг ўзлигини сақлаб қолиш, маданий-маърифий эҳтиёжларини рўёбга чиқаришга имконият яратиш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ўзбекона бағрикенгликнинг ёрқин хусусиятларидандир. Айнан мана шундай бағрикенглик, сабр-бардошлилик маданиятимизнинг беназир намуналарини сақлаб қолиш, асрлар синовидан олиб ўтиш, камол топтириш ҳамда ўзга маданиятларнинг аҳамиятли натижалари билан бойитишга кенг имкон берди. Ўз нав­батида бундай муносабат халқимизга хос бўлган ахлоқ-одоб меъёрлари, маънавий қадриятларнинг қўшни халқлар томонидан қабул қилинишига йўл очгани ҳам тарихий ҳақиқатдир.
Ҳанафийлик таълимотини такомилга етказган ватандошларимиз – ал-Мотуридий, Абул-Муъин ан-Насафий ва ал-Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам беришга катта ҳисса қўшдилар. Нафақат буюк алломалар, балки Ўрта Осиё ҳукмдорлари ҳам бу йўлда курашдилар.
Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс ас-Самарқандий эса ўзининг «Баҳр ал-улум» номли тафсир китобида Қуръондаги Мумтаҳана сурасининг 8, 9-оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб ёзади. Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан-Насафий ўзининг ислом оламида маълум ва машҳур “Мадорик ат-танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”, деб шарҳлайди.
Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида мусулмонларни ўз диндош биродарларига ва барча инсон зотига яхшилик, меҳр-мурувват қилишга чорлаш билан бир қаторда, ўзаро тинчлик ва тотувликда бўлган бошқа дин соҳибларига ҳам яхшиликда ва меҳр-шафқатда бўлишларини истаган ҳолда бундай дейди:
«Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар».
Сарвари олам ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бир ҳадиси шарифларида бундай деб  марҳамат қилганлар: “Барча дин аҳлига хайру эҳсон қилингизлар”.
Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида турли миллат вакилларининг ибодатларини эмин-эркин адо этишларига алоҳида эътибор қаратилган, шароитлар яратилган, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний асосда можароларнинг чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолат беради.
Бугун Ўзбекистон диний бағрикенглик ва муроса борасида бутун дунёга намуна бўлмоқда. Бу ҳақда Москва ва Бутунрус патриархи Алексей, Хиллари Клинтон ва Мадлен Олбрайт, Иордания шаҳзодаси Ҳасан бин Таллол каби дунё миқёсида катта обрў ва нуфузга эга инсонлар ҳам юртимизга зиёратлари вақтида таъкидлаб ўтгандилар. Албатта, халқимизга хос бу хислат бир зумда пайдо бўлган эмас, балки узоқ тарихий асосларга эга.
Мустақиллик йилларида кутилмаган воқеаларга ҳам дуч келинди. Халқаро терроризм билан уюшиб кетган диний экстремизм эндиликда умумбашарий муаммога айланди. Унинг ечими бир мамлакатнинг қўлида эмас, балки халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Ана шундай мураккаб вазиятда ҳам Ўзбекистон ҳукумати диний бағрикенглик сиёсатини олиб бормоқда. Республикада ислом билан бир қаторда бошқа ноисломий конфессиялар ҳам эмин-эркин фаолият кўрсатмокда. Фуқароларга миллати, ирқи, динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган. Буни диёримизга очиқ қалб билан келаётган ҳар бир меҳмон ўз кўзи билан кўрмоқда ва эътироф этмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, халқи­миз диний ва маънавий қадриятларининг ҳозирги демократик жамият қадриятлари билан уйғунлашиши мамлакатимизнинг келажакда янада равнақ топиши, халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашида муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади ва яхшилик, тинчлик, дўстлик каби хусусиятларга таянади. 
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда барча диний ташкилотларга қонун доирасида тенг шароит яратиб берилган бўлиб, уларнинг қонунга мос барча истаклари рўёбга чиқарилмоқда. Энг қувонтирадиган жиҳати шундаки, барча конфессия вакиллари бир оила аъзолари сингари жамланиб, ўзаро дўстона ва самимий мулоқот асосида фаолият олиб бормоқда.
Абу Абдуллоҳ Рудакий: “Кишилар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик кишилик жамияти учун муҳим аҳамиятга эга ишдир. Ҳақиқий дўстлик учун кишиларнинг ҳатто турли динда бўлишлари ҳам ҳалақит бермайди”, деб таъкидлайди.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон умумий равишда динлар ва миллатлараро тотувлик ўрната олган ва бу соҳада  барчага намуна бўла оладиган давлатдир.