Тинчлик, аввало, кўнгил хотиржамлигидан бошланади. Сўнг оилага кўчади. Оила тинч экан, маҳалла ва бутун юртда осудалик ҳукм суради. Тинчлик барқарор бўлган ерда илм-фан, маданият ривожланади, тараққиётга эришилади. Ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ислоҳотлар амалга оширилади. Фаровонлик ва ободлик юзага келади. Аксинча бўлган вазиятда эса жаҳолат, илмсизлик авж олади, жиноятчилик, қотиллик одатий ҳолга айланади. Мамлакат тараққиёти ортга кетиб, фуқаролари афтода ҳолга тушади.

Халқимиз бу ҳақиқатни яхши англайди, шу сабаб тинчликни қадрлайди. Уни ўз орзу-интилиш­лари, мақсад-муддаолари рўёбга чиқишининг муҳим шарти деб билади. Шунинг учун ҳам доимо Яратгандан тинчлик ва омонлик тилайди. 

Президентимиз Ислом Каримов тинчликнинг ҳозирги ва келажак ҳаётимиз учун аҳамиятини қуйидагича таърифлайди: “Биз – Шарқ фарзандларимиз. Шарқ мамлакатларининг қаерига борманг, одамлар бир-бири билан учрашганда авваламбор, “Ассалому алайкум!” дейишади. Ушбу калом арабчадан олинган бўлиб, “Сизга тинчлик ёр бўлсин” деган маънони англатади. “Салом”, яъни “тинч­лик” сўзи Қуръони каримда 40 марта учрайди. Бу муқаддас китобнинг оятларидан бирида шундай дейилади: “Меҳрибон Парвардигор томонидан одамларга олқиш маъносида “тинч­лик” сўзи айтилур". Кўриниб турибдики, тинчлик, тотувлик, ҳамкорлик ғояси Аллоҳга ҳам, бандаларига ҳам хуш келадиган эзгу ғоядир". (Миллий ғоя ва мафкура. 219-бет).
Аллоҳ таолонинг 99 исми ва сифатларидан бири “Ас-Салом”дир. У саломатлик, тинчлик маъноларини билдиради. Мазкур сифатлар ичида ёмонлик, нотинчлик маъносини англатувчиси йўқ. Демак, Яратувчи зот бандаларига ёмонликни раво кўрмайди. Дину диёнат инсонларни ҳеч қачон ёмонликка бошламаган. Энди кимки ёмонликни пайдо қилса, уни динга нисбат берса, ёлғончилигини маълум ва ошкор қилган бўлади. 
Бугунги кунимизда дин ниқоби остида бузғунчи ғояларни тарғиб қилаётганлар ортида сиёсий, иқтисодий ва учинчи қўл мақсадлари ётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Айниқса, бутун ер юзидаги тинчликка таҳдид солаётган ИШИДнинг хатти-ҳаракатлари бунга яққол мисол бўла олади. Бу ҳолатни “учинчи томон” тегирмонига сув қуйиш деб изоҳлаш мумкин. Уларнинг алдовларига юраётганларнинг аксарини илм-маърифатдан, дину диёнатдан узоқ бўлган, эътиқоди суст, ақидаси нотўғри шаклланган ёшлар ташкил қилади. 
2014 йил тинчлик соҳасида Нобел мукофотига сазовор бўлган 17 ёшли покистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малала Юсуфзай: “Экстремистлар китоб ва қаламдан қўрқишади, илм кучи уларни чўчитади. Қалам ва китоблар – терроризмни енгадиган қурол!” – деган фикрни билдиради (“Фан ва турмуш” журнали, 2015 йил 1-2-сон, 28-б.). Дарҳақиқат, улар билан илм, Ислом маърифати билан баҳслашилса, жангарилар ўзларининг асл қиёфаси ошкор бўлиб қолишидан қўрқишади.
Таниқли исломшунос олим, Ўзбе­кистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов: “Муқаддас динимизнинг маърифатпарвар ғоялари ва ҳаёт­бахш ўгитларини душманлар ўзларининг қора мақсадларига етишларида тўсиқ деб билади ва уни таназзулга учратиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилади. Улар бу мақсад йўлида ҳар қандай ёмонликни қилишга тайёрдир”, дейди (“Ислом нури” газетаси, 2015 йил, 24-сон).
Ислом динининг аввали илму маърифатга чорлаш, яъни “Ўқи” хитоби билан бошланиб, Моида сурасидаги “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим...” (3-оят) дейиш билан такомилига етди. Қуръон оятларида баён этилган кўпгина хулосалар инсонларни ўзаро тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашга, адолатпарвар, ҳақиқатгўй бўлишга чақиради. Барча одамлар миллати, ирқи ва насабидан қатъи назар, Аллоҳ олдида тенг эканликларини таъкидлаб, бир-бирларига зулм қилишдан қайтаради.
Аллоҳ таоло инсонларга ҳаёт деб аталмиш улуғ неъматни ато этди. Бу неъмат нима учун берилди? Савоб ва хайрли ишларни амалга оширишигами ёки гуноҳ ва қотилликлар қилишгами? Ушбу саволларга жавоб топиш учун Аллоҳнинг Каломига мурожаат қиламиз. Мулк сурасининг 2-оятида бундай марҳамат қилинади: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир”.
Мазкур ояти каримадан анг­лашиладики, инсон хайрли ва савобли амалларни қилиш учун яратилган. Шундай экан, ҳар биримиз бирор ишга қўл уришдан аввал теран ўйлашимиз, оқни қорадан айириш учун эса илм олишимиз лозим. Шундагина биз дин душманлари – террорчи тўдаларга қарши тура оладиган кучга эга бўламиз. 
 
Ибодулло АҲРОРОВ,
Тошкент ислом институти 
ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори