Юртимизда азал-азалдан фарзанд тарбияси, одоб-ахлоқига катта эътибор берилган. Қуръони карим, ҳадиси шариф ҳамда улуғларнинг ўгитларида инсон маънавий камолотининг асоси бўлган одоб-ахлоқ ва тарбиянинг барча жиҳатлари ўз ифодасини топган.
Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган мақол бор. Шунинг ўзидан ҳам ота-боболаримиз фарзандларнинг жисман ва маънан соғлом бўлишига қанчалик эътибор берганини билса бўлади. Ҳадиси шарифларда инсонларнинг яхшилари гўзал хулқли ва чиройли муомалали кишилар экани таъкидланади. Бир ўринда: “Ҳеч бир ота-она ўз фарзандига гўзал одобдан кўра яхши нарса қолдирмайди”, дейилади (Имом Термизий).
Демак, фарзанд неъматининг шукри унга яхши одоб, таълим-тарбия бериш билан адо этилар экан.
Фарзанд тарбияси яхши йўлга қўйилган юрт равнақ топади. Бугун мамлакатимизда  ёшларнинг илм олиб, ҳунар ўрганиши учун яратилаётган шароитлар ҳам келажагимизга қўйилган муносиб қадамдир. Чунки эртанги кунимиз билимли, салоҳиятли фарзандларимизга боғлиқ.
Муҳтарам Юртбошимиз таклифларига биноан 2016 йил мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди. Бу таклифни барча юртдошларимиз қатори биз – диний соҳа ходимлари ҳам беҳад мамнунлик билан кутиб олдик. Зеро, муқаддас динимиз онани авайлашга, бола туғилмасидан анча олдин унинг жисман соғлом, маънан етук бўлиши учун қайғуришга буюради.
Ислом таълимотида бола туғилганидан кейинги парваришига ҳам эътибор қаратилади, бола она сути билан озиқ­ланиши қанчалик муҳимлиги алоҳида таъкидланади: «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир» (Бақара, 233).
Ҳазрат Умар ибн Xаттоб (розияллоҳу анҳу) даврида фарзанд кўрган оилага ҳар бир туғилган бола учун давлат томонидан юз дирҳам миқдорида нафақа ажратилади. Улғайгани сайин нафақа миқдори ҳам кўпайиб борарди. Бу тартиб ҳазрат Усмон, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳум) давридан кейин ҳам давом этди. Мазкур маълумотлар ҳам динимизда ёш авлодга ғамхўрлик нафақат оила, балки жамият миқёсида аҳамиятли бўлганига далолат қилади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Боласининг яхши ишида кўмаклашган отага Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, деганлар (Ибн Xиббон).
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир аёл Ойша (розияллоҳу анҳо) ҳузурига келди. Ойша (розияллоҳу анҳо) унга уч дона хурмо берди. У болаларига бир донадан xурмо бериб, ўзига ҳам бир дона олиб қолди. Болалар хурмони еб бўлиб онасига қарашди. Шунда аёл xурмони иккига бўлиб, болаларига яримтадан берди. Ойша (розияллоҳу анҳо) воқеани Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га сўзлаб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нега ажабланасан? Зеро, аёлнинг фарзандларига меҳрибонлиги туфайли Аллоҳ ҳам унга раҳм қилади”, дедилар» (Табароний).
Ислом динида етимларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади, уларга меҳр ва мурувват кўрсатишга тарғиб қилинади. Жумладан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда шундай бўлади”, деб икки бармоқларини бир қилиб кўрсатганлар (Имом Термизий).
Ислом аёллар, кексалар ва гўдакларга, тинч аҳолига ва ҳатто мевали дараxтларга, ҳар қандай ҳолатда ҳам зарар етказмасликка ундайди. Бугун дунёда рўй бераётган қўпорувчилик, тинч аҳолини портлатиш ва ёш болаларни ўлдириш, улардан қурол ўрнида фойдаланиш каби ҳолатлар динимиз таълимотига мутлақо зиддир.
Шунинг учун, энг аввало, ўзимиз юртимиздаги тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиб, шукронасини қилиб, бу кунларга осонликча эришилмаганини унутмаслигимиз ва буни фарзандларимиз қалбига ҳам сингдиришимиз керак. Ёшлар – бизнинг келажагимиз, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор берсак, келгусида улар ўйлаганимиздек баркамол кишилар бўлишади, иншоаллоҳ.
Инсон борки, орзу-умидларга талпиниб яшайди. 2015 йилда халқимиз улкан марраларга эришди. Янги 2016 йилда эса мақсадлар янада юксак. Ана шу улуғвор мақсадлар рўёбига муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
 
Усмонхон АЛИМОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий