Кишилик жамиятининг ҳуқуқ борасида эришган энг катта ютуқларидан бири инсон­ларнинг қонун олдида тенг­лиги тамойили халқаро ва миллий ҳуқуқий ҳужжатларда кенг эътироф этилаёт­ганидир.

Асосий Қонунимизнинг халқчил ва инсонпарвар моддалари замирида жамиятнинг ҳар бир жабҳасида кечаётган ислоҳотлар, шаҳар­­ларимиздаги бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, ижтимоий-маданий ривожланиш акс этиб турибди. 
Конс­титуция­мизда мус­таҳкам­ланган қоидаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида давлатимизда халқ ҳокимияти, қонун устуворлиги, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлиги ва қонун олдида бирдек жавобгарлиги, ҳокимиятнинг суд, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларга бўлиниши каби тамойиллар таъминланиб, мамлакатимизни изчил тараққий эттириш ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, фуқароларнинг тенглиги тамойили халқимизнинг менталитетига, унинг инсонпарварлик руҳига, диний қадриятларимизга ҳам жуда мос келади.
Инсоният қадимдан адолат тантанасига ташна, айниқса, ижтимоий адолат туйғуси тамойили устувор бўлишини орзу қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам иқти­содиётда, сиёсатда, маънавиятда, шахсий ва ижтимоий муносабатларда адолатни қарор топтириш бош мезон бўлиши белгилаб қўйилди. Юртимизда ижтимоий адолатни қарор топтиришда ўзбек миллий давлатчилиги, тарихий тажрибаси ва халқимизнинг ижтимоий адолат қарор топишига бўлган ишончи анъанасига таянган ҳолда соҳибқирон Амир Темурнинг «Куч адолатдадир!» тамойили янада кенг ва чуқур мазмунда талқин этилиб, «Куч – адолат, илм-маърифатдадир» деган давлат сиёсати олиб борилмоқда. Адолатни қарор топтириш учун эса қонун устуворлиги қоидаси Ўзбекистон Республи­касининг замонавий, ҳу­қуқий давлат, фуқа­ролик жамияти қуришга ўтиш йўлининг беш тамойи­лидан бири сифатида ­эътироф этилди.
Юртимизда Конс­титуция асосида амалга ошири­лаёт­ган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар бугун ўз самарасини бер­моқда. Буни инсон ҳуқуқ ва манфаатлари таъмин­ланаётганида, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини йилдан-йилга ортиб бораётганини  кўриш мумкин. Зеро, Асосий Қонунимиз моҳиятига кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг бахтли ҳаёт кечириши учун қулай шароит яратиш ғояси сингдирилган.
 
Икромжон МАРДОНОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳуқуқшуноси