Азал-азалдан ота-боболаримиз оилада фарзанднинг жисмонан бақувват, руҳан тетик, ақлан ва ахлоқан гўзал бўлиб тарбия топмоқлигига жиддий эътибор қаратиб, унга жуда ҳам эҳтиёткорона ёндашишган. Негаки, тарбия инсон руҳиятини шакллантиради. Руҳият эса банданинг қандай инсон эканини белгиловчи муҳим омилдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота ўз фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарсани мерос қолдиролмайди”, деганлар.
Бугунги кунда таълим-тарбия оилада ҳамда таълим даргоҳларида болаларнинг мурғак қалбларига одоб-ахлоқ, иффату ҳаё каби тушунчалар билан ҳамоҳанг тарзда сингдириб борилмоқда. 
Буюк истиқлол сабаб қўлга киритилган диний эркинлигимиз, моддий ва маънавий бойликларимиз, миллий қадриятларимизни ҳимоя қилиш эртага бугунги ёшлар зиммасига тушади. Келажак ҳаётнинг қай тарзда қурилиши бевосита бугунги ёш авлоднинг таълим-тарбиясига боғлиқдир. Шунинг учун келажак эгалари оила муҳитида маънавий озуқага тўйинмоғи, соғлом фикрли бўлиб тарбияланмоғи зарурдир.
Бугунги таҳликали замонда фарзандлар онгини турли мафкуравий бўҳрон ва хуружлардан ҳимоя қилиш муҳим вазифадир. Негаки, ёшлар жамиятнинг кўзга кўринган қатламидир. Ҳар қандай бузғунчи ғоялар шамоли даставвал шу қатламни сийпалаб ўтишга уринади. Бундай қалтис вазиятларда ота-оналарнинг устувор вазифалари ўз фарзандларини турли ёт ғоялар ва мафкуравий тажовузлардан асрамоқликдир.
 
Шавкатжон ХАЛИЛОВ,
Тошкент ислом институти талабаси