Ота-она бирор ишга қўл урса, кўз олдига энг олдин фарзандлари келади. Орзуларимиз, эзгу мақсадларимиз ҳам ўсаётган, камолга етаётган болаларимиз билан боғлиқ. Шу боисдан 2016 йилга “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилиши ўзидан ҳам кўпроқ эртасини ўйлайдиган халқимизнинг кўнглига ёқиб тушди. Албатта, йилнинг бундай номланиши бизни бежиз қувонтирмади. Чунки оналар ва болаларнинг соғлом бўлишига қаратилаётган эътибор Ислом дини ҳукмларига ҳам жуда мосдир.
 
Ҳазрати Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисдан маълум бўлишича: «Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирон оилада фарзанд туғилса, ўғил ёки қизлигини сўрамас эдилар. Балки: “Соғломми?” деб сўрар, “ҳа” дейишса, “Оламларнинг Рабби Аллоҳга шукр”, дер эдилар» (Имом Бухорий).
– Болаларимизни Аллоҳ таоло имонли, инсофли қилсин!
– Ўғил-қизларимиз Худо ёрлақаган бандалар қаторида бўлсин!
– Ёмон йўлдошдан, ёмон назар, ёмон сўзлардан асрасин!
Бу сўзлар ҳар куни дуога қўл кўтар­гани­мизда, йўлга чиқиш олдидан, оғир-енгил пайтларда айтадиган  истак-илтижо­ларимиз.
Демак, соғлом бола тарбиясини нимадан бошласак экан, деб ўйланишимизга ҳожат йўқ. Чунки ота-боболаримизнинг бу борада тутган йўриқлари катта ўрнак. Уларнинг фарзанд тарбиясида қўллаган услубларида одоб-ахлоқ, маънавий, жисмоний тарбия – ҳаммаси уйғун ҳолда шаклланиб, сайқалланиб, мукаммал ҳолатга келган.
Биргина миллий курашимизни олайлик. Боболаримиз ўғил болаларнинг суяги қотганидан бошлаб давраларда кураш туширишган. Кураш фақат жисмоний жиҳатдан чиниқтириб қолмай, балки уларга ҳалоллик, мардлик, тан бериш, ор-номус каби ҳамият билан боғлиқ фазилатларни ўргатган. Ёки шам ёруғида ўтадиган достонхонликларни олайлик... Бу фақат ўқиш ёки тинглаш соатлари эмас, достон қаҳрамонларидан бирга-бирга завқланиш, баҳодирлар ёвузларни кўтариб отишганида уйғонадиган жасорат, фахр туйғуларининг шаклланиш пайти эди...
Албатта, бугун вазият кечагидек эмас. Дарвозалар очиқ, майдонлар кенг. Олдинлари ўсаётган йигит-қизни асраш лозим бўлган бир-икки ёмон нарса бўлган, бугун уларнинг сони ҳам, номи ҳам кўп. Гиёҳвандлик, ОИТС, одам савдоси, турли оқимлар, миссионерлик... Бу балоларга сира парвосиз қараб бўлмайди. Улардан ҳамиша огоҳ бўлишимиз керак. Муҳтарам Юртбошимиз «Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз» асарларида: “Жондан азиз болаларимизни ўзгаларнинг номаъқул тарбиясига ва мудҳиш таъсирига ташлаб қўйиш – келажагимизга нисбатан кечириб бўлмас хиёнатдир!” деб таъкидлаганлар. Болани жисман ва руҳан соғлом қилиб тарбиялаш учун уларни севиш, меҳр кўрсатиш, меҳнатга ўргатиш билан бирга, ор-номус, ҳаё каби фазилатларга эга қилиб, эзгулик йўлига солиб қўйсак, келгусида миллат учун қайғурадиган инсонлар камолга етаверади.
“Соғлом она ва бола йили”ни ҳамма ўзимники деб қабул қилиши керак. “Бу йил меники, номига яраша салмоқли бўлишига мен ҳам ҳисса қўшишим шарт” деган ният ҳар бир қалбда уйғонса, иншааллоҳ, эзгу истакларимиз амалга ошади. Чунки биз болажон халқмиз.
 
Мўминжон УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 
Сирдарё вилоятидаги вакили