Кейинги йилларда хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солувчи халқаро терроризм ва наркобизнес каби глобал муаммолар бир ёки икки мамлакат доирасида ҳал бўладиган масала эмаслигини барча англаб етмоқда.   Ҳозирда ана шундай иллатларни давлатлараро ҳамкорлик асосида изчиллик билан бартараф қилиш муҳим бўлиб қолди.  Юртимизнинг тинчлиги мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорликни, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, фуқароларимизнинг осойишталигини таъминлаш билан узвий боғлиқ.  Мустақиллигимизга рахна солиши мумкин бўлган турли кучлар мавжудлиги бугун ҳаммамизга аён. Бу эса ҳар бир давлатда, ҳудудда, оилада, маҳаллада, бутун жамиятда ҳушёрликни оширишни талаб қилмоқда. 

Дин ниқоби остидаги террорчилар жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкиш каби салбий ҳолатларни авж олдириб, ватан равнақи ва Ислом дини ривожига рахна солишга уринмоқдалар. Шундай тоифалардан бири – ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати) ўз ғояларига эргашмаётган инсонларни қатл этмоқда, аҳоли гавжум жойларда худкушлик амалиётларини ўтказмоқда. Бу хатарли террорчи гуруҳнинг таркибида юз минглаб жангари бўлиб, аксарияти хорижлик нафс қулларидан иборат ёлланма кишилардир. 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи Сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги «имони»га Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳоланки, ўзи (Исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир” (Бақара, 204).
Парвардигор имонли кишиларга раҳм-шафқатли, меҳр-оқибатли ва тинчликпарвар бўлишни буюради. Террор эса бунинг аксидир. У ўз олдига шафқатсизлик, жабр-зулм, қотиллик ва азоб-уқубатларни мақсад қилиб қўяди. Уларнинг нияти қон тўкиш ва одамларга кулфат-алам келтиришдир. Шундай экан, бугунги кунда аср вабоси бўлмиш терроризм балосига қарши барча курашмоғи, уни таг-томири билан йўқ қилиб ташлаш учун астойдил ҳаракат қилмоғи зарур.
Чунки ҳар бир инсон ер юзида тинчлик ва адолат барқарор бўлиши учун Аллоҳ таоло олдида масъулдир. Ана шу масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда осойишталикни сақлашга барча ўз ҳиссасини қўшмоғи керак.
Сир эмаски, баъзи ёшларнинг зарарли ғоялар таъсирига тушиб қолишининг асосий сабабларидан бири ота-оналарнинг ўз фарзандларига нисбатан ўта лоқайдлигидир. Демак, доимо биз катталар ёшлар тарбиясида эҳтиёткор бўлишимиз, фарзандларимизни зарарли ғоялардан ўз вақтида ҳимоя қилишимиз давр талаби эканлигини сира унутмаслигимиз зарур.
 
Сирожиддин ЖАҲОНОВ, 
Китоб туманидаги “Хўжа Илмкони” 
жоме масжиди имом-хатиби