2015 йил 13 ноябрь куни Франция пойтахти Париж шаҳрида содир этилган мудҳиш террорчилик ҳодисалари оқибатида кўплаб кишилар ҳалок бўлди, қанчадан-қанча одамлар яраланди. Ушбу ҳодисанинг эртаси куни Париж майдонларида бўлган воқеа ҳаммани ҳайратлантирди. Бир ёш йигит бўйнига илиб олган лавҳада бундай сўзлар ёзилганди: “Кечаги воқеалардан сўнг одамлар менга: “Сен террорчисан!” дейишмоқда. Лекин террорчи эмасман, мен мусулмонман, бўлиб ўтган воқеалардан мен ҳам қаттиқ афсусдаман. Шу куни менинг туғилган куним эди. Қурбон бўлганларнинг оилаларига чуқур таъзия изҳор этаман. Ким менинг террорчи эмаслигимга ишонса, мени қучсин!” Одамлар лавҳадаги ушбу ёзувни ўқиб, уни қучоқлай бошладилар. Ҳатто мусулмон йигитнинг бу ишидан таъсирланиб, кўзи ёшланганлар ҳам бўлди.
Париждаги қабиҳ жиноятни “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) деб номланган жангарилар тўдаси “Буни биз қилдик”, деб бутун дунёга жар солмоқда. ИШИД террорчиларининг бузғунчи ғоялари, ёвуз мақсадлари, хуллас, асл башараси қандайлиги кўп бор баён этилди.
Энди бундай ёвузликларнинг ҳамма ҳам аҳамият беравермайдиган жиҳатларига ­эътибор қаратмоқчимиз.  Дин номидан амалга оширилаётган қўпорувчиликларнинг таг замирида ғанимларнинг дунё халқ­ларини қўрқитиш орқали Ислом динидан бездириш нияти ётганини теран англаш керак. Бу ҳодиса ҳозирги кунда “исломофобия” дейилмоқда.
 
Исломофобия – дин душманлари иши
2015 йилнинг 31 август куни муҳтарам Юртбошимиз “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида уламолар, жамоатчилик вакиллари билан суҳбатларида Ислом дини ниқоби остида амалга оширилаётган ваҳшийлик­ларнинг таг замирида кишиларни муқаддас Ислом динидан чўчитиш мақсади турганини чуқур англаш лозимлигини алоҳида уқтирдилар.
Бугун дин душманларининг хунрез­ликлари сабаб “исломофобия” ибораси кенг ёйилмоқда. Гарчи бу атамани илк бор XX аср бошларида шарқшунос олим Этьен Дине “Шарқ Ғарбнинг нигоҳида” номли асарида қўллаган бўлса-да, исломдан чўчитиш ҳаракати тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Муҳаммад (алайҳиссалом)­га пайғамбарлик келган илк йилларда ҳам мушриклар Ислом динини ёмонотлиқ қилиш, яъни исломофобия уруғларини сочиш учун турли қинғирликлар содир этишган. Жумладан, Қуръони карим ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаънларига номуносиб гапларни айтишган. Ваҳоланки, дин душманлари исломни қанчалик ёмон кўрсатишга уринишмасин, Аллоҳ ўз дини ва мусулмонларни азиз қилиб қўяверади. Зеро, Аллоҳ таоло: “Улар Аллоҳнинг нурини (исломни) оғизлари (беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир. У ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган зотдир”, деб таъкидлаган (Саф, 32–33).
Аллома боболаримиздан Сўфи Аллоҳёр­нинг ҳам шу маънодаги машҳур байтлари бор:
 
“Чироғиники, Ҳақ ёндирди-қўйди,
Ани ким “пуф” деди, соқоли куйди!”
 
Дин душманлари бу ҳақиқатни тан олмай, исломни обрўсизлантириш ҳаракатини давом эттирмоқда. Лекин улар мақсадларига етолмайди. Аллоҳ таоло бунга йўл қўймайди. Юқоридаги байтда таъкидланганидек, охир-оқибат ўзларини шармандаи шармисор қилади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, одамларни Ислом динидан қўрқитиш билан шуғулланувчилар – Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ёвуз кимсалардир. Модомики, улар ҳар қандай қабиҳ ишдан қайтмайди. Мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш, бўҳтон ёғдириш, кўп­лаб хунрезлик­лар содир этишдан ҳам тап тортмайди. Париж шаҳридаги қўпорувчилик­лар бунга яққол мисолдир. Бундай қинғирлик­ларни қандайдир кўринмас кучлар қўлида қўғирчоқ бўлаётган ИШИД каби тўдалар зиммасига қўйиб, муборак Ислом дини билан боғлашга ҳаракат қилинади. Бу каби ҳийлаларни кимлар қилиши Қуръони каримда очиқ баён этилган: “Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир” (Наҳл, 105), дейилади.
Ислом дини ва террор бир-бирига бутунлай қарама-қаршидир. Ислом бир инсонни ўлдириш у ёқда турсин, унга бироз озор беришдан ҳам қайтаради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир”, деб таъкидлаганлар.
Муқаддас динимизнинг маъри­фат­парвар ғоялари ва ҳаётбахш ўгит­ларини душманлар ўзларининг қо­ра мақсадларига етишларида тўсиқ деб билади ва уни таназзулга учратиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилади.
Улар бу мақсад йўлида ҳар қандай ёмонликни қилишга тайёрдир. Масалан, Европа давлатларида яшаётган мусулмон­ларни камситиш ва уларга нисбатан ­оммада нафрат уйғотиш учун дин номидан қўпорувчиликлар уюштирди. Бу эса учинчи томон хоҳлаган, ҳатто ўзи ташкиллаштирган жиноятлардир. Чунки омма олдида ислом ва мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш учун етарли баҳона керак эди. Бундай найранг кутилганидан ҳам ортиқ самара бергани учун учинчи томон шу хилдаги қинғирликларни кенг ёймоқда ва “такфир”, “жиҳод”, “шаҳидлик”деган тушунчаларни бузиб талқин этиб, ўз жиноятларини хаспўшлашга уринмоқда.
Дунё мусулмонларини обрўсиз­лан­тиришга уринишлар қанчалик пинҳона бўлмасин, дунёқараши кенг ва фикри теран кишиларни чалғита олмайди. Аммо бу каби ҳийла-найрангларнинг умри қисқа бўлса-да, улар ўз тузоғига айрим ғўр ёшларни илинтирмоқда, мана шундан эҳтиёт бўлиш керак. Муҳтарам Юртбошимиз ўз вақтида: “Энг ачинарлиси шундаки, бу ёвуз кимсалар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзларининг ифлос мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бу эса исломнинг инсонпарварлик ғояларини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда”, деб жуда тўғри таъкид­лаганлар.
Демак, террорчиликлар ортида турган исломофобия ҳаракатлари дин душманлари томонидан қора мақсадларни кўзлаб қилинаётган ёвузликлардир. Бундай фитналар сабаб омманинг эътибори чалғийди ва бузғунчилар халқни кўрсатилган “душман”га қарши гиж­гижлайди. Оқибатда шу йил 23 ноябрь куни Австралиянинг бир неча шаҳарларида бўлгани каби, турли жойларда исломга қарши намойишлар уюштирилади. Табиийки, бу ҳол мусулмонларга маъқул келмайди, икки ўртада зиддият, тўқнашувлар пайдо бўлади. Бундан фақат бир тараф, яъни ўша яширин иш кўраётган “учинчи қўл” фойда кўради.
 
Имом-хатибларга тавсиялар
Бугунги мураккаб даврда дин душ­манлари соғлом эътиқод асос­ларини бузишга ҳаракат қилаётган экан, имом-хатиблар ўз билим ва маҳоратларини тўла ишга солиб, муборак динимизни ҳимоя қилиш­лари зарур. Бу йўналишда қуйидаги долзарб вазифаларни амалга ошириш тавсия этилади:
 
Биринчи, халқимиз, айниқса, ёшларга дин душманлари томонидан шакллантирилган “Ислом давлати” каби жозибали шиорларга алданмаслик, уларнинг бу қилмиш­лари динга қувват эмас, балки болта ураётганини жонли мисоллар билан тушунтириш зарур. Маса­лан, ўзини “ислом давлати” номи билан атаб олгани билан қилаётган ишлари илоҳий таълимотга мутлақо зид бўлган ИШИД тўдасини ислом билан қандай боғлаш мумкин?! ИШИДчи газандаларнинг манфур ҳаракатлари сабабли исломофобия кайфияти кенг тарқалмоқда-ку. Бу билан дин душманларининг тегирмонига сув қу­йилаётгани кундай равшан. Инсон ҳар қандай бузғунчи кучлар фитналарига алданмаслиги ва ниҳоятда ҳушёр бўлишни таъкидлаб, Набий (алайҳиссалом)нинг: “Мўмин киши зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини кенг тарғиб этиш даркор. Демак, мўмин одам илм, тажриба ва фаросатда етук бўлиши лозим. У ишларнинг қайси бири фойдали, қайси бири зарарли эканини фаҳмлай билиши муҳим. Чунки мўмин асло лақма бўлмаслиги, ғанимларнинг алдовлари ва ширин ваъдаларига учиб қолмаслиги шарт.
 
Иккинчи, маълумки, Қуръони каримда бир бегуноҳ одамни ўлдириш бутун инсониятни ҳалок қилишга тенг экани таъкидланган. Бугун учинчи қўлнинг қўғирчоғи бўлган тўдабошига эргашган жоҳиллар дин номидан тинч аҳолини бомбардимон қилаётганини изоҳлаш даркор. Аллоҳ таолонинг:  “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар” (Бақара, 12), деган хитобини шарҳлаш лозим.
 
Учинчи, одамларни исломдан қўрқитиш, мусулмонларни ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш дин душманларининг кирдикорлари эканини кенг изоҳлаш. Ғаламис, бузғунчиларнинг Ислом динини обрўсизлантириш йўлида жуда кўп жиноятларни содир этаётганларини теран англаш даркор. Чунки бундай қабиҳликлар тагида мамлакат тинчлигига рахна солиш, одамларни бир-бирига қарши қў­йиш каби макр-ҳийлалар борлигини фош этиш керак. Бундай ёмон макр-ҳийланинг касофати уни уюштирган кимсаларнинг ўзига уради. Аллоҳ таоло “...Ёмон макр эса, фақат ўз эгаларини ўраб олур (ҳалок қилур)...” (Фотир, 43), деб огоҳлантирган.
 
Тўртинчи, дин ниқобидаги террорчи гуруҳлар ислом таълимотини буткул бузиб кўрсатмоқда. Қора мақсадлари йўлида ҳеч нарсани, динни ҳам, миллатни ҳам тан олмайдиган тўдаларнинг ваҳшийлик­ларини “исломнинг шартлари” сифатида талқин этишмоқда. Бироқ аслида бундай кирдикорлар учинчи қўлнинг “буюртмаси” эканини англаш керак. Инчунун, айрим террорчи ташкилотларнинг етакчилари эса хорижда  тажриба орттирганини айтиш мумкин.
 
Бешинчи, шу нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, айрим ёшлар бузғунчи оқимларга қўшилиб, “динга хизмат қиляпмиз” деб хато ўйлашади. Аслида улар тўс-тўполонларда қатнашиш билан дунё халқларини исломдан бездиришга “ҳисса” қўшишмоқда. Чунки бундай жоҳил ёшлар бузғунчилар ўйлаб топган, сохта “ислом давлати” ёки “халифалик” ортида пистирма борлигини, афсуски, англамаяптилар. Ёшлар бу каби кўзбўямачилик­ларни теран англаб, кўзларини каттароқ очиб, тезроқ тушуниб етишлари лозим.
 
Айдарбек ТУЛЕПОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари