Ижтимоий тармоққа ўрнашиб олиб, ўзларининг бузуқ эътиқодлари билан ёшларни йўлдан адаштираётган кимсалар кирдикорлари, айримларнинг бу ишларга лоқайдлик билан қараётганлари, оқибатда кўплаб инсонлар бузғунчилар ёлғонларига алданиб қолаётгани ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, нобакор кимсалар ижтимоий тармоқдан фойдаланиб, мамлакатда тинчлик-осойишталикни издан чиқараётгани аниқ мисоллар билан ошкор қилинган.

Жамиятшунос Шерри Теркл “Alone together” (Биргаликдаги ёлғизлик) номли китобида: “Ижтимоий тармоқлардаги суҳбатлар инсонийликни барбод қилаётган аҳмоқликнинг янги шаклидир”, дея таъкид­лайди.
Ҳақиқатан, одамларнинг ижтимоий тармоқларда шиддат билан суҳбатдош излаши замонамиз авлодига хос аҳмоқликнинг янги туридан бошқа нарса эмас. Виртуал оламда ёшларнинг қанча фаоллигига қараб, уларнинг феъл-атворига баҳо берса бўлади.
 
Оила кушандаси 
Ижтимоий тармоқ­ларнинг жамиятга солаётган энг катта таҳдидларидан бири – кўп тинч-тотув оилалар барбод бўлиб кетаётганидир.
Биз учун оила муқаддас ҳисобланиб, ундаги тартиб-қоидалар долзарб аҳамиятга эга. Умуман, унда ўрнатилган ўзига хос қоидалар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Масалан, Марказий Осиё ҳудудига ислом дини ёйилгач, оилага доир қонун-қоидалар ушбу дин таълимотлари асосида шаклланди. Яъни, оилада эрнинг мавқеи баландлиги, шу билан бир қаторда, хотин ҳам тенг ҳақ-ҳуқуқларга эга экани, фарзандлар билан ота-оналари ўртасида одоб, ҳурмат чегараси борлиги, ўзаро яхши муомалада бўлиш кабилар.
Ижтимоий тармоқдаги турли кимсалар азалдан шаклланиб келаётган ана шундай қоидаларни фарзандлар онгида ўзгартиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу билан уларни ўз ота-оналарига қарши қилиб қўйишмоқда. Натижада ана шундай руҳда катта бўлган ўғил-қизлар вақти келиб, ­оила қурганларида ҳаёт синовларига чидолмасдан, енгил ҳаётни афзал кўриб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.
“Санкт-Петербург таҳлил маркази” мутахассислари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ажрашган оилаларнинг ­15 фоизи ижтимоий тармоқларни сабаб қилиб кўрсатмоқда.
 
Ғанимлар ноғорасига ўйнама!
Интернет жамоатчилик фикрини эгаллашга қаратилган курашларни ўзгартириб юборди. Эндиликда ҳеч қандай куч сарфламасдан, қаршилик ва чекловларга дуч келмай, омма онгига осонгина таъсир кўрсатиш, бошқаларнинг қарашларини ўз манфаатлари сари йўналтириш мумкин.
Дастлаб, ижтимоий тармоқларга махсус хизмат қилувчи блоггерлар жамоатчилик онгига кучли таъсир қилувчи воқеа-ҳодисаларни бўрттириб, қўшиб-чатиб етказишади, бошқалар эътиборини жалб этиб, уларни ҳам фаол фикр алмашишга чорлайди. Миш-миш, бўҳтону ёлғон етарли даражада тарқатилгач, секин амалий ишларга ўтилади. Ҳаммани муайян жойга тўпланишга чақирилади, воқеа-ҳодисаларга бўлган муносабатига қараб, жавобгарлик талаб қилиниши уқтирилади.
Шу тариқа, бир-бирини кўрмаган, фақат интернет орқали танишган бекорчилар тўдаси шаклланади. Блоггерлар эса олов устига мой сепишда давом этаверади. Қарабсизки, жамоатчиликдан, онгу шууридан айрилган оломон кўр-кўрона бузғунчи-буюртмачилар ноғорасига ўйнай бошлайди. Ижтимоий сайтлар, микроблоглар, глобал тармоқдаги уйдирмалар кибер макондан реал воқелик бўлиб ҳаётга кўчганидан сўнг, бузғунчилар гижгижлашни янада кучайтиради.
Воқеа жойидан тўғридан-тўғри репортажлар – мобил воситалари орқали аудио, видео ва фотолавҳалар тайёрланиб, энг таъсирлилари ижтимоий сайтларга жойлаштириб борилади.
Айрим давлатларда бўлиб ўтган ҳодиса деб кўрсатилаётган лавҳалар махсус суратга олиш майдонларида сунъий равишда ҳосил қилингани кишини ўйлантиради. Шу йўл билан одамлар ҳақиқат билан ёлғон ўртасидаги чегарани пайқашдан маҳрум этилади.
Тажрибасиз, ҳали оқ-қорани ажрата олмайдиган ўқувчи кибер дўстларига шахсий ҳаёти, ўй-кечинмалари, ўтмиши, келажаги ҳақидаги барча маълумотларни, сирларини ишониб айтаверади. Уларнинг далдаси, ширин алдовлари, сохта мулозаматлари кун сайин уни интернет билан мустаҳкамроқ боғлайверади. Бориб-бориб у интернетсиз яшаёлмай қолади...
 
«Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китобидан олинди.