Республикамиз мустақилликка эриш­гач, энг катта ютуғимиздан бири мамлакат тараққиётининг келгусидаги ҳуқуқий пойдеворини белгилаб берувчи Асосий Қонун – Конституциянинг қабул қилиниши бўлди.
Ҳар қандай Конституция эса давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган ҳужжатдир. Шу маънода Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттирадиган, диний ҳаёт тарзимизни ҳам назарда тутган мезондир. Чунки уни ишлаб чиқиш ва муҳокама этишда бутун халқ иштирок этди.
Асосий Қонунимизнинг иккинчи бўлим бешинчи боб 18-моддасига кўра, “Ўзбекис­тон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, дейилган.
Юртимизда бирор миллат ва элатнинг маданияти, эътиқоди, ҳурмати топталишига ёки бир миллатнинг иккинчи миллат устидан ҳукмронлик қилишига йўл қўйилмайди. Юртбошимиз маърузаларидан бирида таъкидлаганларидек: “Халқимизнинг бутун тарихи давомида ҳеч қандай диний низо, одамларни миллати ва диний мансублигига қараб айириш ҳоллари бўлмаган ва бунга биз ҳеч қачон йўл қўймаймиз”.
Динимиз кўрсатмаларида ҳам инсонларнинг миллати, ирқига қараб ажратиш қораланади.
Ўзбекистонда миллатлараро тинч-тотувлик, турли дин вакиллари ўртасида яхши муносабатлар, бағрикенглик ҳукм сураётгани республика раҳбариятининг оқилона сиёсати натижасидир. Бу ҳол Асосий Қонунимиз инсонпарварлик, адолат тамойиллари асосида ишлаб чиқилганини исботлайди.
Қонунлар билан таъминланган бундай тенглик нормаларининг ҳаётий исботи сифатида бир оламшумул эътирофни эслашимиз ўринли, деб ўйлайман. БМТ 2011 йилда Ўзбекистонни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик нормаларига тўлалигича амал қилинаётган мамлакат сифатида эътироф этиб, олти тилда жаҳон афкор оммасига баёнот берди.
Асосий Қонунимизнинг 57-моддасига мувофиқ, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек, ҳарбийлаштирилган бирлашмалар, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партиялар, махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш тақиқланади.
Конституциямиз фазилатларидан яна бири вояга етмаганлар, болаликдан ногиронлар, меҳнатга қобилиятсизлар ва қариялар ҳамда ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинганидадир.
Албатта, ҳар бир фуқаро ҳуқуқий саводхонлигини ошириб, тадрижий қабул қилинаётган қарор ва фармойишлар билан мунтазам танишиб бориши ҳаётий эҳтиёждир. Ҳар жабҳада қонунларга риоя қилиш эса фуқаролик бурчимиздир.
 
Иззатулло ТУРҒУНОВ, 
Шаҳрихон тумани бош имом-хатиби,
Имом Бухорий халқаро марказ тингловчиси