“Юртимизда бугунги бунёдкорлик ишларимизда фаол қатнашаётган, давлатимиз сиёсатини қўллаб-қувватлаётган, ҳар ибодатида Ватанимиз тинч­лиги, халқимиз омонлигини Яратгандан илтижо қилиб яшайдиган миллионлаб соф ниятли мусулмонлар бор. Уларнинг ўз диний эҳтиёжларини бундан буён ҳам эмин-эркин адо этишлари учун ҳеч қандай монеълик килинмайди. Мен бунга асло йўл қўймайман”.
Ислом КАРИМОВ
 
Саховатпеша халқимиз топганини эл-юрт олдига қўйсам дейди, шундан завқланади. Тўй ёки эҳсон қилмаган ёки шундай тадбирларга бормаган ўзбек топилмаса керак. Ўзбекнинг ҳар бир яхши маросими маҳалласиз ва масжид имомларисиз ўтмайди. Зеро, Муҳтарам Президентимиз таъкидлаб ўтганидек: “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”.
Минг афсуски, халқимизнинг ана шундай маросимлари баъзи жойларда гоҳо диний илмларда чаласавод кимсалар бошчилигида ўтади.
Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми!” номли мақоласида бундай ёзади:
«Ҳозирги кунда жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда одамлар орасида “мулла” ёки “дом­ла” деб танилган чаласавод кимсалар зимдан фаолият олиб бораётгани кузатилмоқда. Масалани чуқурроқ ўрганиб, таҳлил қилсак, бу ишлар жуда хато, зарарли эканига амин бўламиз.
Чаласавод, яъни диний ва дунёвий илмларни эгалламаган, тегишли ҳужжат – шаҳодатномаси йўқ, ўзини ўзи “домла” деб номлаб, шаръий ҳукмларни билмаган, ҳатто оддий шаръий масалаларни ҳам англамайдиган ҳамда тафсир, ҳадис, фиқҳдан хабарсиз киши қандай қилиб намоз, рўза, закот, никоҳ ва талоқ каби нозик масалалар хусусида сўз юритиши ёхуд фатво бериши мумкин? Бу нарсалар ақлга сиғмайдиган ишдир.
Албатта, бундай чаласавод кишилар, аввал турли жойларда ишлаган, энди узун соқол қўйиб, салла-чопон билан, бир-икки оят ёки ҳадисни ёдлаб, ўзларича донолик қиладиган, ўзини “уламо” ёки “мулла” деб атайдиган кимсалар имомлик вазифаси қанчалик қийин ва масъулиятли эканини ҳис қилмайдилар».
Бугун юртимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамия­тини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви маълумотига кўра, ҳозирги пайтда мамлакатимизда мавжуд 9787 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида жами 36587 нафар ходим, жумладан, йиғин раиси, масъул котиб, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи ҳамда “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари самарали фаолият кўрсатяпти.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ва жойлардаги имом-хатиблар ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тарихан таркиб топган миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш, соҳага тааллуқли қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашдек масъулиятли вазифаларни тўлиқ адо этишлари даркор.
Ҳозирги кунда фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида ташкил этилган “uz” доменидаги ўндан ортиқ веб-сайтлар фаолият юритаётгани, улар орқали диний мазмундаги саволларга тўлиқ ва мукаммал жавоб олиш мумкин эканлиги тўғрисида тушунтириш ишларини янада кучайтирмоғимиз лозим.
 
Умид ХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси