Юртимиз истиқлолга эришган илк йиллар эди. Мустақилликнинг биринчи кунларидаёқ йирик ижтимоий арбоб, олим Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асари чоп этилди. Бу китобни қўлга олган кунимдан онгимда улкан ўзгаришлар рўй берди. Мана, 24 йилки, у оғир-енгил кунларимда ҳамроҳ, ҳамсуҳбат, доно насиҳатчига айланди. Ўшандан бошлаб Муҳаммад (алайҳиссалом) кўз олдимда афсонавий шахс эмас, балки аниқ макон ва замонда яшаган ҳаққоний шахс сифатида гавдаландилар. Ҳақ динни ёйишда чеккан машаққатлари, турмуш тарзлари, айтган сўзлари, қилган ишлари... буларнинг бари мен учун бир умрлик ўрнак мактабига айланди.
Йигирма тўрт йилдан буён қайта-қайта ўқийман ва ҳар сафар бу муборак сийратнинг янги-янги қирралари намоён бўлади. “Нима учун дунёга келдим? Яшашдан мақсад нима? Ҳаёт мазмуни нимадан иборат?” каби саволларга қониқарли жавоб топа олдим. Асар соф ўзбек тилида ёзилгани билан ҳам ўзига ром этди. Муаллиф (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан рўй берган воқеаларни баён этибгина қолмай, балки уларни изоҳлаб, тўғри хулосалар чиқариш йўлларини кўрсатади.
Мени бу асар энг тўғри, энг нурли йўлга бошлади – Қуръони каримни, ҳадиси шарифларни ташналик билан ўргана бошладим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларини, Ислом, пайғамбарлар (алайҳимуссалом) тарихини ўрганишни хоҳлаган одам Қуръони карим, ҳадиси шарифларни билмай туриб бир қадам ҳам олға силжий олмаслиги ҳақиқат. Бу икки қутлуғ манба дунёнинг бесамар ғалваларидан чарчаган руҳу танимга озуқа бериб, тетиклаштирувчи халоскор эканини англадим. «...Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз!..» (Зумар, 53) ояти каримаси ва “Бешикдан қабргача илм изланг” ҳадиси шарифи мен учун дастуриламал бўлиб қолди.
Қаттиқ назорат остида бўлишига қарамай, Аллоҳнинг раҳматидан умид узмасдан, буюк жасорат кўрсатиб бу тарихни ёзган, чоп этилишига қаттиқ ишонган ва уни интизорлик билан кутган Соғуний ҳазратларидан миннатдор бўламан. У кишини Аллоҳ мағфиратига олишини, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) шафоатларидан насибадор бўлишларини дуоларимда сўрайман.
Ҳар гал қўлимга бу китобни оларканман, дил-дилимдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитоб қиламан: “Сизни пайғамбар қилиб юборган Аллоҳ таолога ҳамду санолар; Сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин! Сизни биздек илмсизларга танитган барча устозларимиздан, бунга имкон яратган раҳбарларимиздан Аллоҳ рози бўлсин”.
 
Озода АЪЗАМОВА,
“Чирчиқ” жоме масжиди имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси