Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

Аллоҳ таоло оила ва никоҳнинг  муқаддаслиги тўғрисида шундай баён қилади: "Ўз жинсларингиздан сизлар учун  жуфти ҳалоллар яратиб берди, токи улар билан ҳаловатли турмуш  қургайсизлар. Ўрталарингизда меҳру муҳаббат туйғусини пайдо қилди. Бу эса Аллоҳнинг биру борлигининг нишоналаридандир. Ақл идрокли фикр юритувчилар учун бунда кўп ишоратлар ва аломатлар бордир" ("Рум" сураси, 21-оят).

Оила қуриш жаноб Пайғамбаримизнинг суннатларидан бўлиб, бир ҳадиси шарифларида айтганлар: "Никоҳ менинг суннатимдир. Кимки менинг суннатимдан воз кечса, у мен (умматим)дан эмас". Биз ушбу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга мамлакатимизда амалда бўлган қонун-қоидаларга ҳам амал қилишимиз зарур.

Никоҳ, оила доимо долзарб масалалардан ҳисобланиб келган. Ислом динида ҳам, хал­қимизнинг одатида ҳам унга эътибор билан қараб, оила мустаҳкамлигини таъминлашда барча бирдек масъул бўлган.

Бу ҳақда Ўзбекистон мусул-монлари идорасининг "Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари" тўғрисидаги фатвоси ҳам чиқарилган. Унда: "Шаръий никоҳ шарт­ларига давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисида қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам қўшилади. Масалан, келин-куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлишлари лозим.

Расмий никоҳдан ўтмаган, ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган ёш оилалар ажрашиб, она боласи билан кўчада қолишини ҳисобга оладиган бўлсак, шаръий никоҳ шарт­ларига ҳукумат томонидан берилган ФҲДЁ гувоҳномасининг бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътибор қилиш ўринлидир. Имомларнинг ФҲДЁ гувоҳномасини суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, гувоҳномани кўриб, сўнгра никоҳ ўқишлари ҳуқуқий жамият барпо қилаётган бир вақтимизда ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир..." дейилади.

Шундан ҳам кўриниб турибдики, оиланинг мустаҳкам бўлиши, унинг давлат қонунлари билан  муҳофазаланган ҳолда қурилиши учун имом-хатибларимиз масъул экан, улар никоҳни ўқиш чоғида юқоридаги фатвога амал қилсалар, кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинган бўларди.

Никоҳ ва оила масаласига ота-оналар ҳам доимо  катта аҳамият беришлари лозим. Улар ўз фарзандларини ёш жиҳатидан оила қуришга тайёр эканлигига тўла қаноат ҳосил қилиб, сўнгра никоҳдан ўтказишлари шарт.

Киши ҳаётида бир марта бўладиган умр савдоси бўлмиш никоҳ масаласи  доимо кенг мушоҳада ва кенгаш билан амалга оширилгани маъқулдир. Шу ўринда Пайғамбаримиз  Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидаги ҳадиси шарифларини эсга олиш жоиздир: "Қизларни турмушга чиқариш тўғрисида оналари билан маслаҳатлашинглар".  

Агар бўлажак келин балоғат ёшига етган бўлса ҳам, аммо оила, масъулият, эр ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларни англаш ва тасаввур этиш даражасида бўлмаса, у вақтда ўз оиласида ҳам жамиятда ҳам ўрнини топа олмайди ва бахтиёр оила қўрғонининг саодатли аъзоси даражасига ета олмайди. Фуқаролик жамиятида  қабул қилинган қоидаларнинг ҳам Ислом шариати ҳукмларининг асл мақсади ҳам аёл ёки эркак бўлишидан қатъи назар, ҳаётда бахтиёр бўлишини, охиратда саодат аҳлидан бўлишини таъминлашдан иборатдир.

Бизнинг ривожланган жамиятимизда таълим ва тарбия соҳасида қабул қилинган қонунларга риоя қилиш ҳар бир кишининг муҳим бурчи бўлиб ҳисобланади. Ўрта мактабни тамомлаш, коллеж ёки лицейда бирон-бир касб-ҳунарни эгаллаш, мустақил ҳаётга қадам қўйиш арафасида турмуш ва оила кўникмаларини тасаввур қилиш учун бир муддат вақт керак бўлади, албатта.

Президентимизнинг қуйидаги пурҳикмат сўзларини доимо эътиборда тутишимиз зарур. "Оила турмуш ва виждон қонунлари асосида қурилади, ўзининг кўп асрлик мустаҳкам ва маънавий таянчларига эга бўлади, оилада демо­кратик негизларга асос солинади, одамларнинг талаб-эҳтиёжлари ва қадриятлари шаклланади..."

Мана шундай талабларга жавоб берадиган ёшлар бор, лекин вояга етмаган, аммо ўйламай-нетмай никоҳ аталмиш муқаддас битимга киришганларнинг ахлоқ-одоблари жамият талабларига жавоб берадиган даражада шаклланганми? Улар турмуш аталмиш мураккаб йўлнинг чорраҳаларида тўғри йўлни топа биладиларми?

Қизларнинг жуда ёш турмушга чиқиши ҳақида ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Ибн Шубурма ва ал-Баттийлар мутлақо салбий фикрда бўлишган. Ислом шариатида хотин-қизларни ҳам илм-маърифатли бўлишларига, ҳаётларида зарур бўлган барча маълумотларни эгаллашларига чақирувчи кўплаб ҳадислар бор. Хусусан, Пайғамбаримиз ҳадисларида: "Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарздир", деб таъкидланган.

Бир нарсага аҳамият беришимиз лозим, қизларнинг балоғат ёши билан турмуш қуриш ёши бошқа-бошқа нарса экани ҳаётда ўз исботини топмоқда. Балоғат ёши дегани – бу камолот ёши дегани эмас. Бунинг устига ҳозирги давр талаби бутунлай бошқача. Ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари шарт. Бу эса 9 йил ўрта умумтаълим мактаби, ундан сўнг уч йил коллеж ёки лицей таълимини олиш зарурати туғилади. Зеро, динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун фарздир. Борди-ю шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш ҳам чала, оила юмушлари ҳам, уй бекалиги ва бошқа барча ишлар ҳам чала бажарилишига йўл очилган бўлади. Илмли ва касб-ҳунарли аёлгина комил инсонни тарбиялай олади.

Эрта, вояга етмасдан турмуш қурганларнинг аксарияти ота-онасининг қарамоғида яшайди ёки турмушига дарз кетади. Бу борада ёш қизларнинг турмушдан кейинги ҳаёти нисбатан оғир кечади. Эрта ҳомиладорлик, нимжон бола туғилиши, рўзғор юмушларидаги уқувсизлиги боис у эшитадиган таънаю дашномлар охир-оқибатда унинг тинкасини қуритиб қўяди. 

Шу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбяиси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга оила ва никоҳ ҳақидаги давлатимиз чиқарган қонун-қоидаларга ҳам қатъий амал қилиш зарур бўлади.

Афсуски, ҳозирги кунларда баъзи чаласавод кишилар ўзбошимчалик билан юқорида айтилган никоҳ шартларини сўраб-суриштирмай ёшларга никоҳ ўқимоқдалар. Натижада ёш оилалар ажрашиб, ўртада гўдаклар тирик етим, она эса бир умрга  бахтсиз бўлиб қолмоқда.

Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар ўтказиляпти.

Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида Сирдарё вилоятининг Гулистон, Боёвут, Сайхунобод, Мирзаобод, Оқ олтин ва Ховос туманларида ана шундай чаласавод кишилар аниқланиб, шулардан 36 нафарига "Маҳалла", "Нуроний" ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликда тегишли чоралар кўрилганини мисол қилиб келтириш мумкин. Мазкур йўналишдаги тадбирлар юртимизнинг барча вилоятларида ўтказилмоқда.