Миллий қонунчилигимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади. Халқаро ҳуқуқ тамойилларига мос равишда ишланган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мақсади ҳам айнан шунга қаратилган.
 
Мазкур Қонуннинг 3-моддасига асосан ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс бола деб ҳисобланади.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг 1-моддасида ҳам ўн саккиз ёшга тўлмаган ҳар бир инсон бола ҳисобланиши қайд этилган.
Шу ўринда республикамизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларига тўхталиб ўтсак. 
Болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш зарур. Уларнинг мурғак қалбида ватанпарварлик, фуқаролик, бағрикенглик ва тинчликсеварлик туйғуларини шакллантириш муҳимдир. Болани Ўзбекистон халқининг тарихий ва миллий анъаналари, маънавий қадриятлари ҳамда жаҳон маданияти ютуқлари билан таништириш орқали унинг илмий, техникавий ва бадиий ижодкорлигини ривожлантириш керак. Болалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, болада ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, бола ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва нодав­лат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик қилиш, болаларнинг ижтимоий кўникмасига, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқ­бузарликларни  олдини олишга кўмаклашиш муҳим аҳамият касб этади.
Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, бола ҳуқуқларини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки ўзига хос хусусиятга эга. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда ва ҳимоя қилишда кўмаклашади, болага ёки унинг қонуний вакилига ҳуқуқий, услубий, ахборотга оид ва бошқа ёрдам кўрсатади.
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан, ота-она (улардан бири) ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-­оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб васийлик ва ҳомийлик органига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақлидир.
Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари шарт. 
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган бола тарбиясидек долзарб вазифани амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
 
Икромжон МАРДОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳуқуқшуноси