Аллоҳ таолонинг инояти билан она диёримизга яна баҳор келди. Табиат уйғониб, озод ва обод Ватанимизга Наврўзи олам ташрифидан мужда бераётир. Эзгулик, меҳр-муҳаббат, хайр-саховат, шафқат айёми қалбларга олам-олам сурур, янгидан-янги умидлар бахш этмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан истиқлолимиз арафасида Наврўз байрами қайта тикланди. Мустақиллик йилларида эса бу байрам изчил ривожланди, такомиллашди, унинг мазмун-моҳияти бойиди ва эзгулик билан йўғрилган янги қирралари намоён бўлди.

Айниқса, муҳтарам Юртбошимизнинг “Наврўз – умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғриси”даги ҳар йили қабул қилинадиган Қарори айни эзгуликка ташна халқимизга қанот бўлмоқда.
Наврўз халқимизнинг азалий қадрият­ларидан биридир. Халқимизнинг ўз турмуш тарзи, эътиқоди, тили, миллий қўшиқлари, халқ ўйинлари, томошаю маросимлари кўп минг йиллик тарихга эга бу байрам табиатига ўзига хос руҳ бағишлаган. Ҳазрат Алишер Навоийнинг: “Ҳар тунинг Қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз” деган байтларига ҳамоҳанг ҳолда бу байрамда савобли амаллар, маънавий поклик улуғланади. Бу байрамни ҳар йили халқимиз интиқ бўлиб кутади.
Наврўз айёмида барчамиз шу кунларга етганимиздан суюнамиз, бир-биримизни қутлаймиз. Боболаримиз, момоларимиз баҳор хайрли келишини, мева-чевалар мўл бўлишини, хирмонларимиз донга тўлишини сўраб, Яратганга дуолар қилади. Айниқса, деҳқонларимиз учун бу байрам алоҳида аҳамият касб этади. “Ҳамал кирди – амал кирди”, деган мақол бежиз айтилмаган. Деҳқонлар ишидан бутун борлиқ манфаат олади. Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, ерга меҳр билан қанча ишлов берилса, экинлар ҳам баракали бўлади.
Шу кунларда маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари авж олган. Кўкламда атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлари, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий ҳашарларни уюштириш ҳам миллатимизга хос фазилатлардан. Бунда дарахтлар оқланиб, кўча-кўйлар тозаланди, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Атрофни ўзгача файз ва шукуҳ, поклик қамраб олади. Зеро, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳовли ва уй-жойларингизни озода тутинг­лар”, “Поклик имондандир”, дея умматларини доим покизаликка чорлаганлар.
Наврўз – дўстлик, оқибат, саховат, бағрикенглик байрами. Бу йилги Наврўз байрамида ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари ва унинг жойлардаги вакилликлари хайру саховат ишларига алоҳида эътибор қаратди. Касаллар, ногиронлар ҳолидан хабар олинди, ҳадялар улашилди. Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди. Меҳрибонлик уйларидаги болалар ҳолидан хабар олишга, кўнгилларини кўтаришга астойдил бел боғладилар. Байрам муносабати билан уларга турли совғалар улашилди. Байрам дастурхонлари тузалди.
Ҳар бир хайрия тадбирида идоранинг масъул ходимлари, ҳудуддаги жоме масжидлари имом-хатиблари қатнашдилар, бош-қош бўлдилар.
Парвардигоримиз кириб келган баҳор мавсумини, бутун йилимизни баракотли қилсин, яхши ниятлар билан ерга уруғ қадаётган халқимиз эзгу мақсадларига эришувида Ўзи мададкор бўлсин!
 
Усмонхон АЛИМОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари 
идораси  раиси, муфтий