Ҳозирги вақтда бутун дунёни таҳликага солаётган муаммо – ИШИД  фитнаси ва балосидир. ИШИД ҳақида жуда кўп гапирилмоқда. Бу босқинчи тўданинг асл ғояси, мақсади ҳақида кенг жамоатчилик  ўз фикрини билдирмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” китобида бу террорчи тўда ҳақида атрофлича маълумот берилган, уларнинг кирдикорлари тўла фош этилган.
“ИШИД фитнаси” китоби бутун дунёни таҳликага солаётган бузғунчи гуруҳларнинг ёвуз хатти-ҳаракатини аниқ далиллар билан очиб бера олган манбадир. Бу асарни замонамиз, жамиятимиз, оиламиз, фарзандларимиз ва албатта ўзимиз учун зарур қўлланма сифатида қадрлаймиз.
Мазкур китобда бу бузғунчи тўда сафига аёл-қизларимизнинг ҳам қўшилиб қолаётгани айтилган. Террорчилар жирканч ниятлари йўлида аёллардан фойдаланиб,  уларни  ўз жонига қасд қилишга мажбур  этмоқдалар. 
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”. 
ИШИДчиларнинг асосий мақсадлари ноҳақ қон тўкиш орқали инсонлар қалбига қўрқув солишдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:  
“Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир” (Моида, 32).
ИШИДчилар ўз сафларини кенгайтиришда ижтимоий тармоқлардан усталик билан фойдаланмоқдалар. 
Бу ҳақида “ИШИД фитнаси” китобининг “Ахборот асри таҳликалари”  бўлимида батафсил баён этилган. 
Шундай экан, фарзандларимиз, яқинларимизни бундай нопок, разил инсонлар таҳдидидан сақлашимиз даркор.
Ёшларни интернетдан узоқлаштиришни эмас, балки ундан тўғри фойдаланиш,  маълумотлар борасида тафаккур қилиш,  шубҳали хабарлардан сақланиш зарурлигини уқдириш лозим.
Атрофимизда бўлаётган воқеалар  айнан бир шахс ёки бир оила учун тегишли эмас. Жамият учун зарар келтирадиган,  инсонлар онгини заҳарлайдиган ҳаракатни бартараф этиш ҳар бир маърифат тарқатувчи  зиёлиларнинг, маҳалла фаолларининг, ҳар бир кишининг инсонийлик вазифасидир.
 
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси